Қутби замон
Илму-ирфон зиёсидан инган комиллик умуминсоний ахлоқ таълимоти бўлмиш тасаввуф нуқтаи назаридан бир қанча талқинларда шарҳланади. Алишер Навоий “Садди Искандарий” достонида эътироф этганидек, инсон Аллоҳнинг ердаги халифаси бўлиб унинг сурати ҳам, сийрати ҳам комилликка қурбли ва пайвастадир. Комиллик мартабасига мушарраф инсонлар эса ҳар қандай даврда ҳам замона қутби, устуни, қуввати бўлиб улуғланганлар. Тамаддун бешиги бўлиб келган кўҳна Самарқанд фарзанди устоз Ботирхон Валихўжаев Набирахўжа ўғли (1932 ‒ 2005) қалбида ҳам, назарида ҳам, тилию-амалида ҳам ҳилм, тавозеъ, поклик каби мутафаккир зотлар фазилатларига эга бўлган комил инсон – Қутби замон эдилар. Устоз суҳбатига ким аржуманд бўлса, инсон ҳоҳ шоҳ, ҳоҳ гадо, ҳоҳ обид, ҳоҳ толиб бўлсин барча ҳикматлар тимсолини, мақсад-маслагини устозда топарди. Чунки устоз ниҳоятда маърифатли оилада тарбияланиб, умрлари давомида зоти бобаракотлар илмидан баҳра топган зот эдилар.
Бугунги кунда тараққиёт стратегияси сари одимлаб бораётган Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети ўзининг 600 йиллик тарихини академик Ботирхон Валихўжаев илгари сурган Мадрасаи олия тарихидан лавҳалар асосида бутун жаҳонга юзланиб маърифат бўстонини кашф этган бўлса, биз ҳам бу бўстон дарғалари тарихи ҳар зарварағини устозимиз Ботирхон Валихўжаев индирган нур зиёсида тафаккур қилганмиз. Устоз адабиёт аслида бори билан инсон руҳини, жисмини, ақлу ҳушини ташаккули учун хизмат қиладиган бир маънавий-маърифий куч эканини, толиби илмларни қўлидан тутиб барча манзараларию-йўлларини кўрсатар эдилар.
Ўзбек адабиётшунослиги ва тарихшунослиги тараққиётига улкан ҳиссасини қўшган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, филология фанлари доктори, академик Ботирхон Валихўжаев илмий ишлари адабиёт тарихи, адабиётшунослик, навоийшунослик, адабий алоқалар, тасаввуф ва унинг намояндалари, Самарқанд адабий ва илмий муҳити тарихига бағишланган. Устознинг асарлари Россия, Афғонистон, Туркия ва Эронда нашр этилган.
Ўзбек адабиётшунослиги тарихининг долзарб муаммолари мустақиллигимиз шарофати билан холисона ўрганила бошланди. Бу залворли вазифа улуғ мударрислар зиммасига тушди. Биз бу масъулият ифодасини устоз яратган ўчмас илмий манбаларда ва ёшларга нуктадонлик билан соатлаб сўзлаган маърузалар орқали кашф қилдик. Устозимиз яратган асарлар, айтган сўзлар барча илм аҳлига масъулият ва вазифалар мундарижаси десак, муболаға бўлмайди. Биз бу илмлар қат-қатида ўқиб, ҳали англайдиганларимиз талай...
Устозимиз тадқиқотларида ўзбек дабиётининг мумтоз сиймолари бор ҳақиқати ва бор маърифати билан қад кўтарди. Алишер Навоий сиймоси, унинг илҳом манбаи, Самарқанддаги ҳаёти ва ижоди устоз қаламида йиллар давомида синчиклаб ўрганилган қўлёзма ва тошбосмаларда яширилган сирлар кашфи билан қалбларни забт этди.
Илм-фаннинг ҳақиқий аброрларидан бири сифатида академик Ботирхон Валихўжаев изланишларида Самарқанд тарихидан парда кўтарилиб “Буюк маънавий муршид” қуёши порлади. Яна бир бора Хожа Аҳрори Валий ҳаёти ва фаолияти, тарихи, маноқиби ўзбек халқининг маънавий-маърифий, илмий мулкига айланди.
Устозимиз академик Ботирхон Валихўжаев истиқлолимизнинг илк даврларини илм-фан, адабиёт, тарих, маданият истиқболи сифатида тимсоллаштирган олим эдилар. У киши тирик бўлганларида бугун 90 ёшни қарши олардилар.
Биз 2001 йилда дорулфунунимизга илк қадам қўйишимиз билан Университет хиёбони пештоқларидан бирида академик Ботирхон Валихўжаев сиймоси гавдаланганини кўриб шундай устоз маърузаларида иштирок этганимиздан ғурурланардик. Бизни оилада устозга бўлган ҳурмат ва муҳаббатни чеки йўқ. Филология факультетига қадам қўйган кунимиздан падари бузрукворим, профессор Муслиҳиддин Муҳиддинов улуғ устозимиз Ботирхон Валихўжаевга шогирд тутинишимни, олима бўлишимдан умидворликларини тайинлагандилар. Ўқишнинг илк кунларида устознинг маърузаларида қатнашганимда устоз “Ёзинглар” деб буюрмас, аммо ҳар бир талаба қатори у киши гапирганда кўзимни, диққатимни узолмасдим. Маълумотлар бисёр, аммо устоздан диққатимни узолмай турган бир пайтимда ҳаёлимдан маърузани дафтарга ёзиш ё ёзмаслик мушоҳадаси кечарди. Аммо ёзиб бориш жараёнида айтилаётган қимматли гаплардан ниманидир англаб ололмай қолишдан қизғаниб кўзимни устоздан олмасдим. Хуллас, маърузани тинглашиму ва ғўргина тафаккуримда ёзиб олиш, ё диққат билан тинглаш мушоҳадасида дарс тугади. Дарс тугагач устозни олдиларига раҳмат айтиш илинжидами бордим, устоз китобларини йиғиштираётиб мени таниганларини ва бу ерда ўқиётганимдан хурсандликларини айтиб менга, “Мана бу ручка сизга” дея ручка совға қилдилар. Шунда мен устоз фитратларидаги бу улуғвор мақомотни ҳали англаб шарҳлолмаган бўлсам-да, аммо “Домламиз боболаримизга ўхшаб одамни кўнглидан ўтганни сезарканларми?” деган саволни ўзимга бериб ҳайратда қолгандим.
2002 йилда 1-апрел куни академик Ботирхон Валихўжаевга устозимиз Дилором Салоҳий шогирд сифатида бағишлаб ёзган шеърларини жамоадошлар табриклаши жараёнида ёдлаб айтиб беришимни тайинлагандилар. Ўша кун ҳам ёдимда, мен шеърни масъулият билан айтардим, шеърда битилган таърифу-тавсифларни устоз ниҳоятда кучли ҳаё ва андиша билан тинглардилар.
2005 йилда устоз “Алишер Навоийнинг “Вақфия” асари моҳияти ва бадиияти” номли битирув малакавий ишимга мавзуни топшириқ қилиб бердилар. Устознинг раҳнамоликлари билан ишимни ёзиб тугалладим. Битирув иши лотин алифбосида ёзилди, аммо мен устозни ёшлари катталигини инобатга олиб ишни кирилл алифбосида дафтарга кўчириб тақдим этганимда, ниҳоятда ишимга ҳурмат билан муносабатда бўлиб, талаба кўнглимни эъзозлаб, иш кирилда ёзиладими деб дафтар охирида савол қўйибдилар. Нодон ҳаракатим ва хулосамни билдирмай иш лотинда ёзилишини айтдим, аммо устоз мени таърифлаб ишга масъулият билан ёндашиб ўша давр имкониятларидан фойдаланиб хорижий навоийшунос олима Мария Эва Сабтелни мақолаларидан иқтибос олганимни эътироф этдилар. Суҳбат чоғида устозимиз ёш адабиётшунос сифатида француз тилида чиқиш қилиб адабиётшуносликда хорижий тажрибалардан фойдаланиш, илмий меросимизни жаҳонга татбиқ этиш тажрибалари хусусида мулоҳазаларини билдирдилар. Мен шунда устозимиз қарашларида бутун жаҳон илмида асли ирфон нурини излаш донишмандлигини яна қайта кашф этдим, аммо нодонлик билан ишимни кириллга кўчириб тақдим этганимдан уялдим... Битирув ишимга устознинг қўллари билан ёзилган “Илмий раҳбар мулоҳазаси”ни табаррук дастхат сифатида сақлаб қўйганман.
Мана бугун ҳам шу даргоҳ ва шу дарғалар ғавсида илм уммонидан сув ичиб келаяпмиз. Устоз академик Ботирхон Валихўжаев жамиятнинг барча жабҳасида ўз илми ва саботи билан хизмат қилган, дунё ғамини эмас, фақирлик фахрини либос тутиб илму ҳақиқат ғамида бўлган мўтабар зотлардан бири эди. Бундай зотлар инсоният ва юрт саодати бўлиб дунёга келади. Улар барча инсоний вазифаларини бажарса-да, комиллик мартабасида илму маърифатга нисор бўлган умри, таратган зиёси, ўлмас кашфиётлари, ҳақиқат йўлини кўрсата олиши билан замон қутби ва устуни бўладилар.
Назмия Муҳитдинова,
Шароф Рашидов номидаги
Самарқанд давлат университети
доценти, филология фанлари доктори.

