ХАЛҚАРО ИЛМИЙ-АМАЛИЙ СЕМИНАР
Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида “Сув ресурсларини бошқариш” мавзусида халқаро илмий-амалий семинар бўлиб ўтди. Ушбу тадбир сув ресурсларини бошқариш, уларнинг ҳудудий тақсимланиши, глобал иқлим ўзгариши шароитида юзага келаётган сув танқислиги муаммолари ҳамда дарё ҳавзаларида гидрологик жараёнлар ўзгаришини илмий ўрганишга бағишланди. Анжуманда СамДУ илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Ҳаким Хушвақтов ҳамда халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Акмал Аҳадов иштирок этди.
Бугунги кунда дунё миқёсида тоза ичимлик суви захираларининг камайиши, дарёлар табиий оқим сиғими ва режимининг бузилиши, суғориш тизимларида сув исрофининг ортиши, музликларнинг қисқариши ҳамда экологик мувозанатнинг издан чиқиши каби муаммолар тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Айниқса, Марказий Осиё минтақасида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, трансчегаравий дарёларни бошқариш ва сув таъминоти барқарорлигини таъминланиш энг муҳим вазифалардан биридир. Хусусан, Зарафшон дарёси ҳавзасида сув оқими шаклланиши, иқлимий омиллар таъсири, сув балансининг ўзгариши ва экологик хавфлар билан боғлиқ илмий масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Семинарда хорижий ва маҳаллий етакчи олимлар, тадқиқот муассасалари вакиллари ҳамда соҳа мутахассислари ўз маърузалари ва илмий натижалари билан ўртоқлашдилар. Жумладан, Нидерландиянинг Вагенинген университети (Wageningen University & Research) профессори, "Geo-information Science and Remote Sensing" лабораторияси раҳбари, халқаро эксперт, доктор Кирстен де Беурс, АҚШнинг “KPA Engineers” компанияси техник сув хўжалиги директори, техника фанлари доктори Асқарали Каримов, Германиянинг GFZ Helmholtz Centre маркази вакили, Марказий ва Жанубий Осиё, Европа ҳамда Жанубий Америкада кенг қўлланиладиган MODSNOW тизими муаллифи, гидролог Аброр Ғафуров, Халқаро сув ресурсларини бошқариш институтининг (IWMI) Марказий Осиё бўйича минтақавий менежери, доктор Ойтўра Анарбеков, Қурғоқчил ҳудудларда қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари халқаро маркази (ICARDA) ва IWMI халқаро эксперти Зафар Ғафуров ва бошқалар маъруза қилдилар.
Тадбир якунида илмий асосланган таклифлар билдирилиб, келгусидаги ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди.


