Сўнгги дуо ёхуд етуклик тимсоли
Устоз Ботирхон Валихўжаев билан деярли ота-бола каби эдик. Ўзаро дардлашардик, бошқаларга ва ҳар жойда айтилмайдиган гапларини менга айтардилар. Ўзимча мен ҳам фикр билдирган бўлардим. Балким устозим билан бўлган бу яқин муносабатлар талабалик давридан бошланган қизғин суҳбатларда, илмий раҳбарликларида олиб борилган изланишларда, кафедрасига тўлиқ ўқитувчи лавозимига ишга олганларидаги ишончда юзага келгандир. Домла бизни мангу тарк этганларидан кейин булар ҳақида сўз юритмоқчи бўлар эдим, бироқ гоҳ ҳаддим сиғмасди, кейинга қолдирардим, баъзан эса негадир ийманардим.
Устоз чин маънода ўз даврининг энг комил инсонларидан бири эди, десам сира лоф қилмайман. Инсоний ва олимлик ҳислатлари домлада уйғун ва мукаммал кўринишда эди. Қуйидаги лавҳаларда бу нарсалар ўз ифодасини топган.
Илмий ҳалоллик ва бирламчи манбаларга асосланиш.
Устознинг илмий-педагогик соҳада шогирдларига қуядиган биринчи талаби – ҳалоллик, асл манбаларга суяниш, аргументлилик эди! Устознинг ўзлари араб ёзувидаги қўлёзма манба қайси тилда ёзилган бўлишидан қатъий назар оригиналида эркин ўқирдилар ва ўзлари биринчи тадқиқотчи сифатида талқин қилар, манбаларга худди шундай ёки шунга ўхшаш муносабатда бўлишни шогирдларидан ҳам талаб қилар эдилар. Шу сабабли домланинг шогирдлари нафақат адабиётшунос, балким манбачи ва матншунос, тарихчи ва шарқшунос бўлиб ҳам етишар эди. Бундай олимлар сирасига Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби, профессор Муслиҳиддин Муҳиддинов, Шуҳрат Сирожиддинов, Ж. Ҳамроев кабиларни киритиш мумкин.
Аспирантурада қолишим ва устознинг шогирдларини “қизғаниши”.
Университетни тугатган йилим, собиқ курсдошим Шавкат Ҳасанов ўйимга қўнғироқ қилиб, ўша вақтдаги ўзбек филологияси факультети декани профессор Нуриддин Шукуров ҳозирги замон ўзбек адабиёти йўналиши буйича аспирантурага бир жой келганлиги ва унга мени муносиб кўраётганлигини айтди. Аслида менинг талабаликдаги йўналишим ўзбек адабиёти тарихи бўйича бўлганлиги сабабли ҳайрон бўлдим. Факультетга бориб, деканга учрашганимдан кейин “Йўналишингизни мумтоз адабиётдан совет даври ўзбек адабиётига ўзгартирасиз энди Эркинбой,ишларингизга муваффақият” деб аспирантурага қабул қилишлар учун аризамни олиб қолдилар ва ўзлари раҳбар бўлиш истакларини айтдилар.
Декан хонасидан чиқиб “ўзбек адабиёти тарихи” кафедраси мудири, устозим Ботирхон Валихўжаевга учрашдим, аспирантурага қабул бўлаётганлигим, бироқ соҳам ўзбек адабиёти тарихи эмас, балки ҳозирги замон адабиёти бўлаётганлигидан домлони огоҳ қилдим. Устоз бироз норозидай бўлдилар, сўнг “кетмай туринг” деб ўрниларидан туриб декан хонаси кириб кетдилар. Ярим соатлардан кейин жиддий қиёфада қайтиб келган устоз аризани “ўзбек адабиёти тарихи”га мослаб қайта ёздирдиларда уни олиб яна декан хонасига йўл олдилар. Тушунишимча, икки улуғ аллома ўртасида бироз “шогирд тортишуви” бўлиб ўтган. Одатда доим бағри кенг, кечиримлибўлиб юрган устоз Ботирхон Валихўжаев бу сафар қатъий характер кўрсатиб, шогирдини ўзига қайтариб олган ва бу ҳам етмагандек, аспирантура бўлимига қўнғироқ қилиб унинг йўналишини “ ўзбек адабиёти тарихи”га ўзгартирган. Шу-шу мен домланинг ёнида, кафедрасида қолиб тадқиқот ишларини олиб бордим. Бир йилдан кейин устоз мени кафедрага ўқитувчи қилиб ишга олдилар. Ўша вақтда кафедрада устоздан ташқари профессор Раҳмонқул Орзибеков, доцентлар Қобилжон Тоҳиров, Шавкат Холматов, Раъно Фозилова, Анора Мўминова деган ёши улуғ домлалар ишлар эдилар. Энг ёш ўқитувчи бўлиб улардан илм сабоқларини ўргандим.
Адашмасам, бир йилдан сўнг кафедрага ҳозирда Ботирхон Валихўжаев
Устоз валиймидилар?
Билмадим, балким устозимда инсон психологиясини англаш хислати жуда мукаммал тарзда ривожланган ёки устоз ростдан ҳам аллақандай ғайри табиий хусусиятларга эга инсон бўлганлар, ҳар қалай мен кўрган ва англаган айрим нарсаларни тушунтириш бироз мушкулдир.
Устознинг ҳали юз бермаган нарса-воқеаларни олдиндан айтиб турадиган хислатлари бор эди. Бунга мисоллар бисёр. Кафедрада ўқитувчилар дарс соати тақсимотлари билан мен шуғулланар эдим. Бир куни деканимиз Тоҳир Қурбонов мендан шу тақсимотни келтиришимни сўраганида негадир бу қоғозларни топа олмадим. Тақсимот уйда ҳам, кафедрада ҳам йўқ эди.Мендаги безовталикни кўрган домла “ - Сиз излаётган қоғозлар маъруза қилган минбар устида турибди”, - деган ва ҳақ бўлиб чиққан эдилар. Бир неча марта устозимдан дарсларимга оид китобларни ёки зарур маълумотни сўрамоқчи бўлиб ҳаёлимга келтирганимда “у китоб фалон жойда”, ёки “фалон манбани кўринг, ўша ерда жавоб бор” тарзида маслаҳат берар эдилар. Айтилмаган саволга овозли жавобни эшитиш бироз ноодатий туюларди.
Маънавий фарзанд устунми ёки жисмоний фарзанд?
Ботирхон Валихўжаев Хожа Аҳрори Валий ҳақидаги изланишларини давом эттираётган бир пайтда Мирзо Улуғбек, унинг комил шогирдлари ва Абдулатиф Мирзо, падаркушлик ва ноқобил фарзанд психологияси кабилар ҳақида суҳбат қилдилар. Сўнг фикрларини хулосалаб, илм йўлида заҳмат чекаётган шогирдларнинг ҳам асли устоз учун бола, маънавий фарзанд эканлигига урғу бердилар. Домланинг фикрича, бу фарзандлар гарчи устоз вужудидан яралмаган бўлсада, лекин зиёлининг онгидан, берган илмидан шакллангандир. Гоҳида отанинг пушти камаридан бўлган ўғлонлар оталар истагандек эмас, бошқача ҳам бўлиш мумкинлигини юқоридаги тарихий ҳолатлар мисолида куюниб гапирган эдилар. Сўнг менга қараб савол бердилар: “Сизнингча, жисмоний фарзанд устунми, ёки маънавий фарзанд?” Мен негадир домланинг бунчалик таъсирланишини кутмаган эдим, шошиб, “икки тоифадаги фарзандлар ҳам бирдек азиздир” деб қисқа қилдим. Устоз бироз жим турдиларда, сўнг дедилар :“Маънавий фарзанд устун экан”! Бу савол ва ўзларининг жавобларида мен оталарнинг ишончини оқлолмаган фарзандлар ҳақида умумий бир хулосани англагандек бўлувдим.
Видолашув дуоси.
2005 йил августининг охирларида, устоз вафот этишларидан уч кун олдин тилшунос олим Толиб Жўраев билан бирга уйларига бордик. Уй ичидагилар беморни асраш мақсадида четдан келувчиларни ичкарига киритмаётган, домла ҳолдан тойган ва қимирламаётган экан. Биз ҳам қайтмоқчи бўлиб энди шайланган эдикки, устоз келганлигимизни қаердандир билиб чақиртирди. Биз домла ётган уйга кирмай бўсағага яқин жойдаги курсиларга ўтирдик, уй ичида тўшакда ётган устозим билан сўрашган бўлдик. Устоз ҳаракатга келдилар, белигача қаддини кутардиларда икки қўлини дуога очдилар. Мен умрим бино бўлиб бунақа таъсирли ва узун дуони эшитмаган эдим. Устознинг товушлари титрагандек бўлди. Шундан кейин тушундимки, устоз аслида сўнгги олқиш айтиш баробарида биз билан видолашаётган экан. Ҳурсиниб кетдим. Кўзимдан ёш оқди, ўрнимдан туриб бориб устозни, оёқларини маҳкам қўчгим келиб ўрнимдан турдим. Бироқ бунга рухсат йўқ экан, Толиб ака йўлимни тусди, бағрига олди. Устоз билан сўнгги марта кўз-ёш қилиб видолашдик.
Устоз Ботирхон Валихўжаев барчага ибрат бўладиган ҳоксор инсон, чин маънодаги зукко олим сифатида умр кечирдилар. Домланинг ҳар бир дарси адабиётшунослик учун кичик бир кашфиёт бўлар эди, эссизки, ўша вақтда факультетда на диктофон, на магнитофон бўлмаган, олтинга тенг маърузалар ёзиб олинмаган. Устоз бир дарсини ҳеч қачон иккинчи марта шу тарзда такрорланмас, дарсларга қоғоз-матнсиз, лекциясиз кирар, ҳамма нарсани тўхтамай, ёддан қўнғироқдан-қўнғироққа довур сўзлар эдилар. Устоз дарс вақтини жуда қизғанар, ҳатто дақиқа ва сонияларни бекорга сарфламас, шу сабабли дарс вақтида талабалар йўқламасини қилмас эдилар. Йўқлама қилмасликнинг бошқа бир сабаби ҳам бор эди, чунки талабалар домланинг дарсини сира қолдирмас эди, ҳатто бошқа курс, факультет талабалари ёки оддий адабиёт шинавандалари, муҳлислар келиб домланинг дарсларини шунчаки тинглашга, суҳбатини олишга муштоқ эди! Афсуски бундай мукаммал инсонлар ҳаётда жуда-жуда кам, дунёга ҳам балким ҳар юз йилликда келар ё келмас.
Устоз ҳақида айтадиганларим бисёр, қолган ҳотираларни ёзишга ҳам насиб бўлса вақт бўлади.

Эркин Мусурмонов,
Самарқанд давлат университети доценти,
филология фанлари доктори.

