Эрталабки бадантарбия - соғлик гарови

Барчанинг ҳам юқори малакали спортчи бўлиши, мусобақаларда қатнашиб, мукофотлар олиши шарт эмас. Лекин, инсон мунтазам равишда ўз имкониятидан келиб чиқиб, спорт билан шуғулланиши, жисмоний чиниқиши кони фойда. Ёки ҳар куни бажариш имкони бўлган 15-20 дақиқалик эрталабки бадантарбия машғулотлари, 40-60 дақиқа давомида очиқ ҳавода пиёда юриш, тунги уйқу олдидан 20-30 дақиқалик сайр қилиш ҳам, албатта, бундай истаклар рўёбига киради.
Замонавий тиббиёт инсоннинг жисмоний меҳнатга бўлган кам ҳаракати туфайли унинг саломатлик даражасининг пасайиши, ички аъзолар фаолиятининг бузилиши, ишлаш қобилиятининг паст кўрсаткичи ва талаб даражасида бўлмаган жисмоний ривожланиш каби ҳолатларнинг мавжудлигини кўрсатмоқда. Зеро, қадимги файласуфларнинг, кишини ҳушсизлантирувчи ва соғлигига шикаст етказувчи нарса узоқ вақт жисмоний ҳаракат қилмасликдир, деган фикрлари боиси ҳам шунда.
Буюк ҳаким Абу Али ибн Синонинг: «Бадантарбия - соғлиқни сақлашда улуғвор усулдир», деган ўгити ҳар бир инсоннинг ҳаётий шиорига айланса, киши ҳеч қачон касалликка чалинмайди.
Эрталабки бадантарбия машғулотлари билан барча ёшдаги кишилар шуғулланиши мумкин. Машғулотлар узлюксиз, доимий равишда бажарилгандагина ижобий натижа беради. Узоқ муддатли танаффус эса олдинги машғулотлар таъсирининг пасайишига олиб келиши мумкин. Демак, ўз организмини чиниқтириш, меҳнат унумдорлигини ошириш, соғлиқни мустаҳкамлаш асосида узоқ умр кўришни истаган ҳар бир киши доимо жисмоний тарбия билан шуғулланиши, шунингдек, кундалик фаолиятини муайян тартиб асосида олиб бориши зарур.
Аслини олганда, ҳаракат учун энергия зарур, энергия эса озиқ-овқат маҳсулотлари ёғ ва углеводларни қайта ишлаш йўли билан олинади. Ҳаракат нафас, қон томирлари, овқат ҳазм қилиш, қон ишлаб чиқариш тизимларини такомиллаштиришга ёрдам беради.