АДАБИЁТ, МАДАНИЯТ ВА САНЪАТ ВАКИЛЛАРИ БИЛАН ОЧИҚ МУЛОҚОТ
Самарқанд давлат университетининг мажлислар залида Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоевнинг маданият ва санъат намояндалари, соҳага тегишли бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда фаоллар билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтди.
Учрашувда мамлакатимиз раҳбарининг адабиёт, маданият ва санъат соҳаси вакиллари билан ўтказган мулоқоти маънавий ҳаётимиздаги муҳим воқеа ва катта янгилик сифатида баҳоланаётгани таъкидланди.
— Самарқандда азал-азалдан маданият, санъат ва ижод ривож топган. Турли ҳудудларда яшовчи инсонлар ҳамиша бу шаҳарга интилган, — деди вилоят ҳокими. — Бугун вилоятимиздаги адабиёт, маданият ва санъат вакиллари халқаро танловларда юқори натижаларга эришиб, нуфузли анжуманларда муносиб иштирок этиб келмоқда. Бироқ бу даражани янада юксалтириш, соҳа фаолияти сифатини ошириш ҳамда қўшни вилоятлар аҳолисининг ҳам театрларимиз ва ижод масканларимизга қизиқишини кучайтиришимиз лозим.
Учрашув давомида соҳа вакиллари ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди. Жумладан, Ўзбекистон халқ артисти Мардон Мавлонов, Пастдарғом туманидаги 32-болалар мусиқа ва санъат мактаби ҳузуридаги “Пастдарғом ғунчалари” бадиий жамоаси ҳамда туман маданият бўлимига қарашли “Дарғом таронаси” мақомчилар ансамбли раҳбари Уйғун Бўтаев ва бошқалар соҳадаги мавжуд долзарб масалалар, ижод аҳлини ўйлантираётган муаммолар ва уларнинг таклиф-истаклари ҳақида фикр юритишди





















