СамДУда янги халқаро илмий-тадқиқот маркази
Самарқанд давлат университетига Япониянинг Тоттори университети делегацияси ташриф буюрди. Делегацияга Тоттори университетининг вице-президенти Атсуши Цунекава раҳбарлик қилмоқда. Делегация таркиби қишлоқ хўжалиги факультети декани Киня Акаши, қурғоқчил минтақалар тадқиқотлари маркази директори Митсуро Цубо, марказнинг етакчи ходими ва JICA вакили Такусабуро Кимура ҳамда профессор Рё Нишимуралардан иборат.
Япон олимлари делегациясини Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов қабул қилди.
Учрашувда университет олимлари ва соҳа мутахассислари иштирок этдилар. Музокараларда Марказий Осиёнинг, шу жумладан Ўзбекистоннинг қурғоқчил минтақаларида регенератив қишлоқ хўжалиги йўналишида ҳамкорликда тадқиқотлар олиб бориш, Самарқанд давлат университети базасида “Desert Center of Excellence (DCE)” номли халқаро илмий-амалий марказни ташкил этиш, қурғоқчил ҳудудлардаги табиий ресурслардан барқарор фойдаланиш орқали минтақада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда экологик мувозанатни сақлаш масалалари муҳокама қилинди. Ушбу марказ айнан шу йўналишларда фаолият олиб бориши билан минтақада биринчи ва ягона экани таъкидланди. Учрашув якунида муайян келишувларга эришилди.
Япониялик олимлар Самарқанд давлат университетининг Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти кампусида бўлиб, институтда амалга оширилаётган қурилиш ишлари билан яқиндан танишдилар.









