Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот котиби Шерзод Асадов иштирокида навбатдаги брифинг ўтказилди. –Ҳафта бошида шу кунлардаги муҳим тадбир – Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити ҳақида қисқача маълумот берган эдик. Бугун саммит доирасидаги тадбирлар бошланаётганини инобатга олиб, сизлар билан яна бир бор учрашишга қарор қилдик,– деди Ш.Асадов. – Бугун эрталабдан Самарқанд шаҳрига хорижий меҳмонлар келишни бошлади. Хусусан, ҳозиргина илк меҳмонимиз – Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух Самарқандга етиб келди. Шунингдек, айни дақиқаларда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби ўринбосари Розмари Ди Карлонинг ташрифи кутилмоқда.
Хабар берилганидек, бугун Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисийнинг расмий ташрифи бошланади. У Самарқандга куннинг иккинчи ярмида етиб келади, олий даражадаги музокаралар бугуннинг ўзида бўлиб ўтади. Учрашув якунида савдо, кооперация, инновациялар, транспорт, энергетика, туризм ва бошқа йўналишларда ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.


    Шунингдек, бугун куннинг иккинчи ярмида Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ва Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровлар ҳам Самарқандга етиб келади.


    Қолган барча меҳмонлар ташрифи эса эртага, 15 сентябрь куни кутилмоқда. Ва шу куни кўплаб икки томонлама музокаралар режалаштирилган. Кечга яқин ШҲТ саммитининг норасмий тадбирлари бошланади.


    Асосий тадбир эса 16 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида янги туризм марказидаги Конгресс холда бўлиб ўтади.


    Самарқанд саммити дозларб минтақавий ва глобал мавзуларга бой кун тартибига эга бўлиши, унинг якунлари бўйича ШҲТ доирасида кўп томонлама ҳамкорликни янада кучайтириш имконини берувчи муҳим, қолаверса, тарихий аҳамият касб этувчи қарорлар ва ҳужжатлар бўлиши кутилмокда.


    Саммит ШҲТ ўзаро боғлиқликдаги дунёда очиқ ва кенг ҳамкорликни илгари сурувчи, давлатлар ўртасида дўстона, ўзаро тенг ҳуқуқли ва манфаатли серқирра алоқаларни кенгайтиришга хизмат қилаётган нуфузли ташкилот эканлигини тасдиқлаб бериши кутилмоқда.