Умумий ўрта таълим мактабларининг битирувчиларини олий таълим муассасаларига жалб этиш мақсадида Самарқанд давлат университетида “Очиқ эшиклар куни” тадбири ташкил этилди. Мазкур “Очиқ эшиклар куни”да университетнинг ўқув ишлари бўйича проректори Шуҳрат Умидуллаев, ўқув бўлими бош мутахассиси Самад Толлибоев, университет маркетинг ва талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Мурод Ҳожиев, Самарқанд тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Шерзод Абулхайров, мактаблар фаолиятини мувофиқлаштириш шуъбаси методисти Мурод Мирзаев ҳамда Самарқанд туманидаги умумий ўрта таълим мактабларининг 180 нафар иқтидорли битирувчи ўқувчилари иштирок этдилар.

    Тадбирни Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти директорининг ўринбосари Тўлқин Самадов очди. Ўқувчилар институтда яратилган шароитлар, лабораториялар ҳамда хорижий университетлар билан ҳамкорликлар тўғрисида батафсил маълумотга эга бўлдилар. Шунингдек, улар Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институтида хориждан келиб фаолият юритаётган профессор-ўқитувчилар ҳамда хориждан келиб таҳсил олаётган талабалар билан яқиндан танишдилар.

    Шундан сўнг юридик факультети декани Раҳматилла Мирзаев, тарих факультети декани Рўзиқул Абриев, математика факультети декани Аҳмад Холхўжаев, география ва экология факультети декани ўринбосари Шаҳоб Ғаниев, Инсон ресурслари ва маҳалла тараққиётини бошқариш институти директори Шоҳруҳ Жўрақулов, Биокимё институти директори Сирож Ўроқов ҳамда Муҳандислик физикаси институти директори Аҳмад Абсанов тадбирда қатнашган ўқувчиларга Самарқанд давлат университети ва унинг тасарруфидаги институтларда олиб борилаётган тадқиқотлар, халқаро ҳамкорлик ва академик алмашинувлар, лабораториялар ва тадқиқот марказлари фаолияти, талабалар учун яратилган шароитлар ва мавжуд имкониятлар, шунингдек, археология, зоология, геология ҳамда қатағон қурбонлари музейлари ҳақида маълумот бердилар.

    Жумладан, Самарқанд давлат университетида ҳозирда 6 та институт, 6 та факультет ва 61 та кафедра мавжудлиги, 71 та бакалавриат йўналиши ва 49 та магистратура мутахассислиги бўйича мутахассислар тайёрланаётганлиги, 15 348 нафар талабага 1 111 нафар профессор-ўқитувчилар дарс бераётганлиги, университетнинг илмий салоҳияти 76,5 фоизни ташкил этиши ҳамда халқаро нуфузи ортиб бораётганлиги алоҳида таъкидланди.

    Тадбир якунида битирувчи ўқувчилар университетнинг ўқув хоналари, лабораториялари ва музейлари билан яқиндан танишдилар.