Самарқанд давлат университетида адабиётшунос олим Ғафуржон Маҳмудов хотирасига бағишланган “Муаллим ва муҳаррирга эҳтиром” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

    Унда Самарқанд илмий-адабий муҳити жамоатчилиги, СамДУ профессор-ўқитувчилари ҳамда Ғафуржон Маҳмудовнинг оила аъзолари иштирок этди.

    Анжуманни Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Рустам Холмуродов кириш сўз билан очди. Шундан сўнг, Тожикистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Абдужаббор Раҳмонзода ZOOM платформаси орқали иштирок этиб, конференция ишига ривож тилади.

    -Бугунги кунда ўтмиш ва яқин ҳаётимизда ўзининг илмий, адабий мероси билан алоҳида мавқега эга бўлган таниқли ижодкорлар, илм-фан намояндаларининг ҳаёти, ижоди, илмий-адабий меросини чуқур ўрганиш ва мазмун моҳиятини, ибратли ҳаёт саҳифаларини кенг жамоатчиликка етказиш, ёш авлод вакиллари орасида тарғиб ва ташвиқ этиш ҳамда шу орқали ёшларни эзгулик руҳида тарбиялаш бўйича кўпгина ишлар амалга оширилмоқда, - дейди  Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Рустам Холмуродов, - Бу борада Президентимиз таъкидлаганидек, буюк аллома ва адибларимиз, азиз авлиёларимизнинг бебаҳо мероси, енгилмас саркарда ва арбобларимизнинг жасоратини ёшлар онгига сингдириш уларда миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини кучайтириши айни ҳақиқат. Ғафуржон Маҳмудов Самарқанд давлат университетидан етишиб чиққан адабиётшунос олим, публицист ва муҳаррирдир. Айтиш мумкинки, унинг камолотга етишиши, филолог олим сифатида фаолият олиб боришида университетнинг ўрни катта. Ғафуржон Маҳмудов жадид адабиётида ўзбек ва тожик адабий алоқалари, икки халқ адабиётида маърифатпарварлик ғоялари мавзуларида илмий тадқиқот олиб борган. Таъкидлаш жоизки, маънавият ва маърифатнинг фаол тарғиботчиси бўлган, Самарқанд филологлар мактаби ривожига, халқлар дўстлиги ва адабий алоқалар такомилига улкан ҳисса қўшган етук адабиётшунос олим Ғафуржон Маҳмудов илмий меросини кенг ўрганиш, асарларида илгари сурилган илмий қарашларнинг мазмун-моҳиятини тарғиб этиш бугун бизнинг олдимизда турган муҳим вазифадир. 

    Конференция давомида Самарқанд давлат университети профессор-ўқитувчилари Ғафуржон Маҳмудовнинг илмий-педагогик ва журналистик фаолияти ҳақида маърузалар қилди.

    Шунингдек, анжуманда Жомбой тумани ҳокими Қаюм Собиров Ғафуржон Маҳмудов хотирасига бағишланган маърузаси билан иштирок этди. Шундан сўнг, Қаюм Собиров Самарқанд давлат университетига “Жомбой: Кеча - бугун – эртага” китобини совға қилди.

    Мазкур конференция адабиётшунос олим Ғафуржон Маҳмудов хотирасини абадийлаштириш, олим илмий меросини ёш авлодга етказиш ва устоз ёдига эҳтиром кўрсатишнинг муҳим ифодаси бўлди.

Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.
Шавкат Акрамов олган суратлар.