Самарқанд давлат университетида “100 йиллик васият: Самарқанд Туркология Қурултойи” халқаро анжумани бўлиб ўтди. Мазкур нуфузли тадбирда бир қатор туркий давлатларнинг таниқли мутахассислари, олимлар, тадқиқотчилар ва амалиётчилар иштирок этди.

    Қурултойни Самарқанд давлат университети Марказий Осиё халқлари тиллари ва маданияти институти директори, профессор Жўлибой Элтазаров кириш сўзи билан очиб берди.

    Тадбир аввалида Ўзбекистон ва Туркия республикаларининг давлат мадҳиялари янгради.

    Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродовнинг қурултой иштирокчиларига йўллаган табригини университетнинг ўқув ишлари бўйича биринчи проректори Аҳмаджон Солиев ўқиб эшиттирди.

    Табрикда, жумладан, шундай дейилади:

    “Ушбу қурултойимиз Боку Туркология Қурултойининг 100 йиллигига бағишланган бўлиб, туркий оламнинг илмий ва маданий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга воқеадир. Маълумки, 1926 йилда Боку шаҳрида бўлиб ўтган биринчи Туркология Қурултойи туркий халқларнинг илмий бирлашувида тарихий бурилиш ясаган эди.

    Туркий дунё ёзувини ислоҳ қилиш, таълим муассасаларида ўқитиладиган тарихни яқинлаштириш, умумий туркий тарихий ва маданий меросни асраб-авайлаш, туркий халқлар ўртасида ҳамкорлик, дўстлик ва биродарликни янада ривожлантириш ҳақидаги ғояларнинг бугунги кунда Туркий Давлатлар Ташкилоти доирасида таълим, маданият, илм-фан, ёшлар сиёсати ва бошқа кўплаб соҳаларда институционал ҳамкорликка айланиб бораётгани таҳсинга сазовордир.

    Иккинчи Туркология Қурултойини 1928 йилда Ўзбекистоннинг ўша даврдаги пойтахти Самарқанд шаҳрида ўтказиш ҳақида қарор қабул қилинган эди. Аммо диққатга сазовор жиҳати шундаки, Боку Қурултойидан роппа-роса 100 йил ўтиб, Самарқанд — туркий дунёнинг қадимий илм-фан бешикларидан бири ва университетимиз навбатдаги Туркология Қурултойига мезбонлик қилмоқда.

    Туркология — бу нафақат тил ва адабиёт, балки туркий халқларнинг умумий ўтмиши, маданий мероси, маънавий яқинлиги ва келажакдаги ҳамкорлигининг илмий асосидир. Ушбу қурултойнинг ‘100 йиллик васият’ деб номланиши ҳам бежиз эмас. Бу буюк аждодларимизнинг бизга қолдирган илмий ва маънавий меросига садоқат, шунингдек, уни келажак авлодларга етказиш масъулиятининг рамзидир.”

    Шундан сўнг Туркия Республикаси Президенти Маданият ва санъат сиёсати кенгаши аъзоси, таниқли уд устаси ва мусиқашунос профессор Гулчин Яҳя Качар туркларнинг қадимий миллий Усмонли сарой мусиқаларидан нодир намуналарни ижро этди.

    Анжуманда Туркия Турк тили уюшмаси раҳбари профессор Осман Мерт, Туркия Республикаси Президенти Маданият ва санъат сиёсати кенгаши аъзоси профессор Искандар Пала, Туркиянинг Юнус Эмра институти директори профессор Абдураҳмон Алий, Отатурк маданият, тил ва тарих олий уюшмаси раҳбари профессор Деря Орс ҳамда Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов маъруза қилдилар.

    Қурултой қизиқарли маърузалар ва қизғин баҳс-мунозаралар билан давом этди.

    Тадбир якунида томонлар бир-бирларига эсдалик совғаларини топширдилар.