Инсон саломатлигини сақлаш, касалликларни даволаш, касалланишларнинг олдини олиш, тиббий маданиятни шакллантириш барча замонларда долзарб масала бўлиб келган. Бу борадаги илмий тадқиқотларнинг кўлами кенг. Улардан амалда самарали фойдаланиш эса алоҳида мавзу. Самарқанд давлат университети Биокимё институти профессори Хуршид Бозоров билан суҳбатда шу масалалар қизиқишимиз марказида бўлди.

    — Сиз ва жамоангиз айни пайтда олиб бораётган тадқиқотлар қайси долзарб муаммоларни ҳал этишга қаратилган?

     Бугунги кунда инсоният олдидаги энг катта тиббий муаммолардан бири — саратон касаллиги ҳисобланади. Бизнинг илмий жамоамиз айнан шу йўналишда янги авлод дориларини кашф қилиш ва ишлаб чиқариш устида иш олиб бормоқда. Асосий мақсадимиз саратон ҳужайраларини аниқ нишонга оладиган, соғлом ҳужайраларга салбий таъсири кам бўладиган янги кимёвий бирикмаларни синтез қилиш ва уларнинг биологик фаоллигини ўрганишдир. Бундан ташқари, сунъий интеллект ва рақамли технологиялардан фойдаланиб, янги дори воситалари ихтиросини тезлаштириш ва самарадорлигини ошириш бўйича ҳам зарур тадбирлар амалга оширилмоқда.

    — Ушбу тадқиқотларнинг амалий аҳамияти нималарда кўринади?

     Бу тадқиқотлар, биринчи навбатда, янги дори воситаларини кашф қилиш учун илмий асос бўлиб хизмат қилади. Агар лаборатория тадқиқотлари муваффақиятли якунланса, келгусида ушбу бирикмалар асосида саратон касаллигини даволаш учун янги дори воситалари ишлаб чиқилиши мумкин. Шу билан бирга, тадқиқотларимиз мамлакатимизда фармацевтика соҳаси ривожланишига, маҳаллий илмий мактабларнинг мустаҳкамланишига ва ёш олимларни тайёрлашга ҳам хизмат қилади.

    — Тадқиқотларнинг дастлабки натижалари ва келажаги ҳақида нима дея оласиз?

     Ҳозиргача бир қатор янги кимёвий бирикмалар синтез қилинди ва уларнинг айримлари лаборатория шароитида юқори биологик фаоллик намоён қилди. Тадқиқотлар натижалари асосида нуфузли халқаро журналларда илмий мақолалар чоп этилмоқда. Келгусида Хитойнинг Сиань Цзяотун университети ва бошқа халқаро ҳамкорларимиз билан биргаликда ушбу тадқиқотларни янада кенгайтириш, янги халқаро грантларни жалб қилиш ва амалиётгача бўлган тадқиқот босқичларига ўтишни режалаштирганмиз.

    — Биокимё институти лабораторияларида олиб борилаётган илмий фаолият халқаро миқёсда эътироф этилишида қанақа омиллар асосий ўрин тутади?

     Бугунги кунда илм-фаннинг халқаро миқёсда эътироф этилиши, биринчи навбатда, тадқиқот сифати, илмий янгилик даражаси ва натижаларнинг амалиёт учун аҳамияти билан белгиланади. Шу нуқтаи назардан, Самарқанд давлат университети Биокимё институти лабораторияларида олиб борилаётган тадқиқотлар замонавий тиббиёт ва фармацевтика олдида турган долзарб вазифаларни ҳал этишга қаратилган.

    Лабораторияларимизда органик ва тиббий кимё, биокимё, молекуляр биология ҳамда янги дори воситаларини кашф қилиш соҳалари бир-бири билан узвий боғланган ҳолда ривожлантирилмоқда. Бу эса фундаментал тадқиқотларни амалий натижаларга айлантириш имконини бермоқда.

    Халқаро эътироф илмий тадқиқотлар кўламини хориждаги нуфузли илмий марказлар билан ҳамкорликда ривожлантириш имконини беради. Бугунги кунда биз Хитойнинг етакчи университетлари ва илмий марказлари, жумладан, Сиань Цзяотун университети, шунингдек, бошқа халқаро ҳамкорлар билан қўшма илмий лойиҳаларни амалга оширмоқдамиз. Бу ҳамкорлик орқали илғор технологиялардан фойдаланиш, тажриба алмашиш ва юқори даражадаги илмий натижаларга эришиш имконияти кенгаймоқда.

Илмий фаолиятимизнинг халқаро миқёсда эътироф этилаётганининг яна бир муҳим жиҳати — тадқиқот натижаларининг юқори импакт-факторли халқаро журналларда мунтазам чоп этилаётганидир. Бу нафақат олимларимизнинг салоҳиятини, балки университетимизда шаклланган илмий мактабнинг рақобатбардошлигини ҳам намоён этади.

    Шунингдек, ёш тадқиқотчиларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Магистрантлар, докторантлар ва ёш олимлар халқаро лойиҳаларга жалб этилмоқда, замонавий тадқиқот методларини ўзлаштирмоқда ва чет эллик ҳамкорлар билан биргаликда илмий изланишлар олиб бормоқда. Бу эса келажакда мамлакатимиз илм-фанининг барқарор ривожланиши учун мустаҳкам асос бўлади.

    Менинг Хитой Фан ва технологиялар вазирлиги томонидан молиялаштириладиган Talented Young Scientist Program (TYSP) дастури ғолиби бўлганим ҳам айнан ушбу илмий муҳит, халқаро ҳамкорлик ва университетимизда олиб борилаётган юқори даражадаги тадқиқотларнинг халқаро миқёсда эътироф этилаётганининг амалий ифодасидир.

    Энг муҳими, Самарқанд давлат университетида вужудга келтирилган замонавий илмий муҳит, университет раҳбариятининг илмий тадқиқотларга қаратаётган доимий эътибори ва халқаро ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш сиёсати бизга жаҳон илм-фани билан ҳамқадам бўлиш имконини бермоқда.

    Биз ўз олдимизга фақат илмий мақолалар чоп этишни эмас, балки инсон саломатлигига хизмат қиладиган янги дори воситаларини кашф қилишни, бунга имкон берадиган инновацион технологияларни шакллантиришни асосий мақсад қилиб қўйганмиз.