“Денгизгача қанча йўл ..?”
Билмадим, ер юзида нечта денгиз бор экан…Каспий денгизи, Оқ денгиз, Болтиқ денгизи, Қора денгиз, Ўрта денгиз, Орол денгизи…Денгиз десам кўксимда нимадир симиллаб қўяди. Бу оғриқми, санчиқми, билмайман. Денгиз десам юрагимнинг қақроқ ёриқларидан қўзғалган тўзон ўзи каби чанг босган туйғуларни қалбим юзасига қалқиб чиқаради. Бир пайтлар бу туйғулар сувдек соф, тоза эди. Илгари денгиз исмини тилга олишим билан биллурдек тоза сув юрагим тубидан булоқ бўлиб тошиб чиқар, ўзидай зилол туйғулар, зилол хотиралар етакловчиси бўлиб вужудимда кезаётган қон билан томирларимда жўш урарди. Аммо энди чанг, тупроқ ва қумларга макон бўлган хотиралар ичра бир томчи сувга, бир қатра зилолликка муҳтож бўлиб ўтирибман. Энди денгиз десам кўз олдимда узоқ чўлда қуюн бўлиб кўтарилган тупроқ ва сувнинг ерга сингган томчиларидан ёдгор саксовуллардан ўзгаси кўринмайди…
Денгиз…
***
– Тоғга бор, тошга бор.
Ота-онанг қудуқда.
Тоғга бор, тошга бор
Ота-онанг қудуқда...
Бола бармоқлари узра ўрмалаб бораётган хонқизига тикилиб ўтираркан, шеър айтишдан тўхтаб бувисига юзланди:
– Буви, нимага хонқизи тутиб олсак бунақа қўшиқ айтамиз?
Буви қора, дағал бармоқлари билан кафтини қоплаган совун кўпикларини сидириб ташларкан, эзғилаб ўтирган бир тоғора киридан кўз олмаган кўйи жавоб беради:
- Ота-онасини излаб йўлга чиқса керак-да, болам.
- Унинг ота-онаси ростанам қудуқдами?
- Ҳмм, шунақа.
- Буви, менинг ота-онам ҳам қудуқдами?
- ...
- Буви, айта қолинг.
- Ҳа, болам, шундай…
- Қайси қудуқдалигини биласизми?
- Билмайман.
Савол-жавоб шу жойида поёнлайди. Аммо боланинг кўнглида милтиллаб турган бир қатра илинжнинг тафти янада баландроқ ловиллай бошлайди: “Қоплон, эшитдингми бувимнинг гапини. Менинг ота-онам қудуққа тушиб кетган экан. Худди хонқизининг ота-онасига ўхшаб.
Тоғга бор, тошга бор
Ота-онанг қудуқда...
Ҳой, хонқизи! Сен ота-онангни қудуқдан қидиришинг керак. Эшитдингми? Улар қудуқда.
Қоплон, Қизилравотда нечта қудуқ бор экан-а...”
***
– Ҳой бола, сенга нима бўлди? Вой, ўлмасам, аҳволингга бир қара. Моматалоқ бўлмаган жойинг қолмабди-ку, ким билан ёқа бўғишдинг?!
– ...
- Гапирсанг-чи, тилингни ютдингми?
Бола ҳадик билан бир бувисига, бир нарироқда бошини икки оёқлари устига қўйганча чўзилиб ётган итга қаради. Кир пешонасидан қуйилиб келаётган тер томчиларини зарда билан сидириб ташларкан, жавоб берди:
– Эрболат билан. Ўзи-да...мени “етим қўзи” деди.
– Эрболат ғирт аҳмоқ бўлса. Шу билан тенг бўлиш шартмиди?
– Сиз тушунмайсиз-да, буви! Мени ҳақорат қилганига жим қараб туришим керакмиди?!
- Сенга неча марта айтдим, Эрболатларникига борма, деб.
- Уникига борганим йўқ. Амударёга сувга бораётган эдим. Ўзи ортимдан илакишиб олди. Аввал дарёга сув тўкаётганимни кўриб, “жинни девона” деди, индамадим. Кейин “Етимлигидан томи кетган қўзичоқ” деганига чидаб туролмай, башарасига туширдим.
Буви беҳол супага чўкди:
- Яна дарёга боряпсанми?
Бола индамай ортига бурилиб, уйга томон юраркан, ичида ўйларди: “Эрболат аҳмоқ эмиш. Аҳмоқ ҳам гапми, ғирт ҳайвон у. Нуқул, ота-онам йўқлигини пеш қилиб, камситгани камситган. Ҳали, қудуқдан ота-онасини топиб олса, ундан шунақанги ўч оладики, Эрболат уни ҳақорат қилганига минг пушаймон бўлади.”
Денгиз ҳамиша кимдандир хафа бўлса чўлга жўнайди. Чўлнинг ичкарироғида саксовуллар ғуж ўсган тепалик унинг “ҳудуд”и. Илиқ қумга узала тушиб, осмонни кузатиб ётишни яхши кўради. Саҳро гармсели саксовул шохлари узра бетоқат “увиллайди”. Дайди эпкин чўлнинг ичкарисидан етаклаб чиққан чанг тўзонни унинг юз-кўзига сочади. Бола ҳеч нарсага парво қилмай, иссиқ қумга ётиб олиб, осмонга тикилади. Саҳронинг булутсиз кўк-кўк осмони унга денгизни эслатади. У тушларида тез-тез кўриб турадиган Оролни ана шу кўм-кўк осмон каби кенг, сарҳадсиз денгиз деб тасаввур қилади. Унда хаёлан сузади, баъзида яккам-дуккам учраб турадиган булутларни эса катта-кичик кемалар деб тасаввур қилади. У шу кемалар узра денгизнинг бепоён сарҳадларида кезади. Баъзан бу оппоқ булут унинг ўзию, уни бағрига олганча оламни айланаётган осмон бувисига айланади. У илк бор денгиз ҳақида ҳам бувисидан эшитган. Аслида ўшанда бола нима учун унга Денгиз деб исм қўйишганини сўраганди. Буви эса икки дақиқанинг ўзида боланинг кўз олдига ҳақиқий денгизни келтирди-қўйди. Бувининг айтишича, қишлоққа ҳаёт бериб турган Амударёнинг узоқларда яшайдиган Орол деган денгизи бор экан. Амударё Оролга худди бувидек гап экан. У узоқлардаги тоғликлар бағридан сизиб чиққан сувларни йиғиб Оролга олиб бориш учун йўлга чиқар экан. Аммо Оролга боргунча Қизилравотга ўхшаган юзлаб қишлоқлардан, шаҳарлардан ўтиб, неча-неча экин майдонларини, пахта далаларини суғориб, ана ундан кейин Оролга борар экан. Кунчиқар тарафда Амударёнинг худди ўзига ўхшаган Сирдарё деган иниси бор бўлиб, у ҳам Оролга қуйилар экан. Орол ана шу сувларни деб тирик экан. Лекин, афсус, улар иккиси Оролга деб олиб борган суви жуда кам бўлиб, Оролга бу етмас, унинг чанқоғини босолмас экан. Шунинг учун у кундан-кунга қуриб бормоқда экан. Аммо шундай бўлса-да, бола осмонни Орол деб тасаввур қилишдан тўхтамайди. Юрагининг аллақандай беэга бурчакларида Оролни олиб юради. Бувиси, Қоплон ити ҳамда Қизилравотдан кейин яхши кўрадиган дўсти у. Баъзан дарёда чўмилаётганида бир хаёли сув оқаётган томонга сузиб, Оролга бормоқчи ҳам бўлади. Аммо Оролнинг жуда олисдалигидан ҳайиқади.
Баъзан, осмондан “гулдираб-гулдираб” самолёт ўтиб қолади. Бола узоқ-узоқларда пашшадай учиб бораётган самолётни кўриши билан сапчиб ўрнидан туради-да болалар тилида одат бўлиб қолган шеърни айтиб қичқирганча самолёт изидан югуради:
- Са-мол-ёт, са-мол-ёт
Қа-но-тинг-ни таш-лаб кеет!
Самолёт булутлар кўксини ёриб, мовий тўлқинлар бағрида суза-суза кўздан ғойиб бўлади. Қизилравотнинг иссиқ бағри боланинг овозини қумга томган сувдай ютиб юборади.
***
Айтишларича, Қизилравот чўлларида илгари баъзи бир карвон йўллари ўтган. Шунинг учун, чўлнинг ичкарироғига, Ҳазорасп томонга қараб юраверсангиз яккам-дуккам суви қуриган қудуқларга дуч келасиз...Бола ҳам излай-излай мана шундай қудуқлардан биттасини топди. Бола шу пайтгача чўлга бунчалик ичкариламаганди. Унга одамлар ёдидан унут бўлган, эски қудуқ керак эди. Ва ниҳоят шундай қудуқ топилди. Саҳронинг дайди шамоллари тўзғитган қумлар дастидан кўмилиб қолган бу қудуқ Қизилравот саҳросининг шимолроғида боланинг “ҳудуд”идан саккиз-тўққиз чақирим нарида эди. Бола қудуқни топишга топди-ю, унинг ичига тушишга келганда сал чўчиди. Аммо қидираётган нарсасининг шу ерда эканлигига ишонч туйғуси уни мақсад сари дадил одимлашга қайта ва қайта ундаб турарди.
“Бир-икки-уч.”
Ташландиқ қудуқ болани ўз бағрига олди…
***
–Бу ерда кимдир борми?
Қудуқнинг тош деворлари узра бегона овоз титраб-титраб акс-садо берди. “борми-борми-борми”. Бола қўлидаги тешасини ташлаб тепага қаради. Қудуқ оғзидан кўриниб турган кўм-кўк осмон узра бир одам боши унга эгилиб турарди. Нотаниш одам қудуқ тубига янада қуйироқ энгашди:
–Бу ерда нима қиляпсан?
–Кўрмаяпсизми, ишлаяпман.
–Икки дақиқага бу ёққа чиқа оласанми? Ёрдаминг керак.
Бола осилиб турган арқонга тирмашиб қудуқ оғзига чиқди . “Қизиқ, бу одам қудуқни қаердан топди экан…”
- Исминг нима?
- Менда ишингиз борми?
Бола нотаниш одамнинг спортчиларникига ўхшаган кийимига, иссиқдан бўғриққан юзига ҳадиксираб тикилди.
- Шу атрофда бирорта қишлоқ борми? Илтимос менга қишлоққа борадиган йўлни кўрсат. Адашиб қолдим.
- Сиз кимсиз?
- Исмим Йўлдош. Илмий тадқиқот институти тадқиқотчисиман. Ҳазорасп қўриқхонасини ўрганиш учун тузилган экспедиция вакиллари билан Хоразмга келаётгандик. Вертолётимиз парвоз вақтида бошқарувни йўқотди. Шунинг учун ҳаммамиз парашютда ерга сакрадик. Мен чўлнинг ўртасига тушдим. Уч соат юра-юра шу ерга келиб қолдим. Қарасам узоқдан одам қораси кўринди. Келсам, сен экансан. Илтимос, мени қишлоққа олиб бор. Мен зудлик билан телефон топиб, экспедиция бошлиғи билан алоқага чиқишим керак.
- Яхши, сизга ёрдам бераман. Фақат ишимни тугатгунимча кутиб туришингизга тўғри келади.
- Бу ерда нима иш қиласан ўзи?
Бола қудуқ оғзига боғланган арқонга тирмашаркан жавоб берди:
- Бир нарсани қидиряпман.
***
–Хўп келибсиз, болам. Бу саҳрою қумлар бағрида тағин шундай иссиқда тирик қолганингизнинг ўзи катта гап. Яхшиям ёнингизда сув бор экан. Бўлмаса шунча йўлни ҳам босиб ўтолмасдингиз.
- Тўғри айтасиз, буви. Неварангизни менга Худонинг ўзи етказди. Бўлмаса қишлоқни топиб келолмасдим.
- Ҳа, айтганча, Денгизжон, болам, чўлда нима қилаётган эдинг ўзи? – савол назари билан неварасига қаради буви.
Бола, меҳмондан кўзини олмай жавоб берди:
- Қоплон чўлга қараб югуриб кетувди. Уни қувиб боргандим.
- Ҳа, меҳмон, бу ўзи шундай. Итини бирам яхши кўради. Энг яқин дўсти. – Буви шундай дея болага ўгирилди. – Денгиз, бор, қўйларга емиш бериб келгин.
Бола индамай ўрнидан турди. Сўри тагида ётган ит думини ликкиллатганча унга эргашди.
- Неварангиз билан ёлғиз яшайсизми, буви?
- Шундай, болам. Сизнинг оилангиз борми?
- Онам, иккита қизим бор. Хотиним вафот этган. Икки йил бўлди.
- Ҳа, Аллоҳ ёзган тақдир-да, болам. Шерикларингиз келиб олиб кетгунича бемалол бизникида тураверишингиз мумкин. Бирор нарса керак бўлиб қолса, Денгизга айтинг.
***
Саҳролар бағрини қоқ иккига бўлиб Амударё оқиб ўтади. Жайҳунсувнинг ҳар томчисида бир олам яшайди. Ҳар томчида бир бахт, бир умид, бир орзу, бир армон. Қум зарраларини ҳар ён учирган гармсел шамоли унинг бағрида шабадага айланади, умид билан экилган уруғлар шу сувни деб бошоқ бўлади, эгат бўлади, ниҳол бўлади. Атроф-жавонибни жизғанак қилган офтоб унинг бағрида нурга айланади. Амударёнинг бағри ана шундай кенг, ана шундай жонбахш. Худди бувиларнинг бағри каби.
***
- Дарё тошқин, сувлар тўлқин ўтолмайман
Отим ориқ манзилимга етолмайман… - Йўлдош нигоҳини пишқироқ тўлқиндан олиб, нариги соҳилга тикди. - Денгиз, анави қиз ким?
- Нуржан опа-ку. Жонгул холанинг қизи.
- Уни яхши танийсанми?
- Ҳа. Нуржан опа жуда яхши қиз. Лекин, бутун қишлоқ уни ёқтирмайди. Айтишларича, эри Амударёда балиқ овлайман деб чўкиб кетган экан. Шундан кейин Нуржан опа ота уйига қайтиб келган, лекин укаси билан келини уйга сиғдирмаган. Қишлоқ оқсоқоллари орага тушса, ҳамма айбни опасига ағдариб, Нуржан опамни енгилтакка чиқарган. Лекин опа ҳеч ҳам унақа эмас. Мен уларни тез-тез соҳилда кўриб қоламан. Дарё бўйида сувга тикилганча жим йиғлаб ўтиради. Одамлар минг ёмон дейишса ҳас, Нуржан опам жуда яхши, мен уларни яхши кўраман.
Бола сўзини тугатиб, ўрнидан турди. Шими почаларини янада баландроққа шимарди:
– Менга ёрдам бериб юборасизми?
– Қанақа ёрдам? - Йўлдош кўзини нариги соҳилдан олиб, болага қаради. Бола эпчиллик билан кечувга сакраркан, жавоб берди: “Сув ташиймиз, Нуржан опаларнинг қудуғидан. Ҳарна дарёга яқинроқ”. Йўлдош ҳеч нарсага тушунмаган бўлса ҳам, Нуржан исмини эшитиб, тезликда болага эргашди. Денгиз эшагига арава қўшиб олиб чиққунича Йўлдош бўш челакларни тахт қилиб қўйди.
- Уйда сув етарли экан-ку, сувни қаёққа ташимоқчисан?
- Юраверинг-чи, охирида кўрасиз.
Челаклар ўнта эди. Ўн челак сув қудуқнинг муздай бағридан чиқиб, темир челакнинг бағрини тўлдирди. Ўн челак сув, ўнта ҳаёт. Оловтафт чўллар иссиғида бу неъматсиз яшаб қолиш қийин. Денгиз кетма-кет эшагининг биқинига ниқтаркан, хаёли Оролда эди: Иссиқ ҳаво, бийдай чўл, томоғи чанқоқ забтидан қақраган Орол зўрға нафас олади. Шўрликнинг томоғига бир тутам тикан кириб қолгандай, ҳар ютинганда даҳшатли оғриқ қўзғалади. Кучли чанқоқ даҳшатини бола бир ҳафта аввал қудуқ кавлагани борганда ҳис қилди. Агар Қоплон ўйинқароқлик қилмаганда, эҳтимол бунақа бўлмасмиди. Ўшанда у ҳар доимгидек эски қудуқ оғзига келди. Саксовул шохлари билан беркитган қудуқ оғзини очиб ичкарига тушишдан олдин йўлхалтасини қудуқ оғзига қўйди. Халтада яримта нон, елим идишда сув, боя келишда йўлдан топиб олган учта ошиқ бор эди. Шу кўйи у тушгача ишлади. Чанқаб қолиб, сув ичмоқчи бўлганда йўлхалтасини ташқарида қолдиргани ёдига тушди. Чиқиб қараса, халта йўқ. Нарироқдаги саксовул соясида узала тушганча ётиб олган Қоплон халтани олдинги оёқларига қисиб, ғажиб ўтирар, нарироқда тиш зарбидан бели йиртилган бўш елим идиш, ошиқ доначалари думалаб ётарди. Яримта нондан асар ҳам йўқ. Денгиз Қоплонни роса қумбўрон қилди, биқинига тепди, оёғини босди. Аммо, энди кеч бўлганди. Офтоб қиздиргандан қиздирар, атрофда қилт этган тирик жон йўқ, бийдай чўл. У жонҳолатда қишлоқ томон югурди. Югурган сари танасидан мадор кетарди. Томоғи қақраб, ачишар, борган сари ҳолсизланиб борарди. Юра-юра бир соат деганда қишлоққа етди.
Эшак тўсатдан тўхтаб қолгач бола чўчиб бошини кўтарди. Олдинда тўлқинлари мавж урган Амударё шарқираб оқиб ётарди.
- Денгиз, йўлдан адашдингов. Дарё бўйида кимга сув керак?
- Йўқ, адашмадим. Қани, Йўлдош ака, челакларни соҳилга ташийлик-чи.
У шаҳд билан икки челак сувни олиб, дарё томон кетди. Йўлдош унинг нима қилмоқчилигини ҳамон англолмай, анграйиб турарди. Денгиз соҳилга тўрт марта қатнаб челакларни соҳилга ташиди. Охирги икки челакни Йўлдош ўзи олиб борди.
- Нима қилмоқчисан ўзи?
- Ҳозир...
Денгиз челакдаги сувларни бирма-бир дарёга қуйди. “Амударёжон, бу сувларни Оролга олиб бор. Ҳарна у учун олиб борадиган сувинг ўн челакка кўпайсин. Илтимос, уни эҳтиёт қил. Иложи борича кўпроқ сув элт. Бағрингдан беҳуда сув юлаётган одамларга айт. “Бу сув Орол учун, унга тегманглар” де. Дарёжон, Оролни сақлаб қол…”
***
– Денгиз, хайрият, шу ерда экансан. Бувинг сени қидиряпти.
- Дониёрларникига кетди, демадингизми.
– Айтдим. Чақириб кел, деди. Кечки овқат тайёр бўлди. Юр, кетдик.
- Ҳозир, чиқаман.
Қудуқ оғзига маҳкамланган арқон силкиниб, хира қоронғулик бағридан боланинг гавдаси чиқиб келди. Йўлдош унинг билагидан тортиб, чиқишга кўмаклашаркан, унинг оппоқ чангга беланган уст-бошига қараб, деди:
- Денгиз, сендан бир нарса сўрасам, майлими.
- Майли, сўранг.
- Бу эски қудуқдан нимани қидиряпсан?
- Муҳим нарсани. Лекин нималигини айтолмайман.
- Хўп, топишингга ишонасанми?
- Албатта.
- Яхши. Лекин бир нарсани унутма. Бу ҳаётда қидирган нарсаларингнинг ҳаммаси ҳам топилавермайди. Фақат, топилмаганда қидиришни тўхтатмасанг бас…
- Буни биламан. Одам дегани бир куни тўхтаб қолиш учун ҳаракатни бошламайди-ку.
- Эртага кетяпман. Машина юборишяпти. Шу билан анча муддат Хоразмда бўламан.
- Қизилравотга бошқа келмайсизми?
- Худо хоҳласа, кузда қизларим билан келаман.
***
Тоғга бор, тошга бор
Ота-онанг қудуқда…
Қудуқдан хонқизининг ота-онаси топилмади. Боланинг отаси ҳам, онаси ҳам чиқмади. Қудуқ ичи чуқурлай боргани сари тупроқ намлаб кетаверди. Аллалоқибат, сув чиқди. Лойқа, аммо муздек сув…Чўлнинг иссиқ бағрида қуриб бораётган ҳаёт узра табиатга жон ато этиб, муздай сув чиқди. Ҳа, бу она ернинг неча йиллардан бери Оролга атаб асраб келган суви. Бола унинг бир томчисига ҳам хиёнат қилмай, Оролга етказади. Тўғри, денгиз жуда олисда. Аммо Амударё бор экан, бу сувлар албатта унга етиб боради. Денгизгача йўлни ҳеч ким Амударёчалик яхши билмайди. Денгизнинг қалбини ҳеч ким учалик тушунмайди. Денгизни ҳеч ким учалик севмайди…
Она ер ўз бағрида яна қанча сувни Орол учун асраб келаётганикин…
Ирода Бекмуродова (Ирода Зокир қизи)
Самарқанд давлат университети
филология факультети талабаси,
Навоий номли давлат стипендияси соҳиби

