Талабаларга стипендия тўлашда уларни қобилият ва иқтидорларини баҳолаш мезонлари белгиланмоқда
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилган Ҳукумат қарори билан талабаларни алоҳида қобилият ва иқтидорлари учун стипендияларга қўшимча равишда 50 фоизгача миқдорда рағбатлантириш учун саралаб олиш мезонлари тасдиқланиши кутилмоқда.
Унга кўра, талабаларнинг иқтидор ва қобилиятлари қуйидаги мезонлар асосида баҳоланади:
- олий таълим муассасасидаги таҳсил даврида республика ва халқаро миқёсдаги илмий журналларда якка муаллифликда мақолалар чоп этганлиги учун;
- яратган инновацион ечимлари ва ишланмалари турли грантларга номзод сифатида тақдим этилганлиги ва унга лойиқ топилганлиги учун;
- таклиф қилаётган (иштирок этаётган) стартап лойиҳалари учун;
- интеллектуал мулк объектлари, жумладан саноат мулки объектларини яратишдаги иштироки учун;
- халқаро ва республика миқёсидаги якка ва жамоавий тартибда ўтказилган спорт мусобақалари, кўрик-танловлар, фан олимпиадаларидаги иштироки ва совринли ўринлардан бирини эгаллаганлиги учун;
- ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги эришган ютуқлари, жумладан дастурий таъминот маҳсулотлари, веб-иловалар ва бошқаларни ишлаб чиқаётганлиги учун;
- ўзи таълим олаётган олий таълим муассасасини республика миқёсида танилишида қўшаётган ҳиссаси учун.
- “Моддий рағбатлантиришга тавсия этилган талабаларнинг кўрсаткичлари ушбу мезонларнинг исталган бирига тўғри келган тақдирда уларга нисбатан рағбатлантириш берилиши мумкин”, дейилади, ҳужжат лойиҳасида.
Қайд этиш лозим, амалдаги тартибга мувофиқ, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилот етакчиси бўлган бакалавр ва магистратура босқичи талабаларига базавий стипендиянинг беш баравари миқдорида ҳар ойлик қўшимча ҳақ тўланади.
Шунингдек,
- тўлиқ давлат таъминотида бўлган етим болалар;
- ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга таълим олиш ва ўзлаштириш кўрсаткичидан қатъи назар базавий стипендиянинг 50 фоизи миқдорида ҳар ойлик қўшимча ҳақ тўланади.

