Психолог суҳбат вақтида чора-тадбирларни амалга ошириш жараёнида ёлғон кўрсатувлар беришга ҳаракат қилаётган шахсларнинг сўзларини кўпроқ тинглашлари керак деган хулоса келиб чиқади. Бунинг сабаблари бир қанча:

  •  инсоннинг айнан сўзда ифодаланган ахборотни идрок этишга ички мойиллиги;
  • нутқни олдиндан тайёрлаб қўйиш мумкинлиги;
  • қайтма алоқа мавжудлиги (гапираётган одам баён этишнинг мувофиқ келувчи йўлини танлаб, ўзини эшитади);
  • сўзлар учун жавоб беришга тўғри келади, чунки уларни такрорлаш осон ва улардан батамом воз кечиш қийин.

    Инсоннинг юзига ҳам сўзлардан кам бўлмаган эътибор қаратилади. Юз қиёфаси овоз билан биргаликда эшитувчига сўзлаётган шахсда унинг ўз сўзлари келтириб чиқарадиган ҳиссиётлари ҳақида ахборот бериши, шу боис инсоннинг юзи ҳам алдаши мумкин. Аммо юз мимикасини назорат қилиш қийинроқ.

    Инсон юзи миянинг ҳиссиётлар учун жавоб берувчи соҳалари билан бевосита боғлиқ, сўзлар эса ундай эмас. Нимани гапираётганимизни билиш осон, аммо юзимиз нимани ифодалаётганини билиш анча қийин. Сўзлар ва юзга ажратиладиган бунчалик сахий эътибор натижасида пластика ва овозга деярли эътибор қолмайди. Шунга қарамай, суҳбатдошини ёлғон гапираётганда гумон қилувчи инсонлар уларнинг овози ва танасига кўпроқ эътибор беришлари тўғри бўлади. Овоз ҳам, юз сингари, ҳиссиётлар учун жавобгар мия соҳалари билан боғлиқдир. Инсон танаси ахборот чиқадиган ва бошқа алдаш белгилари кўринадиган яхши манбадир. Тана ҳаракатини назорат қилиш унча қийин бўлмаса-да, кўпчилик бунга эътибор бермайди, яъни зарурати йўқ деб ҳисоблайди. Биз одамларнинг юзларига қараш билан ҳаддан ташқари бандмиз ва улар сўзлаганда савол берамиз.

    Ёлғонни аниқлаш осон эмас. Муаммо ахборотнинг кўплигида. Булар: сўзлар, тўхтамлар, овоз жаранги, юз ифодаси, бош ҳаракати, имо-ишоралар, гавда ҳолати, нафас олиш, тер босиш, юздаги қизиллик ёки рангпарлик ва ҳоказо. Ана шу манбаларнинг ҳаммаси ахборотни галма-гал ва биргаликда бериши мумкин.

    Ёлғон гапираётган шахс бировлар кўпроқ диққат билан кузатадилар деб ҳисоблайдиган нарсаларнигина яширади ва сохталаштиради. Нутқни олдиндан тайёрлаб қўйиш мумкин, аммо кимнидир алдашга уринган инсон асосан бепарволиги туфайли нутқий хатоларга йўл қўяди. Кўпчилик эҳтиёцизликка йўл қўйиб айтган сўзлари билан ўзини фош қилади. Зигмунд Фрейд буни тилдаги янглишув сифатида таърифлаган.

    Янглишиб айтилган гаплар бўйича ёлғонни аниқлашда эҳтиёт бўлиш зарур, деб ҳисоб­лайди Паул Экман, чунки ана шу янглишувларнинг ҳаммаси ҳам ёлғондан далолат беравермайди.  Янглишув ёлғонни фош қилаётгани ёки қилмаётганини одатда контекстдан келиб чиқиб аниқлаш мумкин. Шу ўринда бошқа бир кенг тарқалган хатонинг олдини олиш ва янглишиб гапирмайдиган ҳар бир кишини ҳақиқатгўй деб ҳисобламаслик ҳам зарур.

    Кўплар ёлғон гапираётганида янглишувга йўл қўймайди. Ҳозирча қандайдир ёлғоннинг янглишув билан фош бўлиши, қайсиларидир бундай бўлмаслигини изоҳловчи ҳеч бир тадқиқот амалга оширилмаган (ҳатто тахминлар ҳам билдирилмаган).

    Ёлғон психологиясига оид айрим тадқиқотларга кўра, баъзилар ёлғон гапираётганида дангал жавоб бермайди, гапни айлантиради ёки керагидан ортиқ маълумот беради. Бошқа тадқиқотларнинг кўрсатишича, бунинг акси ҳам бўлади: аксарият одамлар саволга жавоб беришдан бўйин товлаш ва аниқ жавоб беришдан қочиш учун ҳаддан ташқари айёрдирлар. Бундай ёлғончиларни сезмаслик ҳам мумкин. Айнан шу жойда гаплари жавобдан қочиш ёки гапни бутунлай айлантириш бўлган ҳақиқатгўй инсонни нотўғри баҳолаш хавфи (индивидуал хусусиятлар хатоси) мавжуд. Баъзилар доимо ана шундай сўзлайдилар. Бундайларнинг сўзлаш услуби шунақа. Аммо бу ёлғончилик аломати эмас, балки уларнинг оддий гапириш услубидир. Масаланинг мураккаблиги шундаки, кўпинча бировнинг алдаётганини аниқ кўрсатиб турган ҳар қандай кўринишлар бошқа одамлар учун кундалик хулқининг таркибий қисми бўлиши мумкин.

    Тўхталиш (пауза) ва тутилишлар. Тўхталишлар ҳаддан ташқари узоқ ёки қисқа бўлиши мумкин. Сўзлар олдидаги тутилишлар (дудуқланишлар), айниқса бу саволга жавоб бераётганда келиб чиқса, ҳар доим шубҳа уйғотади. Нутқ жараёнининг ўзидаги қисқа тўхталишлар ҳам ҳаддан ташқари кўп учраса, шубҳали туюлади.

    Нутқдаги хатолар, масалан: «ҳм», «хўш» ва «э-э» сингари кириш сўзлар; «мен», «мен», «мен» ... назарда тутяпман» сингари такрорлар; «Менга ж-жуда ёқди» сингари ортиқча бўғинлар ҳам ёлғон аломатлари бўлиши мумкин. Нутқдаги тўхталиш ва тутилишларнинг сабаблари қуйидагилардан иборат:

  • ёлғончининг ўз ҳаракатлари йўналишини, муайян масалани яхшилаб ўйламагани;
  • фош бўлишдан қаттиқ қўрққани.

    Бундан ташқари, одам ўзининг ёлғони ҳақиқатдан қанчалик узоқлигини эшитса, қўлга тушишдан янада кўпроқ қўрқа бошлайди, натижада тўхталиш ва нутқий хатолар кўпайиб боради.

    Ахборотни бериш-узатиш техникаси (йўллари) билан боғлиқ ёлғон белгиларига алоҳида эътибор қаратиш лозим:

  • саволларга ҳаддан ташқари тез берилаётган жавоблар ўйлашга мажбур қилиши лозим;
  • берилаётган ахборотга ҳақиқий муносабатни ниқоблаш ёки бузиб кўрсатган ҳолда қандайдир бошқа жиҳатларини нутқий воситалар – интонатсия, пауза ва бошқалар ёрдамида намойишкорона таъкидлаш (ажратиб кўрсатиш).

    Охирги белги ёлғон гапирувчилар бошқа бировни чалкаштириш учун атайин қўллайдиган усуллар гуруҳига киради ва бошқа маълумотлар билан қиёслаганда, ёлғон кўрсаткичи бўлиб хизмат қилиши мумкин.

    Кундалик амалиётда бу айнан усул эканлигига ишонч ҳосил қилинганида, бундай ҳолатлар ҳақида бошқа бировни ишонтиришга уриниб «ошириб юборди» дейилади. Овоз нутқ тўлқинларининг физиологик кўрсаткичларини ўлчаш асосида инсоннинг ҳиссий ҳолатидан далолат берадиган ниҳоятда информатив кўрсаткичдир. Ушбу физиологик кўрсаткичларга қуйидагилар киради: нафас олиш ҳаракатларининг характери, қон оқими билан боғлиқ бўлган овоздаги пулсатсия; овоздаги асосий оҳанг ўзгаришлари; овоз аппарати мушакларининг тебраниши. Бироқ овоздаги ўзгаришларга қараб айнан ёлғоннинг ишончли аломатларини аниқлаш мумкин деб қатъий таъкидлашнинг амалда иложи йўқ. Кўпинча, биз стресс таъсирида салбий ҳислар юзага келганлигининг белгиларини кўрамиз. Шу боис овоз кўрсаткичларидаги ўзга­ришларни бошқа қўшимча аломатларни ҳисобга олган ҳолда талқин этиш керак. Тажрибадан маълум бўлишича, самимий инсон ўзига нисбатан шубҳа борлигини кўрганида кўпроқ гапиришга ва самимийлигини исботлашга ҳаракат қилади, айни вақтда берилган тўғри саволларга қайтарилган бепарво, мужмал жавоблар нормал хатти-ҳаракат тушунчасига мос келмайди. Бундай жавоблар суҳбат жараёнида ёлғон гапириш борган сари қийинлашиб бориши билан боғлиқ:

  • сўзларда қатъияцизлик пайдо бўлиши;
  • тўхтовсиз гаплашиш ёки кўплаб саволлар бериш орқали суҳбатдошни чалғитиш;
  • саволларга жавоб беришни истамаслик ёки жавоб бера олмаслик;
  • саволларга жавоб беришдан олдин узоқ вақт жим қолиш; саволларга ҳаддан ташқари имиллаб ёки чалкаш жавоб бериш;
  • берилаётган саволларни овоз чиқариб такрорлаш ёки тушунарлироқ қилиб беришни сўраш;
  • саволнинг моҳиятини ишга алоқаси бўлмаган ортиқча маълумотлар билан ниқоблаш.

    Сўралаётган шахс хатти-ҳаракатидаги қуйидаги хусусиятлар унинг ёлғон гапираётганидан далолат бериши мумкин:

    – инсон хулқининг вазиятга номувофиқлиги;

    – хайрихоҳликни ошириб намойиш қилиш; вазият тақозо этмаса ҳам илжаявериш;

    – сўрамаган ёрдамингизни бериш;

    – арзимас сабабларга кўра қаҳр-ғазабини баралла кўрсатиш;

    – ўзини ёмон ҳис қилаётганидан шикоят қилиш, тиббий ёрдам сўраш, бу ҳол ҳақиқатан ҳам умумий аҳволи ёмонлашганидан далолат бериши ҳам, эътиборни чалғитиш усули, суҳбатни тугатиш учун баҳона бўлиши ҳам мумкин.

(давоми бор)

 Мухтасам Сулаймонов

 Самарқанд давлат университети

 психология назарияси ва амалиёти кафедраси ўқитувчиси