Америка Қўшма Штатларининг аграр таълим йўналишларида таҳсил олиш имкониятлари муҳокама қилинди
Самарқанд давлат университети агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги факультетида АҚШнинг Юта давлат университетидан ташриф буюрган мутахассислар профессор Паул Рожерс ва Анне Ҳедрик билан факультет талабалари ўртасида давра суҳбати ўтказилди. Ушбу тадбирда Юта давлат университетида мавжуд аграр таълим йўналишлари ва мутахассисликлари, уларда таҳсил олишнинг имкониятлари ҳамда афзалликлари талабаларга яқиндан таништирилди. Шунингдек, университетдаги ўқув ва илмий-тадқиқот жараёнлари ҳамда талабалар ҳаётидан лавҳалар кўрсатилди.
Тадбир давомида АҚШ университетларида, хусусан Юта давлат университетида таҳсил олиш учун мавжуд грантлар ва дастурлар, уларни қўлга киритиш бўйича аниқ йўл-йўриқ ва кўрсатмалар берилди.
- Талабаларнинг аграр соҳага бўлган қизиқишларининг ортаётганлиги, инглиз тилини мукаммал ўрганиб, Юта давлат университетида ўқиш истагини билдирганлари мени қувонтирди. Ўйлайманки, улар орасидан Ўзбекистон аграр соҳасини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшадиган кўплаб етук мутахассислар етишиб чиқади, биз эса бу йўналишда ҳамкорликка тайёрмиз, - дейди Юта давлат университети профессори Паул Рожерс.
Тадбирда иштирок этган барча талабаларга Юта давлат университетининг эсдалик совғалари топширилди. Меҳмонларнинг чиқишлари талабаларнинг ўз устида ишлашлари ва билим олишларига бўлган иштиёқларини янада оширди.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.