- Спортчилар оиласимиз. Ота-боболаримиз кураш билан шуғулланган. Ўғлим, Давлат юзимни ёруғ қилди, - дейди спортчининг отаси Ҳусниддин Бобонов. - Ўн беш йил кураш  бўйича ўқиди. Икки марта Осиё чемпиони, “Токио-2020” Олимпиадаси совриндори, 2021 йилги Жаҳон чемпионатида кумуш медаль соҳиби, Жаҳон чемпиони. Мен учун бундан ортиқ бахт йўқ. Бугунги ҳар бир баҳсини ҳаяжон ила кузатдим. Айниқса, ярим финалда грузиялик полвонга қарши курашиши мени кўпроқ хавотирга солди. Сабаби, “Токио-2020” ярим финалида иккаласи тўқнаш келганида, грузиялик спортчининг қўли баланд келиб, Олимпиада чемпиони бўлганди.  Финалда ҳам кучли рақиб кутиб турган эди.  Финал баҳслари бошланишига бироз вақт қолганда, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташриф буюриши барчани ҳайратлантирди.  Давлатда икки карра масъулият ортганини сездим. Чунки бу ерда фақат Ватан шарафи эмас, балки Президентнинг ишончини оқлаш ҳам бор эди. Финалдаги рақиби италиялик Кристиан Парлатига иккинчи марта дуч келиши, икковида ҳам ғалаба қозонди…

    - Мусобоқа бошланганига 4 кун бўлди. Менгача ўндан ортиқ жамоадошларим иштирок этди, - дейди жаҳон чемпиони Давлат Бобонов. – Минг афсуски улар имкониятни бой бериб қўйишди. Бу барчамиз учун оғриқли бўлди. Чунки, ушбу мусобақага кучли тайёргарлик кўрган эдик. Шундай бўлишига қарамай кайфиятимни тушурмадим.  Мусобақа бошланди. Илк рақибим аниқ, лекин кейингилари айнан кимлиги номаълум эди.  Ярим финал бироз қийин кечди. “Токио-2020” Олимпиадаси чемпиони билан курашишга тўғри келди. Ўтган сафар Японияда кечган нуфузли мусобақада унга ютқазиб қўйган эдим. Татамига чиқар эканман, фақат  ғалаба ҳақида ўйладим. Ниҳоят, уддасидан чиқдим. Мен ғалаба қозондим. Финал. Мен учун яна бир қадам қолди. Ишончим ортиб борса ҳам, хавотир бор эди. Кутилмаганда, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мусобақага келганлигини эшитдим. Энди хато қилишга ҳаққим йўқлиги ва халқимиз ишончини оқлашим кераклигини яна бир бор англадим. Ҳайқириқлар, олқишлар мени янада руҳлантирди. Ниҳоят, мен уддаладим. Президентимиз олдида юзим ёруғ бўлди. Энг қувонарлиси тақдирлаш маросимида  Президентимиз Шавкат Мирзиёев  менга олтин медални топширди. Бу тарихий кун.  Мен бугун бахтиёрман. Олдимда яна бир мусобақа бор. Худо хоҳласа “Париж-2024” Олимпиадасида ҳам бугунгидек ғалаба қозонаман. Мени билан машғулот ўтаган барча мураббийларимга, биринчилардан бўлиб табрик юборган Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Рустам Холмуродовга миннатдорлик билдираман.

Беҳруз ШАМСИДДИНОВ

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими.