СамДУ магистри Устозлар Миллий форумида эътироф этилди

Бугун Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида янги ўқув йили олдидан вилоят халқ таълими ходимларининг анъанавий Устозлар Миллий форуми ўтказилди. Унда вилоятимиз халқ таълими тизимининг бугунги ҳолати, истиқболдаги режа ва вазифалар, янги ўқув йилига тайёргарлик масалалари муҳокама этилди.
Тадбирда Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ҳам иштирок этиб, мамлакатимиз таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, педагогларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ўқитувчиларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, уларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳақида нутқ сўзлади. Шунингдек, тизимдаги мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш усуллари ҳақида ўз фикрини баён этди.
Форум доирасида ўтган ўқув йилида ўз ташаббускорлиги билан фаол бўлган, ўқувчилари республика, вилоятимиз миқёсидаги фан олимпиадаларида фахрли ўринларни эгаллаган ўқитувчилар тақдирланди.
Хусусан, ушбу форумда Самарқанд давлат университети магистри, Пастдарғом туманидаги 83-мактабнинг олий тоифали тарих фани ўқитувчиси Ойбек Исматов халқ таълими тизимида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этишдаги фаол иштироки ва таълим сифатини оширишга қўшаётган муносиб ҳиссаси учун Самарқанд вилояти ҳокимининг ташаккурномаси ва эсдалик совғаларига эга бўлди.
- Устозларим қаторида менинг ҳам ушбу эътирофга лойиқ кўрилишим, албатта, мен учун ҳам шараф, ҳам ажойиб бир руҳлантириш бўлди, - дейди Ойбек Исматов. – Ўтган ўқув йили биз учун омадли келди. Ўқувчиларимиз вилоятимизда ўтказилган фан олимпиадасида иккинчи ўринни, “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик” шиори остидаги ёшлар фестивали доирасида ўтказилган “Вилоят ҳокими фан олимпиадаси” да эса фахрли 1-ўринни қўлга киритди. Ёш педагог кадрларнинг ҳам меҳнатларини муносиб эътироф этилиши бу юртимиздаги таълим ислоҳотларининг ёрқин бир далили бўла олади.
Отабек Сагдуллаев,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.