Бу дунё бир меҳмонхона

ХIX асрнинг иккинчи ярмида Туркистонга ўша даврнинг йирик геополитик кучлари – Буюк Британия ва Россия империяларининг манфаатлари тўқнаш келган ва минтақага ҳар икки тарафнинг айғоқчилари турли йўллар билан кириб келишга ва ўлканинг сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётига доир маълумотларни тўплашга интилгани маълум. Замонанинг зайли билан бу вазифани асосан минтақанинг тили ва маданияти бўйича мутахассис-тадқиқотчилари бажаришган. Улар сайёҳ, тижоратчи, дарвеш, қаландар қиёфасида Бухоро амирлиги, Хива ва Қўқон хонлиги ҳудудларига кириб келишган ва фаолият олиб борган. Бу саёҳатчиларнинг барчаси бундан атиги тўрт аср илгари дунё пойтахти мақомигача кўтарила олган, ўз бағрида  Иккинчи Турк-ислом Уйғониш даврини парваришлаган, дунёга илму ирфон, маънавият ва маърифат тарқатган Самарқанд шаҳрига, албатта, тўхтаб ўтганлар, чунки қайси қиёфада бу юртга келган бўлмасин, буюк Амир Темурнинг бошкентини кўриш, унинг шавкатли ва истиҳкомли тарихидан бугунги кунга нелар қолганлигини тасбит этиш мароқи ҳар бир истиҳборатчи, шарқшунос, турколог, исломшунос мутахассиснинг диққат марказида турган.  Ана шундай мутахассислардан бири венгриялик шарқшунос-турколог олим Ҳерман Вамбери (Vambery, Фредерик Hermann) бўлиб, унинг Туркистонга саёҳатининг кундаликлари ва бошқа илмий асарлари ўз даврида Европа жамоатчилиги ўртасида, қитъанинг шарқшунослик ва туркология фанида шов-шувларга сабаб бўлган. Европа шарқшунослиги ва туркологиясида ҳали-ҳануз машҳур бўлган бу асарда она-шаҳримиз Самарқанд ҳақида алоҳида меҳр билан ёзилган ва уни ўқир экансиз, бундан 160 йил олдинги шаҳар ва унда яшаган инсонлар қиёфаси кўз олдингизда жонланади.

Самарқанд ҳақидаги кузатишлар Ҳерман Вамбери “Хотиралари”нинг ўнинчи бобида баён қилинган. Бухородан қўқон аравада йўлга чиққан ва тўрт-беш кун бу ўта ноқулай транспорт воситасида юриш азобларини чеккан дарвешнинг Самарқандга яқинлашганида қандай ҳаяжонга тушганини тасаввур қилса бўлади. Шу ўринда Ҳерманнинг эътиборидан Самарқандга оид энг кичик деталь ҳам четда қолмаганини алоҳида айтиб ўтиш керак.

Сайёҳ ўша пайтдаги “аҳолисининг учдан икки қисми ўзбеклардан ва учдан бири тожиклардан иборат” деб таърифлаган 25-30 минг кишилик нуфусга эга бўлган шаҳарга ҳозирги Самарқанд – Тошкент йўли ўтган Зарафшон кўприги тарафидан кириб келган кўринади. Шундан бўлса керак, унинг эътиборини илк тортган - Чўпон ота қирларидир. У Чўпон отанинг мусулмон муаллифлар томонидан Маккатулло яқинларидаги Шубатана тоғига ўхшатилганини эслайди ва унинг тепаликларидан бирига тирмашиб чиққач, Амир Темурнинг бир вақтлардаги шукуҳли пойтахтига шу тепаликдан назар ташлайди:

“Бу тепадан гўзал саҳро ичидан жой олган Амир Темурнинг пойтахти Самарқандни кўрдим. Тонг қуёши шафақлари остидаги шаҳарнинг мовий қуббаларини, ранг-ранг минораларининг жонли манзараси, айниқса, Темурнинг мақбарасининг ўзига хос уйғунлиги ва  гўзаллиги, эътироф этишим керакки, кўзларимга жуда ёқимли кўринди”.

Яқинлашиб келар экан сайёҳнинг эътиборини Самарқанднинг ўша вақтларда мавжуд бўлган шаҳар мудофаа деворлари тортади. Бу деворларнинг эски ва янги девор деб иккига ажратади ҳамда эскисининг жуда хароб эканлиги, янгисининг ҳам 19-аср ҳарбий қуроллари қаршисида ожиз аҳволда қоладиган ҳолатда эканлиги ҳам диққатидан қочмайди. Афсуски, шаҳар деворлари Вамбери тасвирлаётган даврдан атиги 7 йил кейин, 1868 йил, 2 май куни ўлканинг янги истилочилари  Чор Россияси  қўшинларининг ҳужумига дош беролмайди, шаҳар бир кунлик жанглардан кейин таслим бўлади...

 Бир вақтлар, ўзидан қарийб  456 йил илгари бу ерларга, Амир Темур саройига саёҳат қилган Кастилия қироли элчиси Клавихо тасвирлаган шаҳар девори шу эски девор бўлса керак, деган хулосага боради. Шунингдек, муаллиф шаҳар қалъасининг ичида “Ички қалъа” мавжуд эди, деб кўрсатади ва бунда у Амир Темурнинг машҳур Кўксаройини назарда тутаётган эди, бир неча кундан кейин бу ерда уни Амир Музаффархон қабул қилади ва у ўшанда бу қалъани зиёрат қилишга ҳам мушарраф бўлади.

Сайёҳ дарвишнинг эътиборини бу шаҳарда мавжуд мактаб, мадраса, зиёратгоҳлар тортади. У ҳожилар учун махсус карвонсаройда атиги бир кун туриб, эртаси кун Амир Темур мақбараси ёнидаги маҳаллага, бир уйга жойлашади. “Девонанинг ишини Худо тўғрилайди”, деганларидек, у кўчиб ўтган уйнинг эгаси Амир қўшинининг зобити ҳамда амирнинг Самарқанддаги саройининг қўриқчиси эди.

“Ҳожи сифатида саёҳат қилаётганим туфайли илк бориб кўришим керак бўлган жойлар мақбаралар ва зиёратгоҳлар бўлиши лозимлигини  билар эдим. Аммо бу тарихий жиҳатдан қимматли бўлган иншоот ва асарларнинг ҳар бирининг ўзининг диний ҳикояси бор эди ҳамда аҳоли  учун муқаддас эди. Шу сабабли уларнинг бирини бошқасидан афзал кўришда  бир  муаммо йўқ эди, бу жойларни  эмин-эркин зиёрат қилиб, керакли маълумотларни қўлга киритар ҳамда ажойиб-ғаройиб ҳикоялар тинглаб, завқланар эдим”.

“Хотиралар”дан жой олган бу қайдлар ўша пайтдаги Туркистон жамиятининг аҳволини жуда яхши ифодалайди: мадрасаларда илм оз, ҳамма ерда бидъат, жоҳиллик, тўқиб-бичилган афсонавий ҳикоялар билан овунувчи халқ. Бир европаликнинг кўзида рус истилоси арафасидаги аҳволимиз ана шундай эди.

Вамберининг  Самарқанд хотираларида Амир Темур ва унинг давридан қолган обидалар ҳақидаги қисмлар алоҳида ўрин тутади. Сайёҳ шаҳар аҳолисининг Амир Темур ҳақида сўзлар экан, “унинг Ўтрордаги ўлими ҳақидаги хабар янги келгандаги каби” гапиришига эътибор қаратади, буюк жаҳонгирнинг ўлимидан кейин ўша йили (1861) 456 йил ўтганига қарамай, унинг авлодлари ҳали ҳам унга катта ҳурмат билан қарашини эслатиб ўтади.

Маълумки,  Вамбери Рашид афанди номи билан Усмонли салтанатининг ватандоши сифатида Туркистон тупроқларига қадам босган эди, Усмонли султони ўша даврда бутун дунё мусулмонларининг халифаси унвонини ташигани учун Рашид афандига, у дарвиш бўлишига қарамай, тегишли ҳурмат-иззат кўрсатишган. Вамбери Амир Темур сағанасини зиёрат қилаётганида, бу мақом унча иш бермаганини, маҳаллий аҳоли бу Усмонли ватандошини унинг Темурдан жангда енгилган подшоҳи – Йилдирим Боязид мағлубияти ҳақида ҳазил-киноя аралаш сўроққа тутишганини, бу музаффар подшоҳнинг мозори бошида қандай туйғуларни ҳис қилаётганини сўрашганини ёзади. Аммо Вамбери мақбаранинг қўриқчиси уни бир кун оқшомгача ушлаб туриб, зиёратчилар оқими тугагач, бинонинг пастки қаватидаги ҳақиқий хилхонага олиб тушганини ва бу унинг учун мисли кўрилмаган ғурур бағишлаганини ҳам ёзадики, оддий одамларнинг ҳазил-ҳузулидан ташқари унга бир ҳожи ва Усмонли давлатининг ватандоши сифатида кўрсатилган ҳурмат ва эътибор асло кам бўлмаганини кўрсатади.

Вамберининг Темурга бўлган муносабати унинг авлодлариникидан қолишмайдиган бир ҳурмат йўғрилганидан, сайёҳ Амир Темурнинг мақбарасини, Соҳибқироннинг бу ерга мадфун пир-устозлари, ўғиллари, набиралари ҳақида батафсил маълумот беради,   бу макондаги осори атиқаларни батафсил тасвирлайди. Дарвоқе, Бурсадан Султон Боязиднинг хазинасидан олиб келтирилган Усмон Қуръонини ва  мақбарага кираверишдаги оҳанин дарвозани энг сўнгги бор кўрган европалик ҳам Вамбери бўлиб чиқади. 1868 йилда, шаҳар ҳали олинар-олинмас бу ерга В.Радлов ҳамда бошқа турколог ва шарқшунослар етиб келган ва уларнинг тавсиясига кўра шаҳарда кўзга илинадиган тарихий экспонатлар, жумладан юқоридаги икки  асар ҳам Санкт-Петербург музейларига олиб кетилган.

Вамбери шаҳарга қадам босган йиллари Амир Темурнинг Кўксаройи  ҳали бор эди ва у Бухоро амирининг қароргоҳи ҳисобланарди. Бир вақтлар шу ердан туриб Амир Темур дунёнинг тенг ярмини бошқарганига урғу бериб ўзининг сўзли тасвирини бошлаган сайёҳ, бу ерда “Толори Темур” деб аталган Соҳибқироннинг кенг ва узун қабулхонасида бир замонлар унга тобе ўлкаларнинг амирлари қатор тизилиб, ҳукмдорга ўз эҳтиромларини қўл қовуштириб изҳор қилганини ўқувчининг кўз ўнгига келтиради. Бу ерда венгер сайёҳи машҳур “Кўктош”ни кўрганини ва бу тош жаҳонгир тахтининг ёнбошида сақланишини ва бу тош ҳам Соҳибқирон бўйсундирган мулкларнинг амирлари юкунадиган жой бўлгани ҳақидаги ривоятларни келтиради.

Амир Темурдан кейин бу юртда ўтган подшоҳларнинг бу тошни зиёрат қилганини айтиб ўтади. Сайёҳ ташриф буюрган пайтда тошнинг ёнбошидаги деворга  Усмонли халифалари  Султон Маҳмудхон ва Султон Мажидхонларнинг  Бухоро амирига “амир-ал мўъминин” унвони берилгани ҳақидаги ва жума намозида номига хутба ўқилиши ҳуқуқини берилиши хусусидаги икки фармонлари осиб қўйилганини кўрган. Бу эса ўша даврда Усмонли давлати билан Бухоро амирлиги орасида сиёсий-ижтимоий алоқаларнинг изчил давом этганини кўрсатади.

Вамбери Амир Темурнинг масжиди, унинг шаҳар ташқарисидаги ёзлик саройи ҳақида маълумот беради, у масжид деганда халқ орасида ҳозиргача Бибихоним масжиди деб юритиладиган Масжиди Жомеъни назарда тутган, шекилли. Ёзлик сарой шаҳарнинг жануби-ғарбида жойлашган деб ва унинг сирли зиналардан кейин бир тор даҳлиз орқали  Шоҳи Зинда мақбарасига борилади, деб кўрсатганига қараганда, бу ўринда бу билимдон сайёҳнинг ўз хотираларини баён қилишда ҳақиқатан ҳам чалкашликка йўл қўйганини кўрамиз.

Шоҳи Зинда ансамбли бир ярим минг йил давомида мавжуд ва бу ерда  Қорахоний сулоласи давридан эътиборан мақбаралар қурила бошланган, шу жумладан, Соҳибқироннинг опа-сингиллари ва хотинлари қабри устига буюк амир тарафидан қурилган мақбаралар ҳам бор. Буни  Вамберининг билмаслиги мумкин эмас эди ва бу хотираларини қоғозга туширишдаги чалкашлик сабаб шу шаклда ёзиб кетилгани билан изоҳланиши мумкин, холос. Вамбери саёҳат давомида ўз кузатишларини венгер тилида, араб алфавитида ёзиб борганини ва бу ёзувларини инглиз элчихонаси доктори берган заҳар (бу заҳар сайёҳ фош бўлиб, танг аҳволда қолганида ўлимни тезлаштириш ва осонлаштириш учун берилган эди) сингари сир тутганини хотираларида бир неча ерда эслатиб ўтади). Бу чалкашликка Қусам ибн Аббос мақбараси ичида сақланаётган, маҳаллийлар томонидан Амир Темурники деб ҳисобланадиган уч байроқ, қилич ва зирҳу қалқон ҳам сабаб бўлган бўлиши мумкин. Вамбери бу маълумотнинг ҳақиқийлигига шубҳа билан қарайди.

Вамбери ўша пайтда Самарқандда 40 та мадраса мавжуд бўлганини, аммо уларнинг кўплари бўм-бўш эканини афсус билан қайд этади. Регистон ансамблидаги 3 та мадрасанинг ҳозир ҳам фаол вазиятда эканини айтиб ўтади. Аммо шу ўринда Мирзо Улуғбек мадрасасини таърифини келтираётганида унинг қурилиш тарихини 1434 йил, деб кўрсатади, шу каби Улуғбек расадхонасини ҳам иншо тарихини 1440 йил деб айтиб ўтади, бу расадхонанинг 1701 йилда хароб бўлганини, ундан кейин бу ерни тадқиқотчилар эмас, бойқушлар маскан тутганини қайд этади. Шуниси эътиборлики, расадхонани сайёҳ ерга кўмилиб кетган, жойлашган ери аниқ бўлмаган бир тарихий макон сифатида тасвирламайди. У Самарқандга ташриф буюрган пайтлари расадхона харобалари ҳали мавжуд бўлган, шекилли, аммо орадан 50 йил ўтгач,  археологлар уни катта қийинчиликлар билан топадилар. Бу ерда тўхталиб ўтиш керак бўлган икки муҳим жиҳат бор. Булар – Улуғбек мадрасаси ва расадхонасининг қурилиш тарихидаги янглишишлар ва расадхонанинг тўсатдан “ерга кўмилиб кетиши” масаласидир.

Маълумки, Улуғбек мадрасаcининг қурилиш тарихи аниқ равшандир: Самарқанд давлат университетининг ўтмишдоши бўлган бу олий таълим муассасасининг иншо қилиниш тарихи 1417-1420 йиллар, ишга туширилиш тарихи – 1420 йил, 21 сентябрь. Улуғбек расадхонаси эса 1424-28 йилларда қурилган. Вамберининг янглишлари сабаби нимада? Менимча, бу буюк турколог ва шарқшунос  қанчалик билимдонлигига қарамай, у Ғарб цивилизациясининг вакили эди ва шу сабабли Шарқ мусулмон халқларида амалда бўлган ҳижрий-қамарий йил ва  ҳижрий-шамсий йил ҳисоби  ва бу ҳисобларда юритилган тарихларни мелодий йил ҳисобига ўтказишда унчалик эпақали бўлмаган кўринади.  Ёки бу ҳол Вамбери бу маълумотларни олган манбалардаги ноаниқликлардан, хатолардан келиб чиққан бўлиши мумкин.

Улуғбек мадрасасининг харобалари Вамбери Самарқандга ташриф буюрган пайтда бор экан, қурилган жойи аниқ-равшан экан, қандай қилиб 433 йил барчага маълум ва машҳур бўлиб турган иншоот 50 йил каби қисқа вақт кесимида  ер қаърига сингиб кетади? Дарвоқе, бу саволга тахминий жавобни ҳам Вамберининг хотираларидан топиш мумкин. “Хотиралар”да ўқиймиз:  “Шаҳарнинг Бухоро дарвозаси ёнида Темурнинг хотинларидан бири бўлган Хоним мадрасаси бор. Бир вақтлар бу мадрасада мингдан зиёд талабалар таълим олишган дейишади (буни муболаға, деб ҳисоблайман), эски ҳоли кўркам бино эканлиги бугунги харобалардан билса бўлади. Бу буюк мадрасанинг омон қолган уч девори, олд тарафдаги пештоқи, эшиклари ва миноралари меъморлик санъатининг ажойиб намуналаридир. Бино олдидаги йўлаклар ғиштдан ясалган мозаика каби эди. Ғиштлар бир-бирига шундай гўзал шаклда  ва ўзаро мослаб бирлаштирилган эдики, ундан ҳайратда қолдим...

Афсуски, ана шу ўтмиш маданий меросимизга бефарқлик, ҳатто бундан 160 йил олдин бор эди. Буюк эҳтимол ила, Улуғбек расадхонасининг ҳам 19-аср охирида бирдан тарихий хотирадан ўчирилиши, унинг хароба ҳолидан археологик объект мақомига ўтиши ана шундай ёқимсиз ҳол билан боғлиқ.

Самарқанд ҳақидаги хотираларда Вамбери билан Бухоро амири Музаффархоннинг учрашуви саҳнаси марказий ўринни эгаллайди ва бу учрашув Амир Темурнинг юқорида тилга олинган Кўксарой қасрида юз беради. Амир Музаффархон ўша кезлари Қўқон хонлиги устига қилган юришидан музаффар бўлиб қайтиб келаётган эди ва Самарқандга ғолибларга хос асъаса-дабдаба билан кириб келгани, бутyн шаҳарда авжига чиққан зиёфатларни икир-чикиригача тасвирлаган сайёҳ, амирни теварак-атрофи китоблар билан қуршалган тахтда ўтирган қирқ ёшлардаги, семизликка мойил киши сифатида кўрганини ёзади. Амир уни ёлғиз қабул қилишни истаганини эшитгач, бу хабардан ва ёш ҳукмдорнинг важоҳатидан васвасага тушаёзганини, аммо ўзини ўнглаб олиб, дарвишларга хос савдойи қиёфасига кириб, амир ҳузурига кирар-кирмас, салом-аликдан кейин унинг пойгагига ўтириб олганини ёзади. Чунки Ҳерман дарвишларга сарой этикетининг майда-чуйда қоидаларига амал қилиш шарт эмаслигини биларди, кутилганидек, амир унинг такаллуфсизлигига эътибор бермайди ва ўша заҳоти амир ва дарвиш ўртасида кейинчалик эл тилида достон бўлган мулоқот бўлиб ўтади.

Амир  Музаффар: Ҳожи, эшитишимга кўра, Ҳазрат Баҳоваддин ва бошқа азиз-авлиёларни зиёрат қилиш учун Румдан келибсан. Шу ростми?

Рашид афанди: Шундай, султоним, шу билан бирга афандимизнинг пок жамолини кўришни ҳам истаган эдим.

Амир  Музаффар: Бу қадар узоқ ердан келишинг учун бошқа мақсадинг бўлмагани жуда қизиқ.

Рашид афанди: Асло, султоним. Бошқа ҳеч қандай ниятим йўқ ва бунинг ҳайрон қоларли жойи ҳам йўқ. Бухорои шариф билан Самарқанди латифни  кўришни кўпдан бери истагандим ва ҳатто соғинган эдим. Бу шундай Самарқандки, Шайх Жалолиддин Румийнинг таъбири билан айтганда, кўнгил унинг муқаддас тупроқлари устида оёқ билан юришга буюрмас, қабул этилса бош билан юриш лозим.  Хуллас, бу фоний олам билан ҳеч ишим бўлмай,  узун муддатдан бери дунё ҳожиси сифатида дунёнинг тўрт тарафини кезмоқдаман.

Амир  Музаффар: Нималар деяпсан? Сенинг каби чўлоқ одам дунё ҳожиси бўлар эканми? Яна такрорлайман, бу жуда ҳайратланарли бир ҳол.

Рашид афанди: Афандим, қурбонингиз бўлай, буюк бобокалонингиз  Темур ҳам дунёни фатҳ этган эмасмиди?

Бу жавоб амирга жуда ёққанини, кейин саёҳат ҳақида бошқа майда-чуйда саволлар бергани, суҳбатнинг бу қисми арабча ва форсча кечгани ва сайёҳ ўзининг диний, дунёвий, илмий билимлари билан амирни лол қолдиргани учун  унга  ҳукмдор тарафидан икки бошдан-оёқ сарпо ва 22-23 франк баҳосида олтин танга билан мукофотлаганини Вамбери очиқча ғурур билан ёзади. Бу ўринда ҳам Рашид афанди ҳақиқий дарвишнинг ишини қилади, у “пул ва дунё моли дарвишни бузади”, деб амирнинг ҳадиясини муҳтожларга эҳсон қилиб юборади ва атрофидагиларнинг эҳтиромига яна бир бор сазовор бўлади. Ҳақиқатан ҳам шундай, ўз саёҳати давомида икки-уч марта “кофирлик”да айбланган, ҳар сафар бахтли тасодиф ва ақли-билими соясида омон қолган сайёҳ бу гал Амирнинг ишончи ва эҳтиромига сазовор бўлган эди. У энди Хива хонлигига қарашли Қўнғирот музофотилик, собиқ Шерғозихон  мадрасаси талабаси Мулла Исҳоқ (Содиқ) билан ўз йўлида давом этиши лозим эди.

Вамбери ўзи севган ва эҳтиром билан қараган Самарқанд шаҳри унга саёҳатида бахт ва омад келтиради, амирнинг илтифотига сазовор бўлган дарвиш энди эмин-эркин ўз сафарини давом эттириши мумкин эди ва шундай бўлди.

Жўлибой ЭЛТАЗАРОВ,

филология фанлари доктори, профессор.