“Зарафшон”, “Самаркандский вестник”

газеталари Бош муҳаррири,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоси

Ф.И. Тошевга!

    Ҳурматли Фармон Исҳоқович!

    Сизни туғилган кунингиз билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман. Сизга узоқ умр, сиҳат-саломатлик, ижодий муваффақиятлар тилайман.

    Сиз Самарқанд давлат университетининг машҳур битирувчиларидан бири сифатида СамДУ жамоаси учун янада қадрлисиз. Сиз ўзингиз таълим олган университет шон-шуҳратини юксалтириш йўлида тинмай заҳмат чекиб келмоқдасиз.

    Бугунги кунда Сиз Самарқанд шоиру ёзувчилари, журналистлари учун ҳам том маънода устоз мақомидасиз. Сиз шогирдларингиз орасида республикада таниқли ижодкорлар борлиги билан ҳақли равишда фахрлансангиз арзийди.

    Сиз кўп қиррали ижодкор сифатида наср, назм, драматургия, адабий танқид, журналистика соҳаларида ҳам тинмай қалам тебратиб келмоқдасиз. Бу борада биз Сизни СамДУ филология факультети талабаларига доимо ўрнак қилиб кўрсатамиз.

    Сизнинг ижодий фаолиятингиз давлатимиз томонидан муносиб тақдирланганлигини алоҳида таъкидлашни истайман. “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист”, “Эл-юрт ҳурмати” ва “Меҳнат шуҳрати” орденлари Сизни узоқ йиллик хизматларингизнинг муносиб эътирофидир.  

    Сизнинг “Ялангтўш Баҳодир” номли саҳна асарингиз ва “Онанг тирик, болам”, “Мен ёмғирли кунда келаман”, “Қарнабота армони”, “Журналистнинг нони қаттиқ”, “Отамнинг сабоқлари”, “Умрнинг ўртаси”, “Ўзимдек яшашни истайман”, “Бедаво кўнгил”, “Соғинч”, “Омонат”, “Кўнгил билан суҳбат” номли китобларингиз халқимиз қалбидан чуқур жой олган.

    Сизнинг Бош муҳаррирлигингизда нашр этилаётган «Зарафшон», “Самаркандский вестник” газеталари ва Zarnews веб-сайти нафақат вилоятимизда, балки бутун мамлакатимизда ўз ўрнига, ўқувчиларига эга.

    Қадрли Фармон Исҳоқович!

    Етмиш ёш ҳали ҳаммаси олдинда дегани. Биз – самарқандликлар Сиздан янгидан-янги асарлар кутиб қоламиз. Аллоҳ умрингизга, ризқингизга, ижодингизга барака берсин.

 

Рустам Холмуродов,

Самарқанд давлат университети ректори,

Ўзбекистон Республикаси фан арбоби,

Олий Мажлис Сенати аъзоси.