Ҳозирги замон психологиясининг эришган натижалари шуни кўрсатдики, боланинг тафаккурини кўргазмали-ҳаракатли, кўргазмали-образли ва сўз-мантиқий йўли билан шакллантириш керак. Бунда сўз орқали  болаларни аввало кўра оладиган, сеза оладиган буюмлар билан таништириб, кейинчилик тасаввур шаклларига ўтиш мумкин. Метод ва усул танлашда ҳам юқоридагиларга риоя қилиш зарур. Шунинг учун ҳам илк ва боғча ёшдаги сенсор тарбия ақлий тарбиянинг муҳим омили ҳисобланади.

    Болада нутқ пайдо бўлишидан анча олдин, биринчи бор гапира бошлаганда у теварак-атрофдаги одамлар ва буюмлар дунёсини катта ёшдаги кишилар ёрдамида билиб олади: Она боласига ўйинчоқни узатганда,  бола қўлини чўзиб уни олади. Унинг кўриб, идрок қилиши эшитиш билан қўшилади. Айнан ўйинчоқ номи айтилганда, ҳиссий идрок билан сўз ўртасида ўзаро таъсир содир бўлади. Масалан она “мушукчани бер”, “мушукчани олиб кел” деб бир неча марта такрорласа, бола муайян ўйинчоқнинг номини яхши эслаб қолади. Пировардида «мушукча» деган сўз бола хаёлида маълум бир буюмни ҳосил қилади.

    Машҳур рус физиологи Иван Сеченов бундай деб ёзган эди: “Бола гапиришнинг ўрганиб олгандан кейин унда теварак-атрофдаги нарсаларга қизиқиш ва уларни билишга интилиш ошиб боради, бу ҳол боланинг онасига: нега стол юрмайдию, қуёш эса оёқсиз юради, кечқурун у қаерга яширинади, нима учун шамол ғувуллайди?”- каби саволлар беришга сабаб бўлади”.

    Мактабгача тарбия ёшидаги болаларда нутқни ривожлантириш алоҳида роль ўйнайди. Инсон ўз фикрларини ифодалаш ва бошқаларнинг фикрларини тушуниш учун она тилидан фойдаланади. Нутқни эгаллаш болага ҳикоя, бадиий асар, сўзловчининг тушунтиришлари орқали  билимлар ҳосил қилишга имкон беради. Болалар боғчасида луғат бойлигини ошириш, сўзнинг грамматик тузилишини шакллантириш, боғланишли нутқни ривожлантириш вазифалари ҳал этилади.

    Мактабгача тарбия ёшидаги болаларда онгли равишда эслаб қолиш қобиляти яхши шаклланади, хотира ҳажми кенгаяди. Хаёл, тафаккур қилиш ижодий фаолият учун зарурдир, шунинг учун уни боғча ёшидан бошлаб ривожлантириб бориш катта аҳамиятга эга.

    Боғча ёшининг дастлабки босқичларида болаларда тасаввур хаёли бўлади. Ҳаётий тажрибанинг ортиб бориши ва тафаккурнинг ривожланиши билан ижодий хаёл кенгаяди. Кичик ёшидаги бола учун кўргазмали-ҳаракатли, кўргазмали-образли тафаккур хосдир. Бунинг асосида сўз, мантиқий ва тушунчали тафаккур ривожлантирилади. Бу эса ҳодисаларни, воқеаларни чуқур англаб олиш, улардаги муҳим ва номуҳим бўлмаган томонларни ажратишга ўргатади.

    Қизиқувчанлик болага хос хусусиятдир. У болани теварак –атрофдаги воқеа ва ҳодисаларга, нарса ва буюмларга қизиқиш билан қарашида, ҳамма нарсани ушлаб, пайпаслаб, юргизиб, ҳаракатга келтириб кўришида, қизиқтирган нарсасини диққат билан томоша қилиши ва кузатишида намоён бўлади. Боланинг саволларидан ундаги қизиқувчанлик қай даражада эканлигини аниқлаб олса бўлади.

    Ақлий тарбиянинг вазифаси болалар қизиқувчанлигини, улар ақлининг синчковлигини ривожлантириш ва шулар асосида билишга қизиқиш ҳосил қилишдан иборат.

    Мактабгача таълим ташкилотлари олдида болаларнинг ақлий қобилиятларини ривожлантириш вазифаси турибди. Психологияда маълум бир фаолиятни муваффақиятли эгаллаб олиш учун шарт-шароитлар яратадиган шахсий хусусиятлари қобилият жараёнида намоён бўлади ва ривожланади. Инсоннинг ақлий қобилияти ақлнинг зийраклик, фаҳм-фаросатлилик, танқидий кўз билан қараш, синчковлик, сермулоҳазалилик каби сифатлари билан ажралиб туриши мумкин.

    Шундай қилиб, тарбиячи болаларда ақлий сифатларни ривожлантирувчи фаолиятларни ташкил этиб бориши керак. Болаларда зийракликни ўстириш учун тез жавоб қайтаришни талаб этадиган ўйинларни ташкил этиш лозим. Масалан: “кейинги сонни айт”, “аксини айт”, “учали учмайди” ва бошқалар); танқидий қараш қобилиятини ривожлантириш учун болаларни тенгдошларининг ишини, жавобини таҳлил қилишга жалб этиш; синчковликни ривожлантириш учун энг оддий тадқиқотчилик ишларини ташкил қилш, жумбоқли масалалар ечиш мақсадга мувофиқ бўлади.

    Илк ва боғча ёши даврида болаларда теварак- атрофга бўлган қизиқиш жуда тез ўсади. Қизиқиш-боланинг ақлий ривожланишини ҳаракатга келтирувчи қудратли кучдир. Катталар болаларнинг қизиқивчанлигини, билишга бўлган ҳар қандай хоҳишини сезишлари ва рағбатлантириб борилиши керак.

 

Азиза Каримова

Самарқанд давлат университети

Мактабгача таълим кафедраси ўқитувчиси