Самарқанд давлат университети инсон ресурсларини бошқариш факультети магистранти Моҳигул Мажидова “Рақамли иқтисодиёт шароитида ахборот хавфсизлигининг криптографик жиҳатдан ҳимояланишининг турли хил усуллари ва аҳамияти” мавзусида илмий тадқиқот олиб боради. Мазкур йўналишда 10 га яқин мақолалари республика ва халқаро нашрларда чоп этилган. Илмий раҳбари иқтисод фанлари номзоди Зиёвуддин Бакаев.

    – Олий таълимда ўқув жараёнини ташкил этишда инновацион технологияларнинг роли кун сайин ортиб бормоқда, - дейди Моҳигул Мажидова. - Масофавий технологиялардан фойдаланиш замонавий таълимнинг имкониятларини янада кенгайтирди. Бугунги кунда Ер куррасининг исталган жойидан туриб, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари имкониятидан фойдаланган ҳолда таълим олиш мумкин. Зеро анъанавий таълим ўз мавқеини сақлаб турса ҳам, кейинги пайтларда масофавий ўқитиш технологиялари кундан-кун оммавийлашиб бормоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда янги жаҳон ахборот-таълим муҳитига интеграллашишга йўналтирилган таълим тизими барпо этилмоқда. Бу таълим жараёнини ташкил этишда замонавий техник имкониятларга жавоб берадиган сезиларли ўзгаришлар билан кузатилмоқда. Замонавий ахборот технологияларининг таълим соҳасига кириб келиши таълим усуллари ва ўқитиш жараёнини янгича ёндашув асосида ташкил этиш шаклларини сифатли равишда қулайлаштириб, ўзгартириш имконини бермоқда. Ахборот-коммуникация технологиялари таълим тизимини модернизатсиялаштириш жараёнининг энг муҳим қисмидир.

    Тадқиқотчи мазкур мавзу бўйича АҚШ, Россия каби давлатларда ўтказилган конференцияларда қатнашган. Республика миқёсида ташкил этилган “Бир миллион дастурчи” танловида муваффақиятли иштирок этиб, 1-даражали диплом билан тақдирланган. 2021 йил ноябр ойида  Жанубий Корея ва Ўзбекистон ҳамкорлиги доирасида ташкил этилган халқаро “Энтрй” дастури бўйича танловда ғолиб бўлиб, Кореяда малака ошириш учун ажратилган 3 та грантдан бирини ютиб олган. Июл ойида республиканинг бир қатор иқтидорли ёшлари билан биргаликда Жанубий Кореяга малака оширишга юборилиши режалаштирилган.

    Моҳигул илмий фаолият билан бир қаторда, Оқдарё туманидаги 47- ихтисослаштирилган давлат мактабида информатика фанидан дарс беради. Жорий йилнинг январ ойида туман халқ таълими бўлими тасарруфидаги умумий ўрта таълим мактабларининг информатика ва ахборот технологиялари фани ўқитувчилари ўртасида ўтказилган танловда 2-ўринни қўлга киритган.

 

Ирода Бекмуродова

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими.

Шавкат Акрамов олган суратлар.