ТАЙЛОҚ ТУМАНИ ҲОКИМИ САМАРҚАНД ДАВЛАТ УНИВЕРСИТЕТИ ТАЛАБАЛАРИ БИЛАН УЧРАШДИ
Тайлоқ тумани ҳокими Беҳзод Раҳматуллаев Самарқанд давлат университетига ташриф буюриб, талабалар билан “Янги Ўзбекистон тараққиётида ёшларнинг ўрни” мавзусида очиқ мулоқот ўтказди. Учрашувда университет ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов ҳам иштирок этди.
Тадбир давомида мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган эътибор, уларнинг замонавий билим ва касб-ҳунар эгаллаши учун яратилаётган имкониятлар ҳамда малакали ёш мутахассисларга турли соҳаларда эҳтиёж юқори экани алоҳида таъкидланди. Шунингдек, Янги Ўзбекистон тараққиёти ёшларнинг билим савияси, интеллектуал салоҳияти ва ташаббускорлигига бевосита боғлиқ экани қайд этилди.
Раҳбарлар ёшларнинг жамият олдидаги масъулияти, бурч ва вазифалари, ватанпарварлик, фидойилик ҳамда фаол фуқаролик позициясининг аҳамияти ҳақида атрофлича фикр билдирдилар. Учрашув самимий ва эркин мулоқот руҳида ўтди. Талабалар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, уларга батафсил ва асосли жавоблар олдилар.
Мазкур учрашув ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг фикр ва ташаббусларини рағбатлантириш ҳамда талаба-ёшлар билан очиқ мулоқотни мустаҳкамлашга хизмат қилди.

