Телеграм тармоғидаги “Кушербаевга мурожаат”, “ Мухбир Далиев”, “Олий таълим янгиликлари ва ютуқлари”, “Таълимга оид перевод” каби каналларда Самарқанд давлат университетига бошқа олий таълим муассасаларидан ўқишини кўчирган талабаларнинг мурожаатлари эълон қилинди…

     Самарқанд давлат университети маъмурияти ушбу мурожаатлар бўйича қуйидагиларни маълум қилади:

    Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида” 20.06.2017 йилдаги 393-cон қарори 3-боб 25-бандида “Ўқув режалардаги фанлар бўйича фарқлар аниқланганда талаба академик қарздор сифатида ўқишга қабул қилиниши”  белгиланган.

    Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 31.12.2020 йилдаги 824-сон қарори 8-боб 41-бандни иккинчи хат бошида “Академик қарздор талабалар таътил вақтида ёки кейинги семестрлар мобайнида тегишли фанлардан ўзлаштирилмаган кредитлар миқдорига мос равишда базавий тўлов-контракт миқдоридан келиб чиққан ҳолда тўловни амалга оширгандан сўнг ўзлаштирилмаган фанларни ўз ҳисобидан қайта ўқиш ҳуқуқига эга бўлади”

    Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг  тегишли қарор ва низомлари асосида кредит-модул таълим тизимида ўқув жараёни ташкил қилинган. Фарқли фанлардан академик қарздор талабалар ушбу фанга ажратилган кредитлар учун тўловларни  қўшимча дарс машғулотлари учун тўлаган. Академик қарздорлиги мавжуд бўлган фанлардан имтиҳон топшириш учун тўловлар талаб қилинмайди.

 

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.