“Келажак тарбияси аёлларнинг қўлида...”
Самарқанд давлат университети математик анализ кафедраси ассистенти, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Умида Жўраева билан суҳбат
- Илм соҳасини танлашингизга асосий сабаб нима ва ҳозирги кунда қайси мавзуда илмий фаолият олиб боряпсиз?
- Бизнинг оиламиз математиклар оиласи. Ота-онам ҳам илм билан шуғулланиб юрган одамлар бўлишган. Отам Юнусали Жўраев, онам Зебинисо Ашуровалар Самарқанд давлат университети математика факультетида фаолият олиб боришган. Уйда ҳамма ўқиш билан, илм билан шуғулланган. Шу муҳитни кўриб, унинг ичида улғайиб, илмга меҳр руҳида тарбия топдик. Ҳозирги кунда Самарқанд давлат университетида Шароф Ёрмуҳаммедов асос солган илмий мактаб давомчиси сифатида “Полигармоник функциялар ва уларнинг хоссалари” мавзусида илмий тадқиқот олиб боряпман.
- Аёл кишига ҳаётда ўз ўрнини топа олиши учун керак бўлган учта асосий омил?
- Аёл кишига ҳаётда ўз ўрнини топишда биринчи ўринда ирода керак. Муайян мақсад йўлида ҳаракат қилаётганда кутилмаган мағлубият бўлиши табиий. Шундай ҳолатларда одам тўхтаб қолса, қийин вазиятларда ўзини йўқотиб қўйса ҳеч қандай натижага эришолмайди. Кейинги галда кўнгил хотиржамлиги ва ишонч туради. Аёл ҳаётдан хотиржам бўлса, ва энг муҳими ўзига бўлган ишончни ҳис қилса, ҳар қандай мағлубиятни, ҳар қандай қийинчиликни енга олади. Мен ҳам ҳаётимда кўп бор мағлубиятга дуч келдим. Аммо, умидимни сўндирмасдан ҳаракатда давом этдим. 2010 йилда математика фанидан ўтказилган олимпиадада фахрли I ўрини эгаллаганимдан кейин, шу йилнинг январ ойида Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида ўтказилган VI халқаро Жаутиков олимпиадасида, “Буюк ипак йўли” сиртқи олимпиадаларида мувафаққиятли иштирок этдим. 51-халқаро математика олимпиадаси танловининг Республика босқичида қатнашиб Ўзбекистон терма жамоаси таркибига қабул қилиндим. Июль ойида Қозоғистоннинг Астана шаҳрида бўлиб ўтган, дунёнинг 96 мамлакатидан 500 дан зиёд ўқувчи иштирок этган 51-халқаро математика олимпиадасида кумуш медал соҳибаси бўлдим. Юртимизда ёшларга қаратилган юксак эътибор натижаси ўлароқ, 2011 йили Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлдим. Ушбу мукофот мени янги марралар сари дадил ҳаракатга ундаган куч бўлиб хизмат қилди. Бу мукофотга лойиқ кўрилганимдан кейин шундай эътирофни, эътиборни оқлаш кераклиги, эндиги масъулиятим янада ортганлигини, бу билан тўхтаб қолмаслигим кераклигини англадим. Ютуқларим давоми сифатида 2012-2013 ўқув йилида Улуғбек номидаги давлат стипендияси, 2013-2014 ўқув йилида “Табиий фанлар” таълим йўналиши бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти стипендияси совриндорлигини қўлга киритдим. 2017 йилдан буён Самарқанд давлат университети механика-математика факультети математик анализ кафедраси ассистенти лавозимида ишлаб келяпман. Шу кунгача илмий изланишларим акс этган қирққа яқин илмий мақолаларим ҳамда бир нечта ўқув-услубий қўлланмаларим нашр қилинган. Германия, АКШ, Россия, Украина, Латвия ва бошка давлатлардаги нуфузли илмий нашрларда ўз ишларим билан катнашиб келаман.
- Фарзанд тарбияси масаласида асосий масъулият онанинг зиммасида бўлади. Бу борада ўзингизни қандай она деб биласиз?
- Фарзанд тарбиясида ўзимга яхши она деб баҳо бера олмайман. Чунки, ҳали бу борада ўрганишим керак бўлган нарсалар жуда кўп. Аниқ фанлар соҳасида фаолият юритганим учун феълимда ҳам шунга хос бир одат бор, яъни бирор ҳақиқат кўз олдимда тўла-тўкис исбот бўлмагунча унга ишонч қўя олмайман. Шунинг учун фарзандларим улғайиб, ҳаётда ва жамиятда ўз ўринларини топмагунича бу борада ўзимни баҳолашга ожизман. Касбим туфайли фарзандларимга етарли вақт ажрата олмаслик ҳолатлари тез-тез учраб туради. Лекин мен кучим борича иш ва оилани баравар олиб боришга ҳаракат қиламан. Илмий изланишлар қанча кўп вақт талаб этса, фарзанд тарбияси ҳам шунчалик кўп вақт ва эътибор талаб қилади. Иккаласини баравар олиб бориш жуда қийин. Шунинг учун бу масалада тарозининг бир палласи ҳамиша оғир келади.
- Шогирдларингиз борми? Шогирд танлашда қандай талаб ва мезонлар қўясиз?
- Шогирдларим кўп. СамДУ қошидаги академик лицейда халқаро олимпиада иштирокчилари, Самарқанд давлат университетида бакалавр ва магистр босқичлари талабалари орасида шогирдларим бор. Шогирд танлаш масаласига келсак, аслида шогирд бўламан деб ўқитувчининг олдига келиш ҳам катта нарса. Илмий фаолият юритмоқчи бўлган талабанинг ёмони бўлмайди. Шогирд олишда қўядиган талабларим биринчи ўринда улардан қатъиятли бўлиш, ўз мақсадлари йўлида ҳаракат қилиш давомида иродали бўлишларини сўраган бўлардим. Шогирдларим орасида олимпиада тайёрланувчилари кўп. Шунингдек кўпчилиги дастурлаш соҳаларида фаолият юритишади.
- Бирор масалада шогирдларингиздан ўрганган пайтингиз бўлганми?
- Халқимизда “Бир кичикдан, бир каттадан ўрган” деган гап бор. Инсон ҳаётида дуч келган ҳар бир одамдан ниманидир ўрганади. Ҳаётига кириб келган ҳар бир одам қайсидир маънода мураббий бўлади. Шу маънода шогирдларимдан ўрганган вақтларим ҳам бўлган.
- Армонингиз борми?
- Дадам ёшлигимда вафот этганлар. Ягона армоним дадам.
- Шу кунгача жамиятдаги ўрнингизни топа олдингизми?
- Жамиятда ўрнимни тўлиқ даражада топиб улгурдим деб айтолмайман. Лекин шунга қараб ҳаракат қиляпман.
2014 йилда Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши депутатлигига сайланганимдан кейин бевосита халқ билан ишлаш имконияти пайдо бўлди. Фаолиятим давомида ёшлар ва соғлом авлодни тарбиялаш комиссиясида иш юритиб, асосий эътиборимни ёшлар таълими ва бандлиги йўналишларидаги амалий вазифалар ижросига қаратдим. Аҳоли орасида юриб, айниқса ёшлар муаммоларини ўрганганимдан кейин ўзимда жамиятга, халққа дахлдорлик ҳиссини туйдим. Шунда англадимки, ҳар бир одам шу жамиятда яшаяптими демак унга нимадир бериши керак. Шунчаки, яшаб ўтишга ҳаққи йўқ. Қайси касб эгаси бўлишдан қатъи назар халққа дахлдор бўлган масалаларга бефарқ бўлмаслиги керак.
- Қизлар албатта ўқиши керак бўлган учта китоб.
- Тоҳир Малик “Одамийлик мулки”
- Турсуной Содиқова “Бахт қаерда?”
- Масару Ибука “Учгача айни вақти”
- Ўтган умрингиз давомида олдингизга қўйган барча мақсадларингизга эриша олдингизми, нималарга улгура олмадингиз?
- Ҳаётим давомида олдимга қўйган мақсадларимнинг ҳаммасига улгура олдим деб ўйламайман. Кўп нарсага улгуролмадим. Тавсия берардимки, олдингизда қанча мақсадингиз бўлса, барчасига навбати билан жадал ҳаракатни бошланг. Чунки, кейинчалик ҳаёт ҳеч осонлашмас экан. Аччиқ ҳақиқат бўлса ҳам айтаман, қиз бола, агар иложи бўлса асосий мақсадларини турмушга чиққунча бажариб олиши керак экан. Турмуш қургандан кейин, ҳамма нарсага улгуриш қийин.
- Охирги марта қачон йиғладингиз?
- Ҳаётда кўп йиғлайман. Кўпчилик айтади, аёл киши дардини кўз ёш билан чиқариб юборади. Мен бу фикрга унчалик қўшилмайман. Ҳар бир дард кўз ёш билан тугаб кетаверса, у ҳолда ер юзида бахтсиз одамнинг ўзи қолмасди. Аёл қачон йиғлайди? Қалбида оғир дарди бўлганда, ўзини ёлғиз ҳис қилганда, кези келганда жаҳли чиққанда, сиқилганда ва шу кабиларда. Тўрт беш кун олдин фарзандларимдан бири жуда инжиқлик қилди. Унга қараб туриб, нега у бунчалик инжиқ, деб ўйлаб қолдим. Ва беихтиёр кўзларимга ёш келди.
- Аёлга уни тушунишлари қанчалик муҳим?
- Аёлга тушунилиш бахти жуда муҳим. Агар аёл қанчалик қадрланса, тушунилса, оиласига, атрофидагиларига, ҳар бир қилаётган ишига шунчалик ўзини бағишлайди, ўз юрагини-да беришга тайёр бўлади.
- Бу ҳаётдан излаганларингизни топа олдингизми?
- Излаганларимнинг ҳаммасини топа олганим йўқ. Ҳали қидириш жараёнидаман. Чунки бир нарсани топсам, унинг кетидан яна биттаси чиқиб келади. Бу нарса ҳеч тугамайди. Узлуксиз давом этиб келаётган ҳаёт қонуни бу. Одам бирор соҳада қанчалик изланаверса, топилиши керак бўлган нарсаларга шунчалик кўп дуч келаверади.
- Ўз-ўзига ёмонлик қилиш деганда нимани тушунасиз?
- Ўз-ўзига ёмонлик қилиш бирор ишнинг нотўғрилигини билиб туриб қилиш, вақтни билиб-билмай беҳуда нарсаларга сарфлаш. Ҳозирда ёшлар орасида кўп вақтини ижтимоий тармоқларга сарфлаш ҳолатлари кузатилади. Бу ҳам ўз-ўзига ёмонликнинг бир кўринишларидан бири. Ўзимга ўзим ёмонлик қилиб қўйган пайтлар менда ҳам бўлган. Масалан, бирор вазифа бажарилиши керак бўладию, кундалик ташвишлар ва чарчоқ сабаб, кейинга сураман. Эртанги кун келгандан кейин, кеча қилмаганимга афсус чекаман.
- Сизнинг ҳаёт формулангиз?
- Соҳам аниқ фанлар бўлгани учун, биз ҳамиша формулалар билан ишлаймиз. Лекин шунча йилдан буён илмий изланиш олиб бораётган бўлсам ҳам, ҳали ҳаёт формуласини топганимча йўқ. Ҳаёт шундай имтиҳонки, қачон бўлиши, нима саволлар тушиши, қандай мавзуда бўлишини ҳеч ким билмайди.
- Илм-фан йўлидан кетиш умидида бўлган хотин-қизларга, ёш аёл тадқиқотчиларга қандай маслаҳат ва тавсиялар берган бўлардингиз?
- Илм-фан йўлидан кетиш умидида бўлган хотин-қизларга шуни маслаҳат берардимки, илмий изланиш билан шуғулланаман деган одам, айниқса аёл киши матонатли бўлиши керак. Ҳозирда олий таълим муассасаларига қабул қилинаётган талабалар орасида қизлар сони тобора ошиб бораётган бўлса-да, олий таълимдан кейинги тадқиқот фаолияти билан шуғулланаётган аёллар кам. Бунинг сабабларини қидиргандан кўра, ечимини топиш аҳамиятлидир. Ота-оналар қиз фарзандининг таьлим олиш, илм билан шуғулланиш истагини албатта рўёбга чиқаришлари керак. Халқимизда бир ҳикматли гап бор. Агар ўғлингни ўқитсанг ўзингга яхшилик қилган бўласан. Агар қизингни ўқитсанг миллатга яхшилик қилган бўласан. Дунёдаги айрим жамиятларнинг тутуми аёлларга нисбатан нописанд қарашга асосланган. Бу қараш жамиятда инсон қадри, тенглиги мувозанатининг бузилишига сабаб бўлиши мумкин. Ҳаёт ҳақиқати шуни кўрсатадики, қиз бола ўзга хонадонга бордими, ўша ернинг тутумини олади. Муҳитига мослашиб, бор-у йўғига қаноат қилиб яшайди. Эртанги кунимиз давомчилари бўлган ёш авлод унинг қўлида тарбия топади. Шу жиҳатдан, аёл кишининг қўлида келажак туради, десак асло хато бўлмайди. Зиёли аёлларнинг эртанги кунимиз давомчилари бўлган ёш авлод тарбиясида тутган ўрни шу боисдан ҳам аҳамиятл
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими
Ирода Бекмуродова суҳбатлашди.
Шавкат Акрамов олган суратлар.

