Самарқанд давлат университетида “Самарқанд нони тарихи ва ўзига хосликлари” мавзусида халқаро анжуман ўтказилди…

Самарқанд давлат университетида халқимизнинг маданиятида муҳим ўрин тутадиган, бетакрор таъми ва шакли билан жаҳонга машҳур бўлган Самарқанд нонининг тарихи ва ўзига хосликларига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди.
Анжуман Самарқанд вилоят ҳокимлиги, Самарқанд давлат университети ва “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбирни Самарқанд давлат университети илмий-тадқиқотлар ва инновацион ривожлантириш бошқармаси бошлиғи, профессор Ҳаким Хушвақтов кириш сўзи билан очди.
Анжуманда Самарқанд вилояти ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Рустам Қобилов сўзга чиқиб, Самарқанд нонининг туризм салоҳияти, миллий бренд сифатида дунё бозорида тутган ўрни ҳақида фикр билдирди. У нонни нафақат озиқ-овқат маҳсулоти, балки тарих, санъат ва урф-одатлар билан чамбарчас боғлиқ ижтимоий феномен сифатида талқин қилиш зарурлигини қайд этди.
Конференцияда доцентлар Беҳзод Тўрақулов, Шербек Равшанов, Азизбек Унгалов, Одил Бойназаров ҳамда Амира Ибодовалар ўз илмий маърузалари билан иштирок этди.
Уларнинг чиқишларида Самарқанд нонининг қадимий илдизлари, тарихий манбалардаги акс-садоси, нон ёпиш жараёнидаги урф-одатлар ва бугунги кундаги янгиланишлар таҳлил қилинди.
Сўзга чиққанлар Самарқанд нони ва нон билан боғлиқ анъаналар, маҳаллий анъана ва урф-одатлардаги ноннинг ўрни, Самарқанд нонларининг ўзига хослиги ва унинг фалсафаси масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.