Самарқанд давлат университетининг Марказий Осиё халқлари тиллари ва маданияти институтида “9-май — Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан устоз, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, профессор Ҳотам Умуров ҳаёти ва ижодига бағишланган хотира кечаси ҳамда “Сайланма” китоби тақдимоти ўтказилди.

    Мазкур тадбирни университет ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис сенати аъзоси Рустам Холмуродов кириш сўзи билан очди ва устознинг илм-фан ривожига қўшган муносиб ҳиссаси, педагогик фаолияти ҳамда ёш авлод тарбиясидаги ўрни ҳақида фикр юритди.

    Тадбир давомида профессор Ҳотам Умуровнинг бой илмий мероси, ҳаёт йўли ва фидокорона меҳнати ёдга олиниб, унинг шогирдлари ҳамда ҳамкасблари томонидан самимий фикр-мулоҳазалар билдирилди. “Сайланма” китоби эса устознинг илмий ва ижодий фаолиятини ёритишда муҳим манба сифатида эътироф этилди.

    Шунингдек, тадбирда Марказий Осиё халқлари тиллари ва маданияти институти директори, профессор Жўлибой Элтазаров, профессор Шавкат Ҳасанов, устознинг қизи, профессор Гўзал Умурова ҳаёт йўли, инсоний фазилатлари, шогирдларга ва ёшларга ғамхўрлиги, адабиёт равнақига қўшган ҳиссаси, ижодий мероси, хусусан “Сайланма” китоби ва бошқа асарлари ҳақида ҳам  самимий фикрлар билдирдилар.