Самарқанд давлат университетига Хитой Халқ Республикасининг Шаанхи Нормал университети халқаро алоқалар бўйича проректори Жен Сяовей (Рен Сяовей) бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Меҳмонларни СамДУнинг халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Акмал Аҳадов ҳамда Халқаро таълим дастурлари маркази директори Сардор Умаров кутиб олдилар.

    Дастлаб меҳмонлар билан икки томонлама ҳамкорликнинг асосий йўналишлари — қўшма таълим дастурлари, хитой тили ва маданияти марказини ташкил этиш, мамлакатшунослик ҳамда минтақашунослик соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

    Асосий музокаралардан сўнг меҳмонлар ва университет жамоаси СамДУ ҳамда Шаанхи Нормал университети ҳамкорлигида ташкил этилган тарих йўналишидаги қўшма таълим дастурлари битирувчилари билан учрашув ўтказдилар. Учрашув давомида таълимнинг кейинги босқичларида таҳсил олиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.

    Шундан сўнг делегация университетда Шаанхи Нормал университети билан ҳамкорликда ташкил этилган Хитой тили ва маданияти қўшма марказига ташриф буюрди. Меҳмонлар марказ фаолияти билан яқиндан танишиб, уни янада ривожлантириш ва ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари бўйича келгусидаги режаларни муҳокама қилдилар.