Самарқанд давлат университети Ўзбекистон тарихи кафедраси мудири, тарих фанлари доктори Гўзал Нормуродова билан суҳбат

    - Илм соҳасини танлашингизга асосий сабаб нима ва ҳозирги кунда қайси мавзуда илмий фаолият олиб боряпсиз?

    - Мен зиёли оилада туғилиб ўсганман. Бу йўлни танлашимда отам, фалсафа фанлари доктори, профессор Бекмурод Нормуродовнинг таъсири катта. Шунинг учун бу борада асосий сабабчи сифатида оиламни айтишим мумкин. Қолаверса, фанда оз бўлса-да эгаллаб келаётган ўрнимни топишимда мен ўқиган, камол топган Самарқанд давлат университетининг ўрни беқиёс. Мен мана шу даргоҳнинг, Ўзбекистон тарихи кафедрамизнинг зиёси билан илмдаги йўлимни топдим. Асосий йўналишим Ўзбекистон тарихини ўрганишга қаратилган. 2011 йилда “ХIХ аср охири – ХХ аср бошларида Самарқанд вилояти ижтимоий қатламлари тарихи” мавзусида номзодлик диссертатсиямни ҳимоя қилдим. Шундан сўнг ушбу мавзуни янада кенгроқ доирада ўрганиш истаги пайдо бўлди. Сабаби, ўзбек халқининг шаклланиши жуда бой ва қизиқарли тарихга эга. Шу асосда 2020 йилда бу мавзунинг давоми бўлган “Бухоро амирлиги аҳолиси ижтимоий қатламлари ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётда тутган ўрни” мавзусида докторлик диссертатсиямни ҳимоя қилдим. Мазкур мавзу бўйича 10 га яқин ўқув-қўлланма ва монография, 100 дан ортиқ илмий мақолалар нашр эттирганман. Айни пайтда раҳбар ва педагог сифатида фаолият юритиш билан бир қаторда мазкур йўналишда шогирдлар ҳам тайёрлаяпман.

     – Шу кунгача жамиятдаги ўрнингизни топа олдингизми?

    - Қисман топа олдим. Аммо олдинда ҳали бажарилиши керак бўлган вазифалар бисёр. Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир фуқаро учун, миллатидан қатъи назар, жонажон Ватанимиз, халқимиз тарихини ўрганиш ниҳоятда муҳим. Ўзбекистонда яшаётган, шу тупроқда туғилиб-ўсган неки инсон бор, бу тарихни албатта ўрганиши шарт. Бу соҳада фаолият олиб бораётган олимлар фақат соҳани ўрганиш билан чекланиб қолмаслиги керак. Халқимиз ўтмишидаги миллат тақдири билан боғлиқ бўлган тарихий жараёнларни чуқур илмий тадқиқ этиш, Ўзбекистон халқининг буюк тарихий меросга эга эканлиги ва Ўзбекистоннинг ўтмиш даврларидан бери жаҳон тараққиёти жараёнларидаги фаол иштирокини далиллаб бериш, мазкур йўналишда муҳим изланишлар олиб борадиган етакчи мутахассислар тайёрлаш масъулияти ҳар бир тарихчининг масъулиятли вазифаси бўлиши лозим.

    – Аёл кишига ҳаётда ўз ўрнини топа олиши учун керак бўлган учта асосий омил?

    - Биринчи ўринда тарбия. Чунки, аёл гўзал хулқли бўлса, у тарбия қилган авлоднинг хулқи ҳам гўзал бўлади. Иккинчиси – бу оила. Оила нафақат аёл киши учун, балки барча инсонлар учун ҳаётга, яшашга бўлган куч, энергия манбаи бўлиб хизмат қилади. Ва ниҳоят, учинчиси, севимли касб. Аёлнинг аёл сифатида жамиятда ўз ўрнини топа олиши кўп жиҳатдан ушбу омилга боғлиқ. Касбга бўлган муҳаббат ҳар қандай инсонни янги марраларни забт этишга ундаб туради.

    – Фарзанд тарбияси масаласида асосий масъулият онанинг зиммасида бўлади. Бу борада ўзингизни қандай она деб биласиз?

    - Кўпчилик ишлайдиган аёлнинг ҳам ишни, ҳам оилани бирваракайига эплаши қийин деб ҳисоблайди. Бу фикрга кўп ҳам қўшилавермайман. Биласизми, инсон учун ўзи яхши кўрган нарса ҳеч қачон қийин бўлмайди ва уни зериктирмайди. Касбга ва оилага муҳаббат бирдай бўлса иккисини  ҳам бемалол эпласа бўлади. Мен ҳамиша она сифатида фарзандларим тарбиясига масъулият билан ёндашганман.  Шу каби, фарзандларим ҳам мен учун энг яхши дўст, ҳамроҳ ва суянчиқ бўлишган.

    Номзодлик диссертатсиямни ёзиш чоғида Тошкент марказий давлат архиви манбалари билан ишлашга тўғри келди. Бегона шаҳарда аёл бошим билан ҳамроҳсиз юрмай деб, кичик фарзандимни ўзим билан олиб кетдим. Ўғлимни ҳар куни архивга ўзим билан етаклаб олиб борардим. Кун бўйи тарихий ҳужжатларга кўмилиб ишлар, 4 ёшли ўғлим мен билан бирга расм чизиб ёки китоб ўқиб ўтирарди. Ҳатто номзодлик диссертатсиям ҳимоясига ҳам ўғлим билан борганман. Тарих институти ходимлари мени “бола етаклаб илмий иш ёқлаган аёл” дейишарди. Тақдирни қарангки, вақт ўтиб, докторлик ишим учун Москва давлат архиви манбаларидан фойдаланишга зарурат бўлди. Ўшанда ҳам шу ўғлимни ўзим билан олиб кетганман. Аммо Россия архивида таъқиқ кучли экан. “Болани ичкарига қўймаймиз дейишди. Ҳеч иложи бўлмагандан кейин у мени ташқарида, архив биноси ҳовлисида кутиб турадиган бўлди. Ўғлим ҳар куни мени сабр билан ташқарида кутиб ўтирарди. Буни кўриб, баъзида уни қийнаб қўймаяпманми, деб кўп ўйлардим. Аммо, аксинча, бу муҳит ўғлимнинг юрагида илм-фанга бўлган қизиқишнинг энг катта тамал тошини қўйиб улгурган экан. Мана, энди бу ўз мевасини беряпти.

    – Аёлга уни тушунишлари қанчалик муҳим?      

    - Жуда муҳим, албатта. Муқаддас динимизда ҳам аёлга эътибор, унга мулойимлик билан муносабатда бўлиш буюрилган. Аёл қачон атрофдагиларнинг эътиборида, уларнинг ғамхўрлиги ва муҳаббатини ҳис қилиб яшаса, шундагина ҳаётда улкан натижаларга эриша олади. Шу маънода яқинлар эътиборини аёл муваффақиятининг калити дейиш мумкин.

    – Шу кунгача ҳаётдан излаганларингизнинг ҳаммасини топа олдингизми?

    - Ҳаётда яшашнинг ўзи бир изланиш бўлса, илмий тадқиқот фаолиятининг ўзи яна бир изланиш. Демак, олим киши умри давомида ишда ҳам, ҳаётда ҳам ниманидир излаб яшайди. Шу ҳақиқатдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, илмда ҳам, ҳаётда ҳам излаганларимнинг барчасини топа олганимча йўқ.

    – Сиз учун нима қўрқинчли?

    - Яқинларимни йўқотиш.

    – Армонингиз борми?

    - Бугунги эришганларим сабабчиси бўлган отамнинг муваффақиятларимни кўра олмагани армоним.

    – Ҳаётни расмда тасвирлаб бериш керак бўлса, сизнинг расмингизда қандай ранглар бўлади?

    - Сариқ, яшил ва мовийранг.

     – Бугунги кун олималарини нима чеклайди?

    - Ҳозирги шароитда илмий фаолият соҳасида олималар учун ҳеч қанақа тўсиқ йўқ. Уларни кўпроқ оилавий муаммолар чеклаши мумкин.

    – Келгуси мақсад ва режаларингиз ҳақида айтиб ўтсангиз.

    - Ҳозирда инглиз тилини ўрганяпман. IELTS даражасини олиш арафасидаман. Эндиги мақсадим, хорижга чиқиб, жаҳон музейларида ва кутубхоналарида сақланаётган Ўзбекистон тарихига оид манбалар, нодир қўлёзмаларни ўрганиш, жаҳон библиографик ёдгорликларида келтирилган тарихнинг халқимиз ўтмишига оид нуқталарини қайта тиклашга ўз ҳиссамни қўшиш.

    – Илм-фан йўлидан кетиш умидида бўлган хотин-қизларга, ёш аёл тадқиқотчиларга қандай маслаҳат ва тавсиялар берган бўлардингиз?

    - Аввало сабрли бўлиш муҳим. Ҳаётда ҳар қандай қийинчилик қаршисида ўзини йўқотиб қўймасдан,  мақсаддан воз кечмасдан ҳаракат қилишда, яшашда давом этиш керак. Энг муҳими, илм йўлини танлашнинг ўзи катта нарса. Бу ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди Агар сиз, ўзингизда бу вазифани бажаришда куч топа олсангиз, унда мақсад сари интилишда давом этаверинг. Ҳар бир ҳаракат кун келиб, албатта ўз натижасини беради

 

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими

Ирода Бекмуродова суҳбатлашди.

Шавкат Акрамов олган суратлар.