“Бугунги ёшларга “Қўрқма!” деган хитоб керак...”
Махсус Самарқанд давлат университети Ахборот хизмати учун
Диққат янги рукн: Қалб ва қалам
“Бугунги ёшларга “Қўрқма!” деган хитоб керак...”
“Қўрқма” асари билан адабиётимизга ўзига хос овоз, ўзгача йўл билан кириб келган, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Келажак бунёдкори” давлат ҳамда “Таҳсин” мукофотлари совриндори Жавлон Жовлиев “Қалб ва қалам” лойиҳасининг илк меҳмони.
Суҳбатдошимиз “Қўрқма” ҳақида айтилмаган ҳақиқатлар, етмиш талаба ҳамда Самарқандни боғловчи нуқталар, романга билдирилган танқидларга муносабат, “Қўрқма”дан кейинги режалари ҳақида батафсил тўхталди.
-Ижодингизда қандай янгиликлар бор, китобхонларга қандай янги асар туҳфа қилиш ниятидасиз?
-Иккинчи романимни ёзяпман. Бир муддат илмий ишлар билан банд бўлганлигим учун ёзишни тўхтатиб тургандим. Яқинда илмий ишим муҳокамадан ўтди. Энди бор кучим билан романга тезроқ қайтишга ҳаракат қиляпман. Янги асар ҳақида ҳозирча бирор нима деёлайман. Менимча сир бўлиб қолгани маъқул. Ҳар ҳолда “Қўрқма”дан баландроқ бўлишининг ҳаракатидамиз. Чунки китобхонлар “Қўрқма”дан кейин ўзгача ишонч билан янги асар кутишяпти.
-Бугунги Жавлон Жовлиев ҳаётда ва адабиётда ўз ўрнини тўла-тўкис топа олдими?
-Йўқ, топа олдим деб айтолмайман. Тўғри, ҳамма ҳавас қиладиган оилам, муваффақиятларим бор ва шу билан бирга йўқотишларим ҳам. Эришганларим бу ҳали мен кўзлаган чўққи эмас. Олдинда ёзилиши керак бўлган асарлар, ўрганилиши зарур бўлган илмлар жуда кўп. Олдимизга қўйган мақсадларимиз, орзуларимиз, биз тортишимиз керак бўлган машаққатлар бисёр. Барча ёзувчилар қатори мен ҳам асарларимнинг жаҳон миқёсига чиқишини истайман.
-“Қўрқма” илк романингиз бўлишига қарамасдан эълон қилинган дастлабки кунларданоқ шов-шувларга сабаб бўлди. Бунга сабаб нима?
-Ҳар бир асар ёзиб тугатилиб, чоп этилганидан сўнг ўз умрини бошлайди. Ва маълум даражада ўз умрини яшаб ўтади. Аммо шундай ҳақиқат ҳам борки, агар китоб яхши ёзилмаган бўлса, ҳеч қанча умр кўрмайди. “Қўрқма” ўз умрини чиройли бошлай олди. Бунда аввало, яхши тарғибот катта рол ўйнади. Яна бир сабаб: унда аввал ёзилмаган фожиаларнинг олиб чиқилгани бўлди. Қолаверса, халқимиз ҳам асар тарғиботида жуда фаол бўлишди.
-Роман нима сабабдан “Қўрқма” деб номланган?
-Ўтмиш даврларидан бери бир неча йиллар давомида халқимиз руҳиятига сингдириб келинган бир ҳис бор. Бу – қўрқув. Фақат ташқи қўрқув эмас, балки ўзига ишончсизлик, ўзига нисбатан паст баҳо бериш, кучини тўғри баҳолай олмаслик каби ички қўрқув ҳам. Ҳали-ҳанузгача халқимиз орасида хато қилиб қўйишдан, ҳақ гапни айтишдан қўрқиш ҳоллари тез-тез учраб туради. Юз йиллар аввал жадидларимиз мустақиллик ва эркинликка илм-маърифат йўлидан бориш мақсади билан маънавият майдонига кириб келди. Улар миллатни уйғотишни аввало, одамлар юрагидаги қўрқувни енгишдан бошлашди. Ана шу саъй-ҳаракатдан илҳомланган ҳолда романга шундай ном берилди. Мақсад – ёшларимизда, умуман халқимиз орасида ҳақиқатнинг кўзларидан қўрқмаслик ва қўрқув стереотипларини енгиш билан боғлиқ руҳият шакллантириш, уларни уйғоқликка, дадилликка чорлаш.
-Романни номлаш қандай кечган, бу жараёнда бошқа вариантлар ҳам бўлганми?
-Асар ёзиб бўлиниб, ҳамма муҳокамалардан ўтгандан кейин номлашга келганда кўп иккиландим. Менда бир нечта вариантлар бор эди. Масалан, “Миллият” яъни миллатни уйғотувчи, асл ўзлигини англатувчи деган маънода. Яна “Параллел” – 100 йил аввалги ва бугунги талабалар ҳаётининг параллел акси. Охирида “Қўрқма”да тўхталдик. Чунки, жамиятимиздаги бугунги ёшларга “Қўрқма!” деган хитоб жуда керак.
-Романда ХХ аср муҳитида ҳукмрон тузум халқимиз бошига мудроқлик ва қўрқоқлик ёмғирини ёғдириб турган қора булутга ўхшатилади. Сизнингча бугунги даврда ёш авлод онгига мудроқлик ёмғирини ёғдирувчи булут нима бўлиши мумкин?
-Мудроқлик булути бу, аввало, инсоннинг ўзи. Ундан кейин атрофдагилари. Инсон ўзидаги лоқайдликни енгиб олса атрофдаги уни йўлдан оздирувчиларни ҳам енгиши осон бўлади. Мудроқлик биринчи ўринда асосий орзу ва мақсадларнинг кичиклашиб кетишида намоён бўлади. Мақсаднинг майдалашиб бориши қайсидир маънода инсонни кичиклаштириб қўяди.
-Германияга ўқишга юборилган талабалар тақдирининг Самарқандга боғлиқ нуқталари борми, бу ҳақда нима дея оласиз?
-Самарқанд ўша пайтда мамлакат пойтахти сифатида нафақат мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаёти учун балки илм-маърифат учун ҳам таянч вазифасини бажарган. Германияга ўқишга юборилаётган талабалар улуғ Темур сағанаси қошида шу миллат, шу Самарқанд буюклигини қайтаришга, Олмонияда таълим олиб, ёруғ юз билан Ватанга қайтмоқликка қасам ичганлар. Бир неча ўн минг йиллик мозийга кўмилган кўҳна Самарқанд кўксидаги бор алам ва орзуларни, ғуруру армонларни уларга боғлаб оқ йўл тилаб қолган. Самарқанд кўкси олов талабаларни бир мақсад йўлида бирлаштирган, айни пайтда улар учун қайтар манзил, Ватан билан боғлаб турувчи нуқта сифатида талабалар тақдирида ўчмас из қолдирган.
-Қоравой образи яралишига нима туртки бўлган? Унинг прототипи мавжудми?
-Асардаги кўп образлар тўқима. Мен ҳаётдаги одамларни шунчаки кўчириб олишдан қочаман. Қоравойнинг айнан ўзини учратмаганман, аммо орамизда Қоравойга ўхшаганлар жуда кўп. Қоравой рамзий образ. У кирга, қораликка ботиб бораётган миллат, нима учун ўқиётганини билмайдиган, мақсадсиз яшаётган ёшлар рамзи.
-Тарихий асар ёзиш учун фақатгина тарихий фактнинг ўзи етарли бўладими, яна қандай омиллар зарур?
-Тарихий асарнинг фақат тарихий фактлардан иборат бўлиши уни шунчаки илмий асар қилиб қўяди. Бу борада биринчи навбатда бадиий тафаккур бўлиши керак. Ёзувчи муайян тарихий шахс ҳақида асар ёзаётганда ўша шахс руҳиятига, ҳиссиётига кириб кета олиши керак. Тарихий билим дегани тарихий роман дегани эмас.
-“Қўрқма”га билдирилган танқидларга қандай муносабатдасиз?
-Адабиётшунослик нуқтаи назаридан билдирилган ўринли танқидларни яхши қабул қилдим, аммо асарни ўқир-ўқимас кўр-кўрона билдирилган танқидлар мени ранжитди. Ҳатто, бир суҳбатда “Қўрқма”ни ҳеч ким ўқимаган, ҳамма кўр-кўрона мақтаяпти деган асоссиз фикрлар билдирилди. Ҳатто, асардаги Навоий ҳақидаги ўринларни нотўғри талқин қилиб, аждодлар ёди камситилган деганлар ҳам топилди. Бу танқидга муносабатимни ҳали ҳеч қаерда очиқламагандим. Фурсатдан фойдаланиб, ўз фикрларимни билдираман. Адабиётда ирония деган санъат мавжуд. Асарда шу санъатдан фойдаланилган. Аччиқ ҳақиқат бўлса ҳам айтаман, бизнинг жамиятда буюк алломаларга нисбатан “ҳайкал қўйиш” анъанаси мавжуд. Масалан, Алишер Навоий ҳар йили туғилган куни яқинлашиб қолганда эсланади, тилларга тушади, мақталади. Ҳолбуки, Навоий ҳар куни ҳар лаҳза ёдимизда бўлиши, унга муҳаббат юрагимизда мангу яшаши керак. Мен ҳар куни тонгни Навоий асарлари мутолааси билан кутиб оладиган, Навоийни ўзига хос муҳаббат билан ардоқлайдиган ўқувчиман. Аммо буни бошқаларга исботлашим шарт эмас. Асарда Навоийни тирикчилик манбаига айлантириб олган олимлар ҳақида ўринлар мавжуд. Бу фикрлар айрим навоийшунос олимларга ёқмай, умуман нотўғри талқин қилиб юборишган. Аммо бу каби танқидлар адабиётда танлаган йўлимни ва эгаллаган позициямни ўзгартирмади. Ҳаётимизнинг ўзи мукаммал бўлмагандан кейин, камчиликсиз асар ҳам бўлмайди. Роман нашрдан чиққанига бир ярим йилдан ошган бўлса-да фикрлар, таассуротлар, танқид ва талқинлар ҳали ҳанузгача давом этиб келмоқда. Бу кўпчиликнинг орзусидаги ҳолат. Кимга чин, кимга ночин, “Қўрқма” чиққан вақтда катта-кичик олимлар, ўқувчилардан мингдан ортиқ хат олдим. Ҳатто, Жанубий Корея, Америка Қўшма Штатлари, Япония каби давлатларда ўқиётган талабалар ҳам мактуб йўллаб, сизнинг асарингизни ўқиганимдан кейин ватанга қайтиш истаги пайдо бўлди, энди юртимга қайтмоқчиман, деганлар бўлди. Бу каби муносабатлар мени ниҳоятда хурсанд қилди, чунки “Қўрқма”нинг асл мақсади ҳам шу аслида.
-Келгусида “Қўрқма”ни қайта ишлашингиз мумкинми?
-Йўқ, бу борада сўнгги нуқтани қўйиб бўлганман. Асар камчиликлари билан азиз.
-“Қўрқма” муаллифи ҳаётда нимадан қўрқади?
-Ёзолмай қолишдан.
-Ёзувчи ёзолмай қолиши мумкинми?
-Албатта мумкин. Қачонки, у виждонига қарши иш қилса, ўз юрагини қорага ботирса.
-2021 йилда ёш ижодкорларнинг Зомин семинарида ҳакам сифатида иштирок этдингиз. Атиги 4 йил аввал, ушбу семинарга иштирокчи сифатида келган экансиз. Бугунги давр ёш носирлари билан 4 йил аввалги ёш ижодкорларни солиштирганда қандай фарқ ва ўзгаришлар бор? Бу борада ёш ижодкорларни қандай баҳолайсиз?
-Ўша пайтлар ёш носирлар жуда кам эди. Ҳозир ҳам кам, лекин ўша пайт бундан ҳам кам эди. Ҳозир ҳолат анча яхши. Ижодкорлар ўзларига ишонч билан оғир карвон йўлига кириб келишмоқда. Қўлдан келганча ёш ижодкорларнинг ижодини кузатишга ҳаракат қиламан. Фикримча, бугунги ижодкорлар савияси, уларнинг услуби ва маҳорати анча яхши. Кўп нарса кутса бўлади, фақат ёзиш ва меҳнат қилишдан тўхтаб қолишмаса бас. Наср оғир, аммо шарафли йўл. Бу йўлни танлаш, тақдирини адабиёт билан боғлашдир. Биз ҳаётда кўрган воқеалар, хаёлдан ўтган кечинмалар санъат бўлолмайди. Бадиий асарга бадиий тафаккур ва маҳорат билан ёндашиш керак. Бу йўл осон кечмайди, аммо тортилган ҳар бир азоб ва машаққатнинг роҳати жуда тотли.
-Келажак адабиёти насрини қандай тасаввур қиласиз, унда бугунги ёш ижодкорлардан кимларни кўра оласиз?
-Келажак ҳақида гапириш қийин. Ижодкор ҳатто ўз асарининг қанча муддат яшашини билмайди. Қандай қилиб ўзгалар ҳақида гапирсин. Адабиётга чин дилдан хизмат қилиб, унинг машаққат ва синовларидан қўрқмаган, ўз эркинлигини сақлаб қолган, у учун курашган ижодкор адабиётда ўз ўрнини топади.
-Жавлон Жовлиев ёзувчи бўлмаганда ким бўларди?
-Ёзувчи бўлмаганимда режиссёр бўлардим. Кино соҳаси мен учун қизиқ. Ёшлигимда математикани яхши билардим, шунинг учун ҳам отам ҳисобчи бўлишимни истарди. Аммо улғая бошлаганим сари адабиётсиз яшай олмаслигимни билдим ва бу йўлни танладим.
-Келгусида яна қандай жанрларда қалам суриш ниятингиз бор?
-Киносценарийлар ёзиш ниятим бор.
-Ёзувчини нима чеклайди?
-Ёзувчи учун энг катта чеклов бу вақт етишмаслиги. Бор вақтни тўғри бошқара олмаслик ва вақтида ёзолмаслик. Шунингдек, уни моддий камчиликлар ҳам чеклаб қўйиши мумкин.
-Ёш ижодкорларга тавсияларингиз.
-Биринчи ўринда ёзишдан тўхтамаслик керак. Тўғри, ҳар бир асар бирдан муваффақиятли чиқмаслиги мумкин, лекин ижодкор ҳаракатдан, изланишдан тўхтамас экан нимагадир эриша олади. Иккинчидан, кўп китоб ўқиш керак. Ёзувчи пухта ёзишлик “витамини”ни биринчи навбатда, китоблардан олади. Учинчидан, ижодкор адабиётга кириб келдими ўзига “мен адабиётни ҳамма нарсадан устун қўя оламанми, уни азиз тута оламанми, бошимга кўтара оламанми?” деган саволни ўзига-ўзи бериб кўрсин. Адабиёт фидойиликни талаб қилади. Шундай экан, фидойи ижодкор адабиётда ўз ўрнини топа олади, нимагадир эриша олади. Тўртинчидан, ижодкор юрагини доим тоза сақлаши керак. Кирланган қалб ва виждон билан ёзиб бўлмайди, ёзганда ҳам у асар соф, самимий чиқмайди. Ҳеч қачон моддий манфаат ва машҳурлик учун ёзмаслик керак. Ёзувчи бошқалар билан кимўзарга эмас, фақат халқ учун ижод қилса, унинг дардини куйласа, миллат уни қўллайди.
Суҳбатдош Ирода БЕКМУРОДОВА,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.

