СЕРГЕ ҲАРОЧЕ: “САМДУ — ҚАДИМИЙ ВА ИСТИҚБОЛЛИ УНИВЕРСИТЕТ”
Самарқанд давлат университетига Нобел мукофоти лауреати Серге Ҳароче ташриф буюрди. Мартабали меҳмонни Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов ва бошқа масъуллар кутиб олдилар.
Серге Ҳароче — француз физиги, квант оптикаси ва квант физикаси соҳасидаги йирик олимлардан бири бўлиб, квант тизимларда ёруғлик ва модданинг ўзаро таъсирини тадқиқ этгани учун Нобел мукофотига сазовор бўлган.
Анжуман бошланишидан аввал нуфузли меҳмон "Самарқандим" – "My Samarkand" журналининг “Фахрий меҳмонлар китоби”га ўзининг дил тилакларини ёзиб қолдирди.
Шундан сўнг Самарқанд давлат университетининг мажлислар залида Нобел мукофоти лауреати Серге Ҳароче билан учрашув бошланди. Учрашувни университет ректори Рустам Холмуродов очиб берди ва меҳмоннинг илмий фаолияти ҳақида қисқача маълумот берди.
Квант оптикаси ва атом физикаси соҳасида дунёга машҳур олим Серге Ҳароче 1944 йил 11 сентябрда Марокашнинг Касабланка шаҳрида туғилган. Унинг оиласи 1956 йилда Францияга кўчиб ўтган. У Париж университетида таҳсил олган ва 1971 йилда Париж VI университетида физика бўйича докторлик диссертациясини ҳимоя қилган.
У америкалик олим Давид Ж. Винеланд билан ҳамкорликда индивидуал квант тизимларини ўлчаш ва бошқариш имконини берувчи инновацион экспериментал усулларни яратишга улкан ҳисса қўшган.
Серге Ҳароче Франциянинг Миллий илмий тадқиқотлар маркази (CNRS)да фаолият юритган, шунингдек, Стэнфорд, Ҳарвард ва Йель университетларида илмий ишлар олиб борган. 2001 йилдан бошлаб у Collège de Franceда квант физикаси профессори сифатида ишлаб келмоқда.
Тадбир доирасида Серге Ҳарочега Самарқанд давлат университетининг Фахрий профессори унвони берилди. СамДУ ректори Рустам Холмуродов унга тегишли гувоҳномани тантанали равишда топширди. Миллий анъаналарга мувофиқ меҳмонга тўн кийдирилиб, эсдалик совғалари тақдим этилди.
Серге Ҳароче ўз нутқида илмий фаолияти, тадқиқотлари, мавжуд муаммолар ҳамда квант физикасининг истиқболи ҳақида тўхталиб ўтди. У, айниқса, квант оптикаси ва атом физикаси ютуқларининг замонавий технологиялар тараққиётидаги ўрни ва аҳамиятини таъкидлаб, ёш тадқиқотчиларни ушбу соҳада фаол иш олиб боришга чақирди.
Тадбир якунида СамДУ ректори Рустам Холмуродов қизиқарли маъруза учун меҳмонга йиғилганлар номидан миннатдорчилик билдирди ҳамда унга "Самарқандим" – "My Samarkand" журнали ва эсдалик фотосуратларни совға қилди.

