МУСТАҚИЛЛИККА БАҒИШЛАНГАН ИЛМИЙ-АМАЛИЙ АНЖУМАН
Самарқанд давлат университетида “Мустақилликнинг 35 йиллиги: миллий-маънавий тараққиёт натижалари ва маърифат тарғиботининг долзарб масалалари” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди. Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси ижро этилди.
“Мустақилликнинг 35 йиллиги: миллий-маънавий тараққиёт натижалари ва маърифат тарғиботининг долзарб масалалари” мавзусидаги республика илмий-амалий конференциясини Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов очиб берди. Анжуман давомида “Аждодлар ёди” ва “Менинг Президентим” видеофильмлари намойиш этилди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, сиёсий фанлар доктори Отабек Ҳасанов маъруза қилди. Маърузада миллий маънавиятни олий қадрият даражасига кўтариш, ёшларни маърифатли қилиш, мустақиллик ғояларини кишилар онгига сингдириш, миллий-маънавий тарбия тамойилларини ишлаб чиқиш каби кўламли ва долзарб масалалар тилга олинди.
Отабек Ҳасановнинг маърузасида кўтарилган масалалар юзасидан СамДУ ректори Рустам Холмуродов, Республика Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти директори Муҳаммад Қуронов ва бошқалар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Ҳусан Тўхтаев анжуман иштирокчиларини қутлади ва маънавий-маърифий ишларнинг аҳамияти ҳақида сўз юритди.
Сиёсий фанлар доктори Нарзулла Жўраев “Глобал таҳдидлар шароитида жамият барқарорлигини таъминлашнинг маънавий-маърифий механизмлари” мавзусида, тарих фанлари доктори, профессор Абдуҳалил Маврулов “Учинчи Ренессанснинг реал имкониятлари нималардан иборат?” мавзусида, социология фанлари доктори, профессор Мансур Бекмуродов “Маҳалла раисининг бошқарувидаги янги мақоми” мавзусида маърузалар қилдилар.
Анжуманда Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан тайёрланган “Ўзбек келаётир тарих қаъридан” номли видеофильм намойиш этилди.
“Мустақилликнинг 35 йиллиги: миллий-маънавий тараққиёт натижалари ва маърифат тарғиботининг долзарб масалалари” мавзусидаги республика илмий-амалий конференцияси таниқли олимларнинг илмий асосланган, қизиқарли маърузаларидан сўнг очиқ мулоқот ва илмий мунозара тарзида давом этди.































