Самарқанд давлат университетида маърифатпарвар жадид Саид Ризо Ализода таваллудининг 135 йиллиги муносабати билан “Саид Ризо Ализода – муҳаррир, таржимон олим ва маърифатпарвар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.

    Олимлар, фан ва таълим вакиллари, Самарқанд давлат университети илмий жамоатчилиги, Тожикистон, Эрон, Покистон, Озарбайжон илм-фан намояндалари ҳамда талабалар иштирок этди.

    Анжуманни Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Рустам Холмуродов кириш сўзи билан очди. Шундан кейин Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Хуршид Очилов вилоят ҳокимининг табрик сўзини ўқиб эшиттирди.

    Конференция давомида маърифатпарвар олимнинг илмий ва ижодий мероси, маориф ва таржимачилик соҳасидаги фаолияти ҳақида билдирилган фикрлар ва олим хотирасини абадийлаштиришга оид таклифлар ўз маърифатпарварлик ғоялари билан нафақат Самарқанд ва Туркистон ўлкасида, балки бутун Шарқда маълуму  машҳур маърифатпарвар олим, журналист ва таржимон Саид Ризо Ализода хотирасига эҳтиромнинг ўзига хос намунаси бўлди.

    -Ўтган асрнинг бошларида маърифатпарвар боболаримиз халқни ғафлат уйқусидан уйғотиш, ҳурлик ва эркинлик, илм эгаллаш ва ўзликни англаш ғоялари асосида ўзига хос ҳаракат “жадидчилик” ҳаракати номи остида маърифий кураш майдонига чиқди, - дейди Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов. -Уларнинг асосий мақсади халқни жаҳолат чангалидан қутқариш, илм асосида халқ онгига эркинлик ва маърифат ғояларини сингдириш эди. Саид Ризо Ализода ана шундай маърифатпарварлардан бири.  У бутун ҳаётини миллатни тараққиёт ва маърифат сари етаклашга бағишлади. Халқимизнинг ўша пайтдаги ҳолатида ягона нажот илм-маърифат йўли эканлигини теран англаган ҳолда янгича таълим усулларини тарғиб қилди. Шунингдек, унинг Самарқанд давлат университетида фаолият юритиб, талабаларга  араб ва форс тилларидан дарс берганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

    -Бўлиб ўтган анжуманни кузатар эканман, гўё шу давра ичра бобомнинг миннатдор руҳи кезиб юргандай бўлди, - дейди Саид Ризо Ализоданинг набираси Фарҳод Ализода, - Бундан 20 йил муқаддам худди шу залда Саид Ризо Ализода таваллудининг 115 йиллиги кенг нишонланган эди. Унда ўша вақтлар вилоятимиз раҳбари бўлган Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳам  иштирок этган эди. Бугунги анжуманни кўриб ўша воқеалар ёдимга тушди. Орадан шунча вақт ўтган бўлишига қарамай,  бобомнинг ёди ҳамон қалбларда мангу яшаб келяпти. Саид Ризо Ализода қолдирган меросни тўла-тўкис ўрганиб чиқиш, тарғиб қилишга жуда кўп йиллар керак. Аммо бугунги анжуман қисқа фурсатда ана шундай шарафли вазифанинг муайян қисмини бажара олди, деб ўйлайман.

 

Ирода Бекмуродова

Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат Акрамов олган суратлар.