Хўжандлик шоир ва олимлар Марказий Осиё халқлари тиллари ва маданияти институтини зиёрат қилдилар
Тожикистон Республикасининг Хўжанд шаҳридан бир гуруҳ олим ва ижодкорлар Самарқанд давлат университетига ташриф буюрди. Ҳайъат таркибида Тожикистон Республикаси халқ шоираси Фарзона Хўжандий, машҳур рассом Ғаффор Жўраев, Хўжанд давлат университетининг ўндан ортиқ профессор-ўқитувчилари, илмий ходимлари ва докторантлари бор эди. Марказий Осиё халқлари тиллари ва маданияти институтида қардош ўлкадан келган ҳайъат билан самимий мулоқот бўлиб ўтди.
Учрашувни институт директори Жўлибой Элтазаров очиб, меҳмонларнинг ташрифидан мамнун эканини билдирди. Дўстона дийдорлашув чоғида Хўжанд давлат университети профессорлари Матлуба Хўжаева, Замира Ғофурова, Умида Ғофурова, Нурулло Ғиёсов сўзга чиқиб, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги илмий-маданий алоқалар юқори суръатларда ривожланаётганини, Самарқанд ва Хўжанд давлат университетлари жамоаларининг бу борадаги ҳиссасини алоҳида таъкидладилар.
Тожикистон халқ шоираси Фарзона Хўжандий қадимий ва навқирон Самарқанд ҳамда мамлакатимиз ҳақида илиқ ва таъсирчан нутқ сўзлаб, икки халқ дўстлигини тараннум этувчи шеърларидан ўқиб берди. Меҳмонлар Марказий Осиё халқлари тиллари ва маданияти институти кутубхонасига элликдан ортиқ китоблар ва эсдалик совғалар топширдилар. Институт талабалари эса шоира Фарзона Хўжандий ижодидан намуналар ўқиб, меҳмонлар қалбини янада шод этдилар.

