Самарқанд давлат университетида “9 май – Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан тантанали тадбир ташкил этилди.

    Маросимни Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов кириш сўзи билан очди.

    СамДУ тарихида илк бор СамДУ ректори Рустам Холмуродов ташаббуси билан университетда фаолият кўрсатган, турли соҳаларда самарали меҳнат қилган 200 дан ортиқ профессор-ўқитувчиларнинг фотосуратларидан иборат хотира кўргазмаси ташкил этилди. Ўтган устозларнинг хотираси ёдга олинди.

    Тадбир муносабати билан ҳар бир факультет ва институт томонидан тайёрланган видеороликлар университет ижтимоий тармоқларида эълон қилинди. Ушбу видеолар орқали факультетларда самарали меҳнат қилган профессор-ўқитувчиларнинг ҳаёти ва фаолияти акс эттирилди.

    Ректор Рустам Холмуродов ўз сўзида Марказий Осиё халқлари тиллари ва маданияти институти директори Жўлибой Элтазаров, СамДУ Матбуот котибияти бўлими бошлиғи Фаррух Ҳамроев, география ва экология факультети декани Алиқул Равшановни энг яхши видеоролик муаллифи ва тарғиботчиси сифатида эътироф этди ва тақдирлади.

    - “Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан ҳар йили тадбир ташкил этилади, - деди зоология кафедраси мудири, профессор Абдурашид Жабборов. - Бугунги тадбир аввалгиларига нисбатан тубдан фарқ қилди. СамДУ ректори Рустам Холмуродов ташаббуси билан бир вақтлар бизни ўқитган, илм берган устозларимизнинг, биз билан бирга ишлаган ҳамкасбларимизнинг хотира кўргазмаси ташкил этилди. Кўргазмани томоша қилар эканмиз, қалбимиз чуқур ҳаяжонга тўлди. Биз шундай улуғ инсонларни, буюк устозларимизни хотирладик. Бу нафақат хотира, балки устозларга бўлган юксак эҳтиром ва садоқат ифодасидир. 

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.