Ёлғизлик нима?
Ёлғизлик - бу бошқа одамлар билан яқин ижобий алоқалар йўқлиги ёки мавжуд алоқани йўқотиш қўрқуви туфайли юзага келадиган одамнинг ўзига хос ҳиссий ҳолати.
Ушбу талқинга кўра, ёлғизлик “изоляция” тушунчаси билан синоним бўлиб, салбий маънони англатади. Аммо, шунга қарамай, баъзи ҳолларда ёлғизлик ижобий функцияни ҳам бажаради. Масалан, ёлғизлик илҳом манбаи бўлиб қоладиган ҳолатлар кўп учрайди, бу мусиқачилар, рассомлар ва ёзувчилар ижодида ўз ифодасини топади.
Ёлғизлик, ўзини паст баҳолайдиган одамларга хосдир. Улар ўзларининг ижтимоий алоқаларини кенгайтиришни хоҳлашади, лекин ўз-ўзига бўлган паст баҳо уларга буни қилишга имкон бермайди. Натижада, ёлғизлик туйғуси кучаяди ва ўз-ўзини ҳурмат қилиш, аксинча янада пасаяди, бу эса оғир депрессияга олиб келиши мумкин. Баъзи ҳолларда ёлғизлик психикадаги патологик ўзгаришлар (шизофрения, аутизм ва бошқалар) билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Ёлғизлик ҳар бир киши томонидан индивидуал равишда бошдан кечирилади, унга турли ҳодисалар сабаб бўлиши мумкин. Ёлғизлик ҳисси сизнинг шахсий тажрибангиздан келиб чиқади, масалан, бошқа одамлар билан вақт ўтказа олмаслик таъсир қилиши мумкин. Ёлғизлик ҳиссига турли омиллар таъсир қилиши мумкин:
-ҳаётдаги ўзгаришлар
-яқинларнинг этишмаслиги
-яқинларингизнинг ўлими
-қўрқув ва нотўғри қарашлар
-касаллик
-хотира муаммолари
-яшаш жойи
-молиявий қийинчиликлар
Ёлғиз кишилар ҳаётдаги ўзгаришларга жуда индивидуал тарзда муносабатда бўладилар. Янгилик ва ўзгариш ёлғизликка олиб келиши мумкин. Одатий шароитлар бизни атрофимиздаги дунё билан боғлаб туради, аммо ўзгаришлар бегоналашиш ва изоляция туйғусини келтириб чиқариши мумкин. Қаришнинг оқибатларидан бири камроқ ижтимоий алоқадир. Дўстларни йўқотиш изоляция ва ёлғизлик туйғусига олиб келиши мумкин.
Турли касалликлар сизнинг ҳаракатланиш ва бошқалар билан мулоқот қилиш қобилиятингизни ҳам бузиши мумкин. Хотира бузилишлари нима бўлаётганини эслаб қолиш қобилиятимизга таъсир қилади ва биз кимдир ташриф буюрганини ёки бизга қўнғироқ қилганини унутишимиз мумкин. Қариндошлар ва танишлар орасидаги узоқ масофалар ҳам алоқалар сонини камайтиради. Бошқа одамлар билан учрашиш истагимизга бошқа одамлар ва муносабатлардан қўрқиш таъсир қилиши мумкин.
Фаридун Оқилов
Самарқанд давлат университети
психология ва ижтимоий муносабатлар факуьлтети
Умумий психология кафедраси ўқитувчиси

