СОНИ ОРТМАСЛИГИ УЧУН МУТЛАҚО АРЗОН, ЗАРАРСИЗ ДОРИВОР ЎСИМЛИКЛАРГА ҚАЙТИШИМИЗ КЕРАК...

    Мутахассислар бонг уради

    Бугун дори-дармонлар бизнеси авжига чиққан замонда инсонлар ўртасида халқ табобати усулларидан, доривор ўсимликлардан фойдаланиш ҳам тобора камайиб бормоқда. Бугун шунчаки бош оғриғи безовта қилган одам ҳам бирданига дори ичишга тушади. Ҳолбуки, организмга қабул қилинган ҳар бир дори воситаси у ёки бу касалликка даво бўлиш билан бир қаторда, бирор зарарли таъсирини ўтказмасдан қолмайди.
    Хўш, бу борада инсонларни халқ табобатига қайтариш учун қандай чоралар кўриш керак, аҳоли орасида кўп тарқаладиган касалликларга шифо бўладиган доривор ўсимликлардан фойдаланиш усуллари қандай? Самарқанд давлат университети ботаника кафедраси олимлари бу борадаги саволларга жавоб берди:

    Бўстон Исломов, Самарқанд давлат университети ботаника кафедраси доценти, биология фанлари номзоди:
    -Самарқанд вилоятининг асосий доривор ўсимликлари Ургут туманида жойлашган Омонқўтон дараси ҳудудларида ўсади. Афсуски, кейинги пайтларда аҳоли ўртасида табиатга бўлган нотўғри муносабат туфайли доривор ўсимликларга жиддий зарар етмоқда. Бунинг натижасида кўп турдаги доривор ўсимликлар камайиб кетяпти, баъзилари йўқолиб бормоқда. Ташвиқот ишларини кучайтиришимизга қарамасдан маҳаллий аҳолининг табиат неъматларидан тўғри фойдаланмаслиги, доривор ўсимликларни қўллаш маданиятининг сусайиб кетганлиги оқибатида ушбу ҳудуддаги кўп ўсимлик турлари йўқолиб кетиш арафасида турибди.
    ​Президентимиз томонидан 2022 йилда Ургут туманининг Омонқўтон ҳудудида 1,5 минг гектар ер майдонида Миллий боғ ташкил этилди. Бундан кўзланган асосий мақсад тоғ ва тоғолди ҳудудларидаги ноёб Қизил китобга киритилган, йўқолиб кетиш хавфи остида турган ўсимликлар ва ҳайвонот дунёсини, ўрмон ресурсларини муҳофаза қилиш, кўпайтириш ва қайта тиклашдир. Ҳозирда Омонқўтон ҳудудининг маҳаллий аҳоли томонидан ўзбошимчалик билан ўзлаштириб олинган ҳудудларини миллий боғ таркибига қайтариш бўйича саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.
    Тадқиқот натижаларига кўра, Омонқўтон ҳудудида жами 1600 дан ортиқ турдаги ўсимликлар мавжуд бўлиб, шундан 800 га яқини доривор ўсимлик сифатида халқ табобатида фойдаланилади.
    Зизифора – кийикўт ўсимлиги халқ табобатида ниҳоятда шифобахш ҳисобланади. Аҳоли орасида асосан қон босимини туширишда ишлатиладиган мазкур доривор гиёҳ ошқозон-ичак, юрак хасталикларида ҳам фойдали. Кийик ўти қўшилган чой овқатни яхши ҳазм қилади, қон босими ва юрак фаолиятини мўътадиллаштиради. Халқ табобати усулида даволанганда томоқ оғриғида, меъда фаолияти бузилиши, кўнгил айниши, юрак санчиғи ва шу билан бирга асаб касалликларида ҳам тавсия этилади. Бундай фиточойлар иштаҳани очиб, овқат ҳазмини тезлаштириш, пешоб ҳайдаш хусусиятларига эга. Бундан ташқари буйрак, юрак, жигар ва ошқозон-ичак хасталикларини даволашда ҳам ишлатилади.    Илмий табобатда ўсимликнинг дамламаси ва препаратлари юрак-қон томирлари тизими иш фаолиятини яхшилашда, артериал қон босимини пасайтиришда ҳамда пешоб ҳайдовчи дори воситаси сифатида кенг қўлланилади. Томоқ оғриғида, балғам кўчиши қийин бўлганда ўсимлик барглари озгина асал билан дамлаб ичилса, ниҳоятда фойдали бўлади.
    Шунингдек, вилоятимиз шароитида ўсадиган Куҳистон феруласи, тоғрайҳон, эфедра, аронник (ит кучала), астрагал, бессмертник (ўлмасўт) каби ўсимликлар ҳам шифобахш ўсимлик сифатида халқ табобатида кенг қўлланилади. Бессмертник чойини ичиб юриш ҳар куни битта лимон ейиш билан баробар. Мазкур ўсимликдан халқ табобатида жигар, буйрак ва ўт йўллари касалликлари ҳамда ревматизм ва подаграни даволашда самарали фойдаланилади. Доривор ўсимлик ҳазм қилиш тизимини яхшилайди.
    ​-Йўқ бўлиб кетиш арафасида турган, лекин инсон саломатлиги учун фойдали бўлган қайси ўсимликларни айта оласиз?
    -Ҳозирги шароитда Қизил китобга киритилган ферула сумбул, яъни сумбул кавраги ўсимлиги ўтган асрнинг 50-60 йилларида Омонқўтон тоғларида ниҳоятда кўп учраган. Ота-боболаримиз бу ўсимликдан талқон тайёрлаб халқ табобатида кенг фойдаланган. Сумбул кавраги иммунитетни мустаҳкамловчи, организмни эрта қаришдан сақловчи, тетикликни оширувчи фойдали хусусиятларга эга. Бир кунда 2 мг ферула сумбул талқонини еган одамни ҳеч қандай касаллик безовта қилмайди.
    Афсуски, кейинги даврларда халқ табобати тижоратга айланди. Одамлар сумбул каврагини териб олиб, сота бошлади. Натижада, ҳозирги кунда Омонқўтон тоғларида бу ўсимлик буткул йўқолиб кетди.
    Шунингдек, ҳалвойи беҳ, яъни етмак ўсимлиги ҳам Омонқўтон тоғларида йўқолиб кетган. Ушбу ўсимлик илдизидан аҳоли нишолда тайёрлашда фойдаланади. Етмак бу билан бир қаторда кўплаб касалликларга шифо бўлувчи хусусиятга эга. Илгарилари Омонқўтон ҳудудларида бу ўсимлик кўп учраган. Аммо ҳозирда буткул йўқолиб кетган. Ҳозир вилоятимизга бу ўсимлик, асосан, Тожикистон тоғларидан келтирилади.

    Хислат Ҳайдаров, Самарқанд давлат университети ботаника кафедраси мудири, биология фанлари доктори, профессор:

    -Ҳақиқатан ҳам, бугун одамларни бирор касаллик безовта қилса, ўша заҳоти фармацевтик дорилардан фодаланишга тушадилар. Аслида, кўплаб касалликларга халқ табобати орқали, доривор ўсимликлар воситасида тез ва осон, энг муҳими, зарарсиз тарзда даво топиш мумкин.
    
    -Бугун дори-дармонлар бизнеси авжига чиққан замонда одамларни халқ табобатига, шифобахш ўсимликларга қандай қайтариш мумкин деб ўйлайсиз?

    Халқ табобати – вақт синовидан ўтган табобат. У орқали инсон фойда топса топадики, асло зарар кўрмайди. Халқимизни дори-дармонлар, фармацевтик препаратлардан ҳам арзон, ҳам хавфсиз, халқ табобати воситаларига қайтариш учун, энг аввало, аҳолини доривор ўсимликлар, уларнинг фойдали жиҳатларидан хабардорлигини ошириш зарур. Бу борада тарғибот-ташвиқот ишлари ҳам муҳим ўрин тутади.

    -Доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш бўйича Самарқанд давлат университети ботаника кафедрасида қандай тадқиқотлар олиб борилмоқда?!
    -Бугунги кунда Самарқанд давлат университети иссиқхонасида бир қатор доривор ўсимликлар ўстирилиб, уларнинг биологик хусусиятлари ўрганилмоқда. Бу борада тадқиқотчи олимларимиз томонидан биринчи навбатда йўқолиб кетиш арафасида турган доривор ўсимликларнинг интродукцияси, кўпайтириш усуллари ва биологик хусусиятларини ўрганиш, уларнинг уруғларини ўсимликлар йўқ бўлиб кетган ҳудудларга экиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
    Самарқанд давлат университети ботаника кафедраси қошида “Ибн Сино” илмий тадқиқот маркази ташкил этилган. Ушбу марказнинг мақсади Ибн Сино томонидан табобатда фойдаланилган ўсимликларни аниқлаш, ҳозирги номларини топиш, уларнинг биологик хусусиятларини ўрганиш, кўпайтириш, халқ табобатига татбиқ қилиш бўйича тадқиқотлар олиб боришга йўналтирилган. Бугунги кунга қадар Ибн Сино томонидан қўлланган доривор ўсимликларнинг қарийб 30 фоизини аниқлашга эришдик. Шунингдек, ботаника кафедрасида профессор ва олимлар томонидан доривор ўсимликларнинг биологик хусусиятларини ўрганиш бўйича 10 дан ортиқ тадқиқотлар олиб борилмоқда.

 

Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими
Ирода БЕКМУРОДОВА
суҳбатлашди.
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.