У шундай камтар ва хокисор эдики, энг дарсдан қочар курсдошларимиз ҳам унинг дарсида сокин ўтирар эди. Бўлмаса, домла ҳеч қачон йўқлама қилмас, дарсга қатнашиш-қатнашмасликнинг талабанинг инсофига ташлаб қўярди ва шундан бўлса керак, энг инсофсиз талабалар ҳам у кишининг дарсида инсофга келарди...

    Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида  ўқиб юрган йилларимизда тақдир бизни икки буюк олим ва донишманд билан учраштирди. Булардан бири академик Ботирхон Валихўжаев ва иккинчиси – Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, филология фанлари доктори, профессор Раҳматулла Қўнғуров эди. Ҳар иккала домла ўз даврининг етакчи филолог-алломаси эди. Улар ўзбек адабиётшунослиги ва тилшунослиги тарихида, СамДУ тарихида ўчмас из қолдирган. Шу билан бирга мен ҳамда менинг каби юзлаб кейинги авлод олим ва тадқиқотчилари ҳаётига муҳрини урган. Бу икки муҳтарам зот 1950-йилларда илмга кириб келган, бизга таълим берган 1980-90-йиллар уларнинг авжи камолга эришган даврлари эди. 2-курслигимизда академик Ботирхон Валихўжаев бизга "Ўзбек адабиёти тарихи", профессор Раҳматулла Қўнғуров "Ҳозирги ўзбек адабий тили. Морфология" курсидан маърузалар ўқиганди.

    Валихўжаев домла дарсни шошмай, ҳижжалаб ўтарди, лекция ёздирмас, талабалар билан дарс чоғида савол-жавоб қилишни яхши кўрар эди. Унинг саволларига тўғри жавоб берсанг, юзи ёришиб, қувониб кетарди. Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини алоҳида шавқ билан ўтарди. Навоийнинг турли йилларда босилган асарлари, ҳатто қўлёзма китобларни дарсга кўтариб келар, уларни, униққан, муқовалари эскирган китобларни қўлимизга берар, ўқитар, бизнинг содда, тўмтоқ фикрларимизни ўзи ривожлантирар, жўяли жавоб шаклига келтирар эди. Ҳеч кимни билимсизликда айбламас, озгина ҳаракатингиз бўлса бас, домла шунга қаноат қилар, "яна ўқиб ўргансангиз, ҳаммасини билиб оласиз", деб энг танбал талабани ҳам руҳлантириб қўяр эди.

    У шундай камтар ва хокисор эдики, энг дарсдан қочар, бетамиз курсдошларимиз ҳам унинг дарсида қўзичоқдай сокин ўтирар эди. Бўлмаса, домла ҳеч қачон йўқлама қилмас, дарсга қатнашиш-қатнашмасликнинг талабанинг инсофига ташлаб қўярди ва шундан бўлса керак, энг инсофсиз талабалар ҳам у кишининг дарсида инсофга келарди. Домла раҳматли Шарқ педагогикасининг энг гўзал тарафларини яхши ўзлаштирган ва талабани ишонч, мақташ, руҳлантириш орқали дарсга жалб қилишни ўзининг асосий таълим-тарбия бериш усулига айлантирган эди.

    Домла ҳаётда ҳам фариштадай сокин турмуш кечирар, ишга пиёда келиб, пиёда кетар, доим ўз китоблари, илмий ишлари билан банд эди. Дунёнинг моли-мулки, манфаати уни қизиқтирмас, ҳеч бир моддий манфаат келадиган ишга аралашмас, нафсини оёғи остига олабилган саноқли инсонлардан бири эди. Хуллас, у ўзининг пок ва тамиз дунёсида инсон, олим ва мураббий деган қутлуғ номга гард қўндирмасдан яшарди.

    Эски шаҳарда отасидан қолган уйда мутавозе тирикчилик қиларди. Туннел каби дарвозахонадан ҳовлисига кириларди. Йилда икки-уч бора борганимда 5-6 минг китоб полдан шифтгача қаланган болохонасида, темир печканинг ёнида, аччиқ қора чойни ичиб, сигарети оғзида – ана шу қиёфада кўрардим уни... Кўзларида доим ажиб бир меҳр, мунг бор эди. Ундай назокатли, хушмуомала ва дилбар инсонни ҳалигача кўрмадим ва кўрмасам ҳам керак, деб ўйлайман.

    Мени талабаликдан билар эди. 2-курсда ўқиётганимизда талабаларнинг илмий ишлари конкурсига унинг илмий раҳбарлигида "Бобурнома"да Самарқанд таърифи" мавзусида бир лойиҳа ёзган эдим. Республикада 2- ўринни эгаллаганди бу иш, бу муваффақиятга мендан кўпроқ у қувонган эди.

    Орадан йиллар ўтди, СамДУда ишлаб, илмий йўлимизни туркологиядан белгилаб, қардош Туркиядаги ҳамкасблар билан алоқа ўрнатиб, устозларнинг ёнида фаолият кўрсатиб, уларнинг хизматини қилишдек шарафга муяссар бўлдик.

    1998 йили Туркия Истанбулда IRCICA – Ислом маданияти ва санъати тадқиқотлари Халқаро Маркази бир халқаро конференция ташкил этган эди. Бу конференцияга бораётганимни айтганимда домла менга 2-3 та китобларини бериб юборди. Марказ бошлиғи, машҳур Ислом фани тарихи тадқиқотчиси, профессор Акмалиддин Иҳсонўғлига домланинг саломлари ва китобларини етказдим. Бунгача домла 1994 йилда ўзбек олимлари делегацияси билан бу марказни зиёрат қилган ва Акмалиддин бей билан танишган экан. Акмалиддин бей жуда хурсанд бўлди.

    - Сиз дoмланинг шoгирдимисиз?

    - Ҳа, шундай.

    - Ундай бўлса мeни яxшилаб эшитинг. Билишимча, дoмлангиз жуда билимли oдам. Марказимиз ва мeнинг унга шаxсий илтимoсимиз: лутфан Валиxўжаeв дoмла Улуғбeк Мадрасаси ва Улуғбeк даври мадрасаларининг тариxини ёзсин. Биз IRCICA ўларoқ, бу китoбни туркча ва инглиз тилида чoп этамиз.

    Марказда нашр қилинган бир неча китобларни домлага ҳадия сифатида бериб юборди.

    Домлага Акмалиддин бейнинг совға ва тилакларини, алоҳида илтимосини ҳам етказдим. Ботирхон Валихўжаев гапларимни диққат билан тинглади, икки-уч дона сигаретни орқама-орқа чекиб олгач: "Ёзамиз, мулло, - деди жилмайиб. Бизга шундай мўътабар илмий марказ топшириқ беради-ю, бажармаймизми? Қолаверса, дунёда тенги йўқ юртимизни, мадрасаларимизни жаҳон илм аҳлига таништиришга бир имконият бу...”

    Домла бир ишга киришса, эринмай, шошмай, тоза қаловини келтириб, ҳеч кимга овоза қилмай ишлар эдилар. 2001-йил бўлса керак, ўша пайтдаги ва бугунги кундаги ректоримиз Рустам Холмуродов ҳамда ўша йиллардаги Самарқанд вилояти ҳокими Шавкат Мирзиёев билан маслаҳатлашиб, уларнинг ташаббуси билан аввал "Улуғбек даври мадрасалари" рисоласини, кейин "Самарқанддаги мадрасаи олиялар – олий таълим муассасалари тарихидан" номли чуқур манбаланган монографик тадқиқотни тайёрлаб, эълон қилди.

    2001-йилда Америка сафарига Истанбул орқали кетаётиб, домланинг ўзбек-кирил алфавитида ёзилган рисоласининг қоғоз ва электрон вариантларини IRCICAга бирров кириб, Акмалиддин бейга топширишга улгурдим. "Мен танишиб чиқаман ва сўнгра туркчага таржимасини бошлаймиз. Таржимани Сиз қиласиз, бу менинг шахсий илтимосим", деди у. Мен унга Америкага кетаётганим, қачон қайтишим номаълумлиги, менга топширилса, таржима кечикиб кетишини айтдим. Шунда у "Кишимжан Эшенкулова деган бир қирғиз шогирдим бор, у умумий таржимасини қилади, кейин сиз таҳрир қиласиз", деб гапларимни маъқул топди.

    Таржима 2003-йил бошида битди. Сўнгра электрон почтада 3-4 ойда таржимани таҳрирлаб, аниқлаштирдик. Китоб Акмалиддинбейнинг 60 йиллигига ўзбек олимларининг туҳфаси сифатида босиладиган бўлди. Домла билан иккимиз 2 кун ўтириб, китобга бир "Кириш сўз" ва Акмалиддин бейга "Қутлов хати" ёздик. Домланинг ёнида туркчага таржима қилиб, ўзига ўқиб бердим, ўшанда мақтангим келган, шекилли. "Офарин, мулло, туркчани ўзбек тилидай билар экансиз. Тасанно, офарин, тасанно", домланинг оғзидан мақтов ёғди. Айтиш керакки, домла туркчани яхшигина билар эди, фақат амалий сўзлашишда қийналар эди, холос.

    Китоб 2004 йилнинг ёзида IRCICA нашриётида 5000 тиражда босилиб чиқди. Акмалиддинбей тинмай телефон қилар, э-маил ёздирар, икковимизни Истанбулга, китобнинг тақдимотига чақирар эди. Домлага шу масалада 5-6 марта учрашдим.

    Домла "йўқ, бормайман", демас, аммо ҳар гал бир важ-карсон кўрсатар эди. Охири бир кун: "Домла, паспортингизни беринг, овир очтирай", дедим. Домла ёнидан жой кўрсатиб, мени ўтқизди, бир пиёла аччиқ фамил чойидан икром этди ва деди: "Мулло, мен самолётда учишга ярамайман. Ҳатто машинада ярим соат – бир соат юришга ҳам тоқатим йўқ. Мен борсам-у, кейин касал бўлиб қолсам, сизга ташвиш бўлади. Ўзингиз бизнинг номимиздан бориб келақолинг"...

    Шунда домлага диққат билан назар солдим, ҳақиқатан ҳам устознинг ранглари олинган, ўзи озғин одам, янада озган, кайфияти ҳам сўниқ эди. Вазиятни Истанбулга билдирдим, оила аъзоларидан бири, умр йўлдоши, масалан, келсин, дедилар. Аммо аянинг ҳам аҳволи маълум, яна у киши домланинг парваришига масъул бўлса... Охир-оқибат Домланинг қизлари Феруза опа ва невараси Меҳрибон борадиган бўлишди.

    2004-йил, 12-декабрда академик Ботирхон Валихўжаевнинг "Uluğ Bey devri medreseleri" китоби тақдимоти Истанбул Йилдиз саройидаги IRCICA офиси мажлислар залида катта тантана билан ўтди. Истанбулдаги университетлар ва илмий марказларидан олимлар, тадқиқотчилар келишган эди. Истанбулдаги ўзбек Бош консули ва консулхона ходимлари ҳам ҳозир бўлишди. IRCICA директори профессор Акмалиддин Иҳсанўғли домланинг ва каминанинг адресига, ўзбек фани ва маданияти шаънига кўп илиқ ва мақтов гаплари айтди. Домлага 50 дона китоб, эсдалик совғалари бердилар. Қайтганимиздан кейин бу китоб ҳақида кўп кўрсатувлар, радиоэшиттиришлар қилинди. Вилоят ҳокими ва университет ректорига китобнинг нусхаларидан тақдим этдик.

    Домланинг қувончи чексиз эди. Ўзини тарбиялаб камолга етказган жонажон маскани Самарқанд давлат университети Улуғбек мадрасасининг давомчиси эканлиги ҳақидаги ғоясини бу китобда тўкиб солган, бир фарзанд сифатида альма-матери олдидаги қарзини шараф билан адо этган эди.

    Домла билан боғлиқ яна бир илиқ хотирам. 1998-йилнинг охирида Жанубий Кореянинг Пусан Чет Тиллар университетидан ишга таклиф олдим. У пайтлари бу жуда катта ҳодиса эди, мамлакат ва ўзбек фани эндигина ташқи дунёга очила бошлаган, дунёнинг нуфузли университетида ўзбек тилини ўрганиш ва ўқитиш бошланган даврлар. 1999-йил бошида сафар ҳозирликларини тамомлаб, кетар куним яқин қолгач, оқ фотиҳасини олиш учун домланинг ёнига бордим. Домла ўша юқорида тасвирлаганим вазиятда мени кутиб олди. Машҳур аччиқ қора чойи билан сийлади. "Менга қаранг, мулло, деди, тилимизни Кореядек ривожланган ўлкада университет даражасида ўрганаётган эканлар, албатта фахрланамиз. Бу ишга сизни, университетимизнинг вакилини даъват этганлари билан эса ғурурланамиз. Сиз бу ишнинг уддасидан чиқасиз, мулло. Ой бориб, омон қайтинг".

    Домла ҳақиқатан ҳам менинг муваффақиятимдан хурсанд эдилар ва менга ўзларининг ифодаси билан айтганда "аз таги дил" омад тилаётган эдилар.

    Ёз ойларида каникулга келганимда домланинг ҳузурига бордим. Эрталаб эди, ҳовлида гурунг қилдик. Домлага, невараларига ҳадия келтирган эдим, жуда мутаассир бўлди. Невараларини кўчадан, ўйиндан тўплатиб келтирди. "Мана бу киши – мулло Жўлибой, Кореядаги университетда профессор бўлиб ишлайдилар, ўзбек тили ва турк тилидан дарс берадилар. Талабаликдан яхши ўқигани учун шу даражага эришдилар. Мана, сизларга ўрнак олинадиган одам", деб уларга мақтаб, мени хижолат қилдилар.

    Кореядаги университет ҳаёти, корейсларнинг турмуши, корейс талаба ёшларининг дунёқараши, ўқишга интилиши ҳақида суриштирдилар. Домланинг Пусан Чет тиллар университетидаги интернет тизими, ўқув жараёнининг интернет орқали олиб борилиши ва бошқарилиши, корейс ёшларининг интернетга меъёрдан ортиқ боғланиб қолгани ҳақидаги фикрлар ҳайратга солган эди (у вақтлар мамлакатимизда интернет ёйғин эмас эди, Самарқандда 2 та интернет-кафе бор эди, холос).

    " - Демак, у ёқларда интернет таълим воситаси бўлибди-да, мулло?" - деди. Тасдиқ ишоратини бердим. Аммо, афсуски, бизни бошқарганлар орасида интернетни яқин-яқинларгача таълим бериш воситаси эмас, ёшларнинг ахлоқини бузадиган, таълимнинг жиддиятини озайтирадиган шайтоний восита сифатида қараш кайфияти бор эди. Бу консерватив қараш бизга қимматга тушди, 2016 йилгача таълим тизими архаиклигича қолди, мамлакат интернет тезлигида дунёда Кения ва Мозамбик қаторида эди. Ҳозир бу камчиликни тузатиш учун жуда катта куч-ғайрат сарфланмоқда ҳамда у ўз мевасини бера бошлади: 2020 йилдаги КОВИД-2019 пандемик карантини пайтида масофали ўқитишнинг афзалликларини барча кўрди. Агар охирги уч йилда интернет жадал ривожлантирилмаганида ана шу карантин чоғида таълимнинг узлуксизлигига эриша олармидик? Таълимнинг инфраструктурасини ва воситаларини доимий равишда янгилаб ва бойитиб бориш лозимлигини барчамиз чуқур англаб олишимиз керак.

    "- Мулло, - деди, домла назокат билан. - Сиз корейсларнинг ҳаётини хассослик билан кузатибсиз. Хизматни битириб келгач, Корея тарихи, корейсларнинг ҳаёти ва таълим тизими ҳақида бир китоб ёзинг. Бошқаларга фойдали бўлади".

    Бу китобни Кореяга каникулдан қайтиб борганимданоқ ёза бошладим. 2002-йилда "Жанубий Корея: ўтмиш ва бугун" китобим нашрдан чиқди ҳамда бу китоб ҳозиргача Корея тарихи ва маданияти бўйича нодир қўлланма сифатида талабаларга хизмат қилмоқда.

    Домла афтидан, орқаваротдан барчамизнинг хатти-ҳаракатимизни, гап-сўзларимизни кузатар ва баъзи хулосаларга келар эканлар. Чет эллар университетларидаги академик эркинлик ва демократик муҳитнинг ҳавосини олгач, 2000-йиллар бошида у ер бу ерда биздаги босим ва зўракиликка асосланган таълим бошқаруви, пахталар, шанбаликлар, якшанбаликлар, профессор-ўқитувчи қадрининг ерга урилиши ҳақида танқидий фикрларни чекилмай айтаверар эдим. Домланинг қулоғига бу чалинган шекилли, бир кун хонасига чақиртирди: " - Мулло, - деди оҳиста, эҳтиёт бўлинг, ҳушёр бўлинг. Сиздай яна битта мулло Жўлибой Форишдан келиб, сиздай олим бўлгунича, эҳ-ҳе, қанча-қанча сувлар оқиши керак. Ўзингизни эҳтиёт қилинг, мулло".

    " - Бирон гап борми, устоз?"

    " - Йўқ, йўқ, эҳтиёт шарт, сиз бизга кераксиз, оилангизга кераксиз..."

    Мени хавотирлантирганига хижолат бўлди, шекилли, кейин оиладан, бола-чақадан сўради. " - Фарзандларингизга кўп тил ўргатинг мулло, - деди. - Сиз мана ўзингиз уларга яхши намуна".

    2005 йил август ойи охирида академик Ботирхон Валихўжаев вафот этганида билетим қўлимда, эрта-индин Берлинга кетишим керак эди. Кечаси соат саккизларда ўша пайтдаги маҳаллақўмимиз бу шум хабарни етказди. Домланинг барча севганлари қатори мен ҳам чуқур ларзага тушган эдим. Аммо ўлим ҳақ ва ҳар бир жон бир кун ўлимни тотгусидир. Ҳадисда айтилганидек, "Олимнинг ўлими - оламнинг ўлимидир", академик Ботирхон Валихўжаев каби улуғ устознинг ўлими эса миллат ва миллий фан учун оғир йўқотиш эди.

    Унинг худойисидан бир кун ўтиб, Берлин Ҳумболдт университетида фаолиятимни давом эттириш учун учиб кетдим ва 2006-йили унинг туғилган кунида мозорини зиёрат этдим. Шоҳи Зинданинг не-не буюклар ётган бағрида устознинг қабри хоксоргина бўлиб турарди... Яратган Тангри учмоғидан ер айирган бўлсин...

 

Жўлибой Элтазаров,

Ипак йўли туризм ва маданий мерос

халқаро университети биринчи проректори,

филология фанлари доктори, профессор.