Иқлимга мос қишлоқ хўжалиги бўйича дала семинари
Самарқанд давлат университети, Япониянинг Тоттори университети, JICA BLUE-SATREPS лойиҳаси ва Тойлоқ тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида ноанъанавий экинлар етиштириш тизимини яратиш орқали қишлоқ хўжалигида иқлимга чидамлиликни мустаҳкамлаш мавзусида дала семинари ташкил этилди.
Дала семинарида Тоттори университетининг вице-президенти Атсуши Тсунекава, Қишлоқ хўжалиги факултети декани Киня Акаши, Қурғоқчил минтақалар тадқиқотлари маркази директори Митсуро Тсубо, марказ етакчи ходими ва JICA вакили Такусабуро Кимура, профессор Рё Нишимура, Тоттори университетининг Самарқанд давлат университетидаги ваколатхонаси раҳбари Кристина Тодерич, JICA’нинг Ўзбекистондаги офиси вакили Озаwа Ёшико ҳамда СамДУ олимлари, Тойлоқ тумани фермерлари ва томорқа ер эгалари иштирок этди.
Мазкур тадбирда Тойлоқ тумани ҳокими Беҳзод Рахматуллаев сўзга чиқиб, бугунги кунда қишлоқ хўжалиги амалиётига янги ва инновацион технологияларни кенг жорий қилиш, қурғоқчиликка чидамли ноанъанавий экинлар етиштириш ҳамда аҳолини сифатли ва экологик тоза озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш энг муҳим масалалардан бири эканлигини таъкидлади. Шунингдек, у бу борада замонавий илм-фан ютуқлари ва илғор хорижий тажрибаларни татбиқ этиш устувор аҳамиятга эга эканлигини қайд этди.
Семинарда Самарқанд вилояти Тойлоқ тумани тупроқ-иқлим шароитида амарант, сетария, киноа каби ноанъанавий экинларни етиштириш имкониятлари ва маҳаллий аҳоли томонидан бу борада орттирилган тажрибалар хусусида фикр алмашилди. Тадбир давомида маҳаллий аҳоли томонидан ушбу экинлардан тайёрланган озиқ-овқат маҳсулотлари намойиш этилди. Иштирокчиларга ушбу маҳсулотларни кундалик истеъмолда қўллаш усуллари ҳамда уларнинг инсон саломатлиги учун фойдали хусусиятлари тўғрисида қимматли маълумотлар берилди.






