Самарқанд давлат университетида Хитойнинг нуфузли олий таълим ва тиббиёт муассасалари вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди
Самарқанд давлат университетига профессор Ге Жишен бошчилигидаги Хитойнинг Сиань Жиаотонг университети Кимё факультети ҳамда мазкур университетга қарашли Иккинчи шифохона делегацияси ташриф буюрди. Меҳмонларни СамДУнинг халқаро алоқалар бўйича проректори Акмал Ахатов қабул қилди.
Ташриф давомида томонлар илм-фан, инновацион дори воситаларини яратиш, тиббий кимё, табиий бирикмалар кимёси, сунъий интеллект асосидаги дори етказиб бериш тизимлари, клиник трансляция ва аниқ тиббиёт йўналишларида ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар.
Музокаралар якунида томонлар ўртасида "Бир макон, бир йўл" ташаббуси доирасида "Ақлли дори воситалари"ни ишлаб чиқиш ва уларни клиник амалиётга жорий этиш бўйича уч томонлама қўшма лабораторияни ташкил этиш тўғрисидаги битим имзоланди.
Мазкур лаборатория доирасида инновацион дори воситаларини яратиш, уларни клиник амалиётга татбиқ этиш, қўшма илмий тадқиқотларни амалга ошириш, халқаро грант лойиҳаларида иштирок этиш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, шунингдек, юқори малакали илмий кадрларни биргаликда тайёрлаш режалаштирилган.















