Халқаро таълим семинари давом этмоқда

Самарқанд давлат университети ҳамда Санкт-Петербург Олий иқтисодиёт мактаби ҳамкорлигида ташкил этилган халқаро таълим семинари бугун ўз ишини давом эттирди. Семинарнинг иккинчи кунида мазкур иқтисодиёт мактаби талабалари томонидан амалга оширилган брендинг лойиҳалари кўргазмаси очилди. Таълим жараёни доирасида тақдим этилган барча ишлар ҳақиқий ҳамкорлар ва буюртмачилар топшириқлари асосида амалга оширилган.
Кўргазмада ҳудудий брендинг ва маданий муассасалар брендинги бўйича лойиҳалар намойиш этилди. Аҳамиятли томони шундаки, кўргазмадаги кўпгина ишлар амалиётга жорий этилган бўлиб, улар Россиянинг “Газпром”, “Газпромнефть”, ВТБ, “Ростелеком”, “Теле2” каби йирик компаниялари, шунингдек, Санкт-Петербург, Москва шаҳарлари ва бошқа ҳудудлардаги етакчи музейлар билан ҳамкорликда ҳаётга татбиқ этилган.
Дизайн мактаби давлат Эрмитажи, Рус музейи, Санкт-Петербург тарих музейи, етакчи театрлар билан муваффақиятли ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Олий иқтисодиёт мактаби ва Самарқанд давлат университети ўртасидаги қўшма лойиҳа доирасида Санкт-Петербургдаги Дизайн мактаби раҳбари Митя Харшак брендинг ва визуал коммуникациялар бўйича маъруза қилди ҳамда “Маданий институциялар арт-дирекшни” магистратура таълим дастурини тақдим этди.