Самарқанд давлат университетида «Озиқ-овқат хавфсизлиги: Глобал ва миллий муаммолар» мавзусида  халқаро  илмий-амалий анжуман ўтказилмоқда...

    Ҳозирги даврда озиқ-овқат хавфсизлиги нафақат мамлакатимизда, балки жаҳон ҳамжамияти олдидаги энг долзарб масалалардан бирига айланиб бормоқда. Чунки иқлим кескин ўзгариши, экологик инқирозлар, сув танқислиги, тупроқ деградацияси, шўрланиши, эррозияси, қурғоқчилик каби омиллар таъсири вазиятни янада мураккаблаштирмоқда. Ҳолат соҳани янги инновацион тенденциялар, технологиялар ҳамда илмий ютуқларни қўллаш орқали ривожлантиришни тақозо этмоқда.

    Ушбу муҳим масалани атрофлича ўрганиш, илм-фанни ва таълимни янги сифат босқичига олиб чиқиш, бу борада жаҳоннинг етакчи мамлакатларида тўпланган бой тажрибани республикамиз миқёсида оммалаштириш ва Ўзбекистон тажрибасини тарғиб қилиш мақсадида Самарқанд давлат университетининг Биокимё институтида “Озиқ-овқат хавфсизлиги: Глобал ва миллий муаммолар” мавзусида анъанавий ВИИ халқаро илмий-амалий анжуман иш бошлади. Мазкур анжуманда ўзбекистонлик олимлар қаторида АҚШ, Россия, Германия, Сербия, Польша, Покистон, Тожикистон каби давлатлардан олимлар иштирок этди.

    Анжуманнинг ялпи мажлисини СамДУ Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Ҳаким Хушвақтов очди ва Самарқанд давлат унверситети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродовнинг анжуман қатнашчиларига табригини ўқиб эшиттирди.

    Ўзбекистон Миллий университети профессори, академик Бакриддин Зарипов табрик сўзи билан чиқиш қилди. Москва давлат университети профессори Игор Родин конференция иштирокчиларини табриклади ва "Озиқ-овқат маҳсулотларини радиацияли қайта ишлашда кечадиган физикавий-кимёвий жараёнларни тадқиқ қилиш" мавзусида маъруза қилди. Шундан сўнг анжуман қатнашчилари эътиборига Самарқанд давлат университети профессори, академик Қаҳрамон Давроновнинг "Тупроқ унумдорлиги ва озиқ-овқат муаммолари ҳамда микроорганизмлар" мавзусида онлайн маъруза, Сербиянинг Ядро ва бошқа минерал хомашёлар технологиялари институти профессори Драгана Ранджеловичнинг "Моделлаштириладиган иқлим шароитларида чорва турлича интенсивликда боқиладиган Қарнабчўл минтақаси яйловлари тупроғининг кимёвий таркиби" мавзусидаги маърузаси, Аҳмад Қодиров номидаги Чечен давлат университети профессори Абдулмалик Батукаевнинг "Токларни биотехнологик усулда соғломлаштириш ва кўпайтириш" мавзусида маърузаси ҳавола қилинди.

    Куннинг иккинчи ярмида илмий мунозаралар ва фикрлашувларни шўъбаларда амалга оширдилар. Анжуман ўз ишини эртага давом эттиради.