Самарқанд давлат университети Биокимё институти талабалари, магистрантлари, докторантлари ва профессор-ўқитувчиларидан иборат тадқиқот гуруҳи Хитой Халқ Республикасининг Жежианг қишлоқ хўжалиги университетида малака оширмоқда.

    “Ақлли қишлоқ хўжалиги ва маданият алмашинуви” дастури доирасида амалга оширилаётган ушбу жараёнда қишлоқ хўжалиги, биология ва кимё йўналишлари бўйича малакали хорижий профессор-ўқитувчилар томонидан замонавий лабораторияларда, илғор технологиялар асосида машғулотлар ташкил этилган.

    Айниқса, амалий дарсларнинг бевосита ишлаб чиқариш корхоналари, ақлли иссиқхоналар ҳамда энг сўнгги технологиялар билан жиҳозланган лабораторияларда ўтказилиши ўзбекистонлик ёшларнинг замонавий билим ва кўникмаларни эгаллашига хизмат қилмоқда. Бу эса уларнинг келажакдаги илмий ва касбий фаолияти учун мустаҳкам замин яратмоқда.

    Шунингдек, СамДУ вакиллари Хитой халқининг тарихий анъаналари ва маданий мероси сақланиб қолган қадимий ҳунармандчилик, кулолчилик ҳамда гулчилик марказларида ташкил этилган амалий машғулотларда ҳам фаол иштирок этиб, ўз иқтидор ва салоҳиятларини намоён этдилар.