Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида умумтаълим мактаблари битирувчи синф ўқувчилари учун физика, информатика ва математика фанларидан “Самарқанд давлат университети фан олимпиадаси” ўтказилди.

    Мазкур билимлар синовида вилоятимиздан жами 3774 нафар битирувчи ёшлар иштирок этди. Университетда ўтказилган сўнгги босқичда жами 48 нафар ўқувчи ўз билимларини синовдан ўтказди. Қувонарли томони ушбу олимпиадада ғолиб бўлган иштирокчилар Самарқанд давлат университетига ўқишга қабул қилинади.

    Олимпиадани Самарқанд давлат университети илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Ҳаким Ҳушвақтов кириш сўз билан очиб, барча қатнашчиларга омад тилади.

    - Олимпиаданинг ҳудудий ва туман босқичларида муваффақиятли иштирок этдим, - дейди Каттақўрғон шаҳри 11-ИДУМ ўқувчиси Эъзоза Элмонова. – Университет босқичи жуда ҳам қизғин руҳда ўтмоқда. Саволлар яхши тузилган. Илмий жумбоқлар билан биргаликда одамни ўйлашга, фикрлашга ундайдиган мантиқийлари ҳам бисёр. Ушбу олимпиадада ғолиб бўлган иштирокчилар Самарқанд давлат университетига имтиҳонсиз ўқишга қабул қилиниши биз ёшлар учун яратилган катта имкониятлардан бири. Бунинг учун СамДУ раҳбариятига ўз миннатдорлигимизни билдирамиз.

    - Президентимиз томонидан илгари сурилаётган ташаббусларнинг энг илғор ижрочиларидан бири бу Самарқанд давлат университети, - дейди Қўшработ тумани 35-мактаб директори Баҳром Бобоназаров. – Олдин ёшларимиз учун бундай имконият қайда эди. Бугунги олимпиада болаларимизни ўқишга бўлган қизиқишини янада оширишга, уларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. Мен ўқувчиларимнинг кўзида ўзларига бўлган ишончнинг янада ортаётганини кўриб, роса ҳам қувондим. 

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.

Шавкат Акрамов олган суратлар.