2022 йил, 5-6 май кунлари Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон География жамияти, Россия географ-ўлкашунослар жамияти (АРГО), Қирғизистоннинг Ош давлат университети билан ҳамкорликда “Марказий Осиё ва қўшни минтақалардаги трансчегаравий ҳудудлар: ҳамкорлик имкониятлари ва муаммолари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилади.

    Инсоният янги минг йилликлар бўсағасида ғайритабиий ўзгаришлар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг мавжудлиги билан боғлиқ мисли кўрилмаган муаммоларга дуч келди. Афсуски, ўтган асрнинг иккинчи ярмида амалга оширилган йирик трансчегаравий дарёлар оқимини ўйламай тартибга солиш, экологик жиҳатдан ифлосланган саноат объектларини барпо этиш, экстенсив қишлоқ хўжалигини юритиш минтақамизни экологик ҳалокат ёқасига олиб келган Марказий Осиёда ҳам, афсуски, бу таҳдидлар кескин намоён бўла бошлади.

    Бунинг яққол тасдиғи қуриб бораётган Орол денгизининг ҳалокатидир. Деярли бир авлоднинг кўз ўнгида бетакрор гўзал денгиз шиддат билан қуриб бораётган сув ҳавзасига айланди. Унинг қуриган туби аҳоли саломатлиги ва генофондига салбий таъсир кўрсата бошлади. Қишлоқ хўжалиги ерлари, ўсимлик дунёси ва фаунасининг деградациясига олиб келмоқда.

    Бугун барчамизнинг олдимизда муҳим вазифа – табиатни ҳозирги ва келажак авлод учун асраб-авайлаш вазифаси турибди.

    Шу муносабат билан Ўзбекистонда халқимизнинг орзу-интилишларини инобатга олган ҳолда, халқаро экологик ташкилотлар, йирик олимлар билан ҳамкорликда табиатни асраш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, трансчегаравий ҳудудлар табиий ресурсларидан ҳамкорликда фойдаланиш, иқтисодий алоқалар, яқин қўшничилик, савдо-сотиқ, халқаро логистика каби муаммоларни илмий асосда ечимини топишни ҳаётнинг ўзи тақоза этмоқда.

    Минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ўзаро ишончни кучайтириш, мавжуд муаммоларни ўз вақтида ҳал этишнинг муҳим механизми сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил ноябрь ойида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг доимий маслаҳатлашув учрашувларини ташкил қилишни таклиф қилди ва бу ташаббус минтақа мамлакатлари томонидан қўллаб-қувватланди. Жумладан, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг биринчи маслаҳат учрашуви 2018 йил 15 март куни Остона шаҳрида бўлиб ўтди. Саммитда сиёсий, савдо, ижтимоий-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, турли ташқи таҳдидларга қарши биргаликда курашиш, хавфсизлик ва барқарор ривожланишни мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинди. Марказий Осиё нафақат географик ва геосиёсий, балки ягона маданий ва цивилизация макони, деб эълон қилинди.

    Ягона табиий маконда инсон хўжалик фаолиятининг табиатга кўрсатаётган таъсири туфайли унда айрим трансчегаравий муаммолар, жумладан, геотизимлар компонентлари ўзгариб бормоқда. Табиий геосистемаларда юз бераётган ўзгаришлар ва эволюцион жараёнлар аста - секин миқдорий ўзгаришлардан сифатли ўзгаришларга ўтиб, янги-янги антропоген геотизимларни вужудга келтирмоқда ва уларнинг барқарор ривожланишига шарт-шароитлар яратиб беради.

    Шу билан бирга Марказий Осиё ва қўшни минтақалардаги трансчегаравий ҳудудларда соф илмий ахамиятга эга бўлган масалалар ҳам мавжуд. Бундай масалаларга трансчегаравий ҳудудларнинг табиий ресурс салоҳиятини аниқлаш, ҳудудларнинг экологик вазиятларини барқарорлаштириш, энергия ва хомашё муаммоларини биргаликда ҳал этиш, туристик ва рекреация ресурсларидан самарали ва мақсадга мувофиқ фойдаланиш, қуруқлик экосистемаларини муҳофаза қилиш ва тиклаш, улардан оқилона фойдаланиш, ўрмонларни рационал бошқариш, чўлланишга қарши курашиш, ерларнинг деградациясини тўхтатиш ва биологик хилма-хиллик йўқолишининг, аризона элементлари миграциясини олдини олиш, ерлардан хўжаликнинг турли мақсадларида фойдаланишда, қишлоқ хўжалиги юритишда функционал-динамик боғлиқлиқ қонуниятидан фойдаланиб турли хўжалик мақсадларида тадқиқ этиш ўта долзарб масалалардан ҳисобланади.

    “Марказий Осиё ва қўшни минтақалардаги трансчегаравий ҳудудлар: ҳамкорлик имкониятлари ва муаммолари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференциясининг асосий мақсади Ўзбекистон Республикаси, қўшни Марказий Осиё давлатлари ва бошқа хорижий мамлакатларда олиб борилаётган трансчегаравий ҳудудларнинг барқарор ривожланишига бағишланган турли кўлам ва мавзудаги географик тадқиқотларнинг тажрибалари, долзарб муаммолари ва истиқболли йўналишларини муҳокама қилиш, географик тадқиқотлар борасида халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, иқтидорли ёш олимларни истиқболли илмий йўналишларга жалб қилишдан иборат. Конференцияда қуйидаги муаммолар бўйича иш олиб борилади:

    - Трансчегаравий ҳудудларни тадқиқ этишнинг илмий-назарий ва услубий асослари;

    - Трансчегаравий сув ва гидроэнергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш;

    - Трансчегаравий экологик муаммоларни ечиш ва табиатни муҳофаза қилишнинг илмий-амалий асослари;

    - Халқаро транспорт ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш омиллари, муаммолари ва истиқболлари;

    - Трансчегаравий ҳудудларда рекреация ва туризмни ривожлантириш имкониятлари, тажрибалари ва муаммолари;

    - Халқаро миграция жараёнлари ва уларни тартибга солиш масалалари;

    - Трансчегаравий ҳудудларни карталатиришда замонавий ГАТ-технологиялардан фойдаланиш.

    Халқаро анжуманда Россия Федерациясидан Москва, Олтой, Минск, Алмати, Ақтўбе Ош, Тожик давлат педагогик университетидан олимлар иштирок этиши режалаштирилган.

    “Марказий Осиё ва қўшни минтақалардаги трансчегаравий ҳудудлар: ҳамкорлик имкониятлари ва муаммолари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференцияси иштирокчилари ушбу муаммоларнинг ечимини топиш, Марказий Осиё давлатлари ҳамкорликлигини янада ривожлантириш истиқболларини белгилаб бериш бўйича ўзларининг илмий асосланган таклиф ва тавсияларини ишлаб чиқади, деб умид қиламиз.

 

Алиқул Равшанов,

Самарқанд давлат университети

география ва экология факультети декани, доцент.

Қувондиқ Ярашев,

СамДУ география ва табиий ресурслар

кафедраси мудири, доцент.