Самарқанд давлат университети доценти Гулмира Келдиёрова халқаро олима аёллар ассоциациясининг тўлиқ аъзолигига қабул қилинди…
Самарқанд давлат университети экология ва ҳаёт фаолияти хавфсизлиги кафедраси доценти Гулмира Келдиёрова ривожланаётган мамлакатлардаги аёл олималарни қўллаб-қувватловчи нуфузли ташкилот — Халқаро олима аёллар ассоциацияси (OWSD) аъзолигига қабул қилинди.
Гулмира Келдиёрованинг OWSDга аъзолиги унинг илмий фаолиятида халқаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш учун муҳим имконият саналади. У саноат экологияси, атроф-муҳит муҳофазаси, техноген хавфларни баҳолаш, экологик хавфсизлик, атмосфера ҳавосининг ифлосланишини моделлаштириш, саноат чиқиндиларини қайта ишлаш ва айланма иқтисодиёт каби йўналишларда илмий тадқиқотлар олиб бормоқда.
Мазкур йўналишлар бугунги кунда иқлим ўзгариши, экологик хавфсизлик, барқарор саноат ривожи, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва инсон саломатлиги учун хавфсиз муҳит яратиш каби глобал масалалар билан чамбарчас боғлиқдир. Шу сабабли олимнинг илмий изланишларини халқаро илмий ҳамкорлик ва қўшма тадқиқотлар доирасида ривожлантириш учун кенг имкониятлар ушбу ташкилот асносида кетади.
OWSD аъзолиги Гулмира Келдиёровага халқаро илмий ҳамжамият вакиллари билан профессионал алоқалар ўрнатиш, ўз илмий тадқиқотларини халқаро ҳамкорлик лойиҳаларига олиб чиқиш, хорижий олималар билан қўшма илмий ишлар ва грант лойиҳаларини ишлаб чиқиш, шунингдек, халқаро конференция, илмий форум, тренинг ва fellowship дастурларида иштирок этиш имкониятларини беради.
Келгусида олима томонидан Ўзбекистонда экологик хавфсизликни таъминлаш, техноген хавфли ҳудудларни баҳолаш ва GIS технологиялари асосида хариталаш, саноат чиқиндиларини рекуперация қилиш, атмосфера ҳавосининг ифлосланишини моделлаштириш ҳамда экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган илмий лойиҳаларни халқаро ҳамкорлар билан амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, OWSDнинг халқаро илмий тармоғидан фойдаланиш орқали Ўзбекистондаги экологик муаммоларни бошқа мамлакатлар тажрибаси билан қиёсий ўрганиш, халқаро илмий грантлар учун қўшма лойиҳалар шакллантириш ва илмий натижаларни нуфузли халқаро конференциялар ҳамда илмий нашрларда кенг тарғиб қилиш имкониятлари янада кенгаяди. Бу эса нафақат олимнинг шахсий илмий фаолияти, балки Самарқанд давлат университетининг халқаро илмий алоқалари ва экология соҳасидаги илмий салоҳиятини халқаро миқёсда намоён этишга ҳам хизмат қилади.
Гулмира Келдиёрованинг OWSDнинг Full Member мақомига эга бўлиши унинг илмий изланишлари халқаро илмий ҳамжамият билан янада кенгроқ интеграциялашуви йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади.

