2025 йил 6 ноябрь куни Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетига Бангладеш Халқ Республикасининг таълим вазири доктор Чоудҳурий Рафиқ ул Абрар бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.

    Ушбу делегацияни қабул қилиш маросими ноанъанавий тарзда, яъни “Таълим — барқарор ривожланиш учун” мавзусидаги анжуман шаклида бўлиб ўтди.
    Бангладеш Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳаммад Монирул Ислом ҳамда Бангладеш Халқ Республикасининг таълим вазири доктор Чоудҳурий Рафиқ ул Абрар иштирок этдилар.
Тадбирни Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов очди ва меҳмонларни самимий қутлади.
    Элчи Муҳаммад Монирул Ислом икки мамлакат ўртасидаги дўстона алоқалар ва таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш зарурлигини ҳамда Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари ва буюк мутафаккир олимлари қолдирган илмий меросларини алоҳида таъкидлаб ўтди. Шундан сўнг таълим вазири доктор Чоудҳурий Рафиқ ул Абрар “Таълим — барқарор ривожланиш учун” мавзусида маъруза қилиб, таълим тизимида барқарор ривожланиш тамойилларини жорий этиш, инновацион ўқитиш усуллари ҳамда илмий алмашинув имкониятлари, Бангладеш таълим тизими, халқаро лойиҳалар ҳамда талаба алмашинуви, икки мамлакат олимларининг тадқиқотлари хусусида тўхталди.

    Учрашув якунида Рустам Холмуродов Бангладеш делегациясига ташриф учун миннатдорлик билдириб, келгусида ўзаро илмий ва таълимий ҳамкорликни янада кенгайтириш, узоқ муддатли ўзаро манфаатли шерикликни мустаҳкамлаш, лаборатория ресурсларидан самарали фойдаланиш, Самарқанд давлат университети ва Бангладеш университетлари ўртасида стратегик ҳамкорликни йўлга қўйиш, бу орқали илмий тадқиқотлар, талаба алмашинуви ва ўқитувчилар учун семинарлар ташкил этиш, шунингдек, ЮНЕСКО ва Осиё банки грантлари билан молиялаштириладиган лойиҳаларни амалга ошириш истагини билдирди.