Самарқанд давлат университетида педагоглар тайёрлаш масалаларига бағишланган халқаро конференция ўтказилди
Нуфузли анжуман Самарқанд давлат университети ҳамда Қозон федерал университети ҳамкорлигида ташкил этилди.
Конференцияда АҚШ, Хитой, Япония, Россия, Испания, Ҳиндистон, Туркия, Саудия Арабистони, Жанубий Африка Республикаси, Мўғулистон, Словения ва Қозоғистон давлатларидан 250 нафардан ортиқ олим ва мутахассис иштирок этди.
Конференциянинг муҳим жиҳатларидан бири Самарқанд давлат университетининг Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлардаги етакчи университетлар билан ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши бўлди. Бу эса таълим соҳасидаги долзарб муаммоларни муҳокама қилиш жараёнига нафақат олимлар, балки амалиётчи педагогларни ҳам кенг жалб этиш имконини яратади.
Мазкур конференция Ўзбекистон Республикасида ўқитувчилар таълими соҳасидаги энг нуфузли илмий анжуманлардан бири сифатида эътироф этилмоқда.
Конференция якунлари бўйича Самарқанд давлат университети нашриётида илмий мақолалар ва маърузалар жамланган конференция материаллари тўплами чоп этилади. Шунингдек, энг яхши илмий мақолалар халқаро илмий тўпламда (Pensoft Publishing House, Болгария) нашр этиш учун тавсия қилинади ҳамда кейинчалик Web of Science (WoS) халқаро илмий маълумотлар базасида индексация қилиниши мумкин.










