Самарқанд давлат университетида хорижий ва нодавлат олий таълим муассасаларидан ўқишни кўчираётган талабгорлар учун ижодий имтиҳонлар бўлиб ўтди...

Ижодий имтиҳон кураш турлари бўйича ўтказилиб, талабгорлар белгиланган баҳолаш мезони асосида ўзини-ўзи йиқилишдан ҳимоя қилиш, оёқ, қўл ҳамда гавда ёрдамида бажариладиган услублар, енгидан ва ёқасидан ушлаб елкадан ошириш, комбинация ёрдамида бажарадиган услублар, 30 метрга югуриш ва турникка тортилиш машқларини бажариб кўрсатдилар.
Имтиҳон Чирчиқ давлат педагогика университети, Бухоро давлат университети ва Термиз давлат университетининг профессор-ўқитувчилари томонидан адолатли ва шаффоф тарзда ўтказилиб, ёу тубе канали орқали жонли эфирга узатилди. Шунингдек, жараёнлар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг мутасаддилари томонидан назорат қилиб борилди.
- Ўш давлат университетининг жисмоний маданият факультетидан Самарқанд давлат университети спорт фаолияти ва санъат факультетига ўқишимни кўчириш мақсадида ҳужжатларимни топширганман, - дейди талабгор Раҳмон Худойбердиев. – Кураш турлари йўналиши бўйича ижодий имтиҳонларни топшириб чиқдим. Спорт билан шуғулланиб келаётганлигим сабаб, имтиҳон менга ҳеч қандай қийинчилик туғдирмади. Имтиҳонлар адолатли ва шаффоф тарзда ўтмоқда. Эндиликда назарий билимларимни синовдан ўтказиб, Самарқанд давлат университетининг талабаси бўлишимга ишонаман. Барчага омад!
- Мухтор Авезов номидаги Жанубий-Қозоғистон давлат университетидан ўқишимни кўчирмоқчиман, - дейди талабгор Ойбек Холмўминов. – Бугунги имтиҳон жараёнлари кутганимдан ҳам аъло даражада ўтмоқда. Бошқа олий таълим муассасининг профессор-ўқитувчилари томонидан имтиҳоннинг олиниши жараёнларнинг шаффоф тарзда ўтаётганлигидан далолат беради. Қолаверса, бажарган машғулотларимизнинг натижаларини шу пайтда эълон қилиниши, бизни ортиқча шубҳа ва гумондан халос этади. Барча ташкилотчиларга миннатдорлигимни билдираман…
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.