Самарқанд давлат университети Муҳандислик физикаси, Биокимё, Инсон ресурслари ва маҳалла тараққиётини бошқариш институтлари 3-курс иқтидорли талабалари ва уларнинг ота-оналари учун учрашув ташкил этилди.

    Ота-оналар дастлаб фарзандлари таҳсил олаётган институтларда бўлишди. Яратилган шароитларни кўздан кечирди.

    Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов ғояси асосида яратилган фильм ота-оналар эътиборига ҳавола қилинди. 

    Фильмда оддий оила фарзандларини таълим-тарбия олиш орқали юқори натижаларга эришганлиги акс эттирилган. Мазкур фильм тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

    Фильм намойишидан сўнг Самарқанд давлат университети биринчи проректорлари Аҳмаджон Солиев ва Рустам Йўлдошевлар ота-оналар билан мулоқот қилди.

    - Фарзандим Бобур Самарқанд давлат университети Биокимё институтида ўқийди, - дейди Гулнора Фозилова. – Бугун ёшларга яратилган шароитларни кўриб ҳавас қилдим. Иқтидорли гуруҳ талабаларини ташкил этишибди. Бундан хурсандман. Болаларимизга янада яхшироқ эътибор қаратилмоқда. Фарзандим энг яхши университетда ўқиётганидан фахрланаман. Ёшларга берилаётган имконият учун Президентимиздан миннатдорман.

    - Мен 1994-1999 йилларда Самарқанд давлат университети география факультетида ўқиганман, - дейди Икром Пардаев. – Бугун ўғлим Оғабек Муҳандислик физикаси институтида ўқияпти. Мен бу институтнинг олдинги аҳволини жуда яхши биламан. Бугун кўриб ҳайратландим. Энг замонавий таълим даргоҳи бўлибди. Менга яна имконият берилганида СамДУ да қайта ўқиган бўлар эдим. Ота-оналар билан учрашувда фильм намойиш этилди. Мазкур фильм шахсан мен учун ибрат бўлди. Ота-онанинг роли бугунги фильмда аниқ қилиб ёритилган. Биз университет билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз.

    - Самарқанд давлат университети оилам учун қадрдон. Икки ўғлим Зуҳриддин ва Меҳриддин СамДУ Биокимё ва Муҳандислик физикаси институтларида ўқийди. Турмуш ўртоғим ҳам СамДУ ни тамомлаган, - дейди Фахриддин Қиличов. – Ўттиз йилдан ортиқроқ педагогик фаолиятим давомида таълим тизимига бугунгидек эътибор берилмаган. Бугун СамДУ хорижий университетлардан қолишмайди. Талабалар ва ота-оналар бунинг қадрига етиши керак. Университетнинг ота-оналар билан ҳамкорлиги манфаатли бўлишига ишонаман.

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати,

Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.