Биз гиёҳвандликка қаршимиз…

Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида гиёҳвандликка қарши кураш ойлиги доирасида тадбир бўлиб ўтди. Унда Ички ишлар вазирлиги ходимлари, вилоят ОИТС маркази, наркология диспансери вакиллари иштирок этди. Асосан, гиёҳвандликка қарши кураш чорларини ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш ва уларни соғлом муҳитда тарбиялаш мақсад қилинган.
- Ёшлар жамият ҳаётида тобора фаоллашиб, ўз ўрнига эга бўлиб бораётган бир вақтда айрим иродаси суст ўсмирларимиз гиёҳвандлик балосига мубтало бўлаётгани барчамизни ташвишга солади, - дейди Самарқанд давлат университети проректори Зебинисо Раҳмонова. - Зеро, оғу инсон жисмини қанчалик хароб қилса, худди шундай жамиятга ҳам мислсиз даражада зарар етказади. Аср вабоси деб аталаётган бу иллат тинч-тотув яшаётган оилаларни бузади, болаларни етим қилади, ночорликда яшашга мажбур этади. Оқибати эса, албатта, аянчли якунланади. Гиёҳвандлик воситаларини, қайси тури бўлмасин, истеъмол қилишни бошлаган шахс аввалига унга ўрганиш ҳосил қилишини барчамиз биламиз. Аммо маълум вақт ўтар-ўтмас гиёҳванд меҳнатга яроқсиз ҳолатга келиб қолади. Натижада жиноятга қўл уришга мажбур бўлади. Яъни, навбатдаги гиёҳвандлик воситасини қабул қилиш мақсадида ўғирликни ўз уйидан – оиласидан бошлайди. Бу каби иллатларни олдини олишда жамиятнинг ҳар бир аъзоси бирдек масъул бўлиши даркор.
Тадбир давомида Самарқанд вилоят мусиқали драма театри актёрлари, мақом ансанбли хонандалари ижодий чиқишлари билан иштирокчиларга кайфият улашди.
Беҳруз Шамсиддинов
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими,
Шавкат Акрамов олган суратлаp.